Оила — жамиятнинг мустаҳкам таянчи, инсон қалби ва тарбиясининг илк масканидир. Меҳр-оқибат, садоқат ва ўзаро ҳурмат каби эзгу қадриятлар айнан оилада шаклланади.
Юртимизда оилалар фаровонлигини таъминлаш, уларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини мустаҳкамлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Намунали ва мустаҳкам оилавий қадриятларни тарғиб этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2023-йил 2-сентябрдаги 437-сон қарори асосида “Ибратли оила” нишони таъсис этилган.15-май — Халқаро оила куни муносабати билан “Ўзкимёсаноат” АЖ бўлим бошлиғи Абдуҳомид Саломов оиласи “Ибратли оила” нишони билан тақдирланди.
Мазкур юксак эътироф оилада ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат муҳитини шакллантириш, миллий ва маънавий қадриятларни асраб-авайлаш, фарзандлар тарбиясига масъулият билан ёндашиш ҳамда жамиятда ибрат бўлаётган оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида берилади.

“Ўзкимёсаноат” АЖ жамоаси Саломовлар оиласини ушбу муносиб эътироф билан самимий табриклайди ҳамда оилавий бахт ва фаровонлик тилайди.