"Ўзкимёсаноат" АЖ

Ўзбекистон ва Франция ўртасида кимё саноати маҳсулотлари экспортини кенгайтиришга қаратилган келишув имзоланди

// 18 Sentabr 2026 йил
https://special.uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/uzbekiston-va-franciya-urtasida-kimyo-sanoati-mahsulotlari-e

Жорий йилнинг 17-сентабр куни Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Франциядаги элчихонаси кўмагида «Ўзкимёимпэкс» ва Европанинг «Eudaira» компаниялари ўртасида юртимизда ишлаб чиқарилган минерал ўғитлар ҳамда кимё саноати маҳсулотларини Франция бозорига экспорт қилиш бўйича келишув имзоланди.

Мазкур келишув Ўзбекистон кимё саноати маҳсулотларининг Европа бозоридаги иштирокини кенгайтириш, экспорт йўналишларини диверсификация қилиш ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг халқаро бозорлардаги мавқеини мустаҳкамлашга қаратилган.

Келишувнинг муҳим жиҳатларидан бири — Ўзбекистон минерал ўғитлари экспорт географиясини Ғарбий Европа мамлакатлари ҳисобига кенгайтириш.

Келишув доирасида 2026 йил якунига қадар 10 минг тонна минерал ўғит экспортини амалга ошириш режалаштирилган. Келгусида эса Франция бозорига етказиб бериш ҳажмини босқичма-босқич ошириб, экспорт кўрсаткичини 100 млн долларга етказиш бўйича манзилли ишлар олиб борилади.

Мазкур келишув Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган минерал ўғитлар экспорти географиясини Ғарбий Европа мамлакатлари ҳисобига диверсификация қилиш, Франция бозорида барқарор савдо каналларини шакллантириш ҳамда маҳаллий кимё саноати маҳсулотларининг экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилади.



Франция Европанинг йирик иқтисодиётларидан бири бўлиб, ушбу бозорга Ўзбекистон кимё саноати маҳсулотларининг кириб бориши маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун янги тижорий имкониятлар эшигини очади.