"Ўзкимёсаноат" АЖ

“SPACE 2026” халқаро кўргазмасида Ўзбекистон корхоналари иштирок этди

// 18 Sentabr 2026 йил
https://special.uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/space-2026-halqaro-kurgazmasida-uzbekiston-korhonalari-ishti

Жорий йилнинг 15–17-сентябр кунлари Франциянинг Ренн шаҳрида қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик соҳасига бағишланган нуфузли халқаро “SPACE 2026” кўргазмаси бўлиб ўтди. Мазкур халқаро тадбирда Ўзбекистоннинг минерал ўғит ишлаб чиқарувчи йирик корхоналари ҳам фаол иштирок этиб, мамлакатимиз кимё саноатининг экспорт салоҳияти ва маҳаллий маҳсулотларини Европа бозорида намойиш этди.



Кўргазмада “Ўзкимёсаноат” АЖ томонидан ташкил этилган “Made in Uzbekistan” ягона миллий стенди остида “Фарғонаазот”, “Навоийазот”, “Деҳқонобод калий заводи”, “Аммофос-МАКСАМ” ҳамда “МАКСАМ-Чирчиқ” корхоналари томонидан ишлаб чиқарилаётган минерал ўғитлар ва бошқа маҳсулотлар намойиш этилди.

Миллий стенд кўргазма иштирокчиларига Ўзбекистоннинг минерал ўғит ишлаб чиқариш бўйича мавжуд ишлаб чиқариш салоҳияти, маҳсулот турлари ҳамда экспорт имкониятлари ҳақида батафсил маълумот олиш имконини берди.

 

Тадбир доирасида хорижий компаниялар билан янги савдо-иқтисодий алоқаларни йўлга қўйишга қаратилган қатор учрашув ва музокаралар ҳам ташкил этилди.

Хусусан, “Millenis UK Limited”, “TIMAC AGRO” ва “MISMA” компаниялари, шунингдек, Франция бозорида минерал ўғитларни харид қилиш, импорт қилиш ва дистрибюция қилишга ихтисослашган “АХSО”, “Interore/Uniwen” ҳамда “Qualifert” каби компаниялар вакиллари билан маҳсулотларни Европа бозорига етказиб бериш истиқболлари муҳокама қилинди.

Музокаралар давомида Ўзбекистон корхоналарининг ишлаб чиқариш имкониятлари, маҳсулотларнинг экспорт салоҳияти, етказиб бериш йўналишлари ҳамда келгусидаги ҳамкорликнинг амалий жиҳатлари юзасидан фикр алмашилди.

Бу каби йирик халқаро майдонлар маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга хорижий харидорлар ва дистрибюторлар билан бевосита алоқа ўрнатиш, янги бозорларни ўрганиш, маҳсулотларини халқаро аудиторияга тақдим этиш ҳамда экспорт йўналишларини диверсификация қилиш имконини беради.

Айниқса, Европа бозорига чиқиш Ўзбекистон минерал ўғит ишлаб чиқарувчилари учун янги савдо имкониятларини яратиш билан бирга, маҳсулотларнинг халқаро бозордаги тан олиниши ва экспорт географиясининг кенгайишига хизмат қилади.