"Ўзкимёсаноат" АЖ

“Ўзкимёсаноат” АЖ делегацияси “Siemens Energy AG” компанияси билан музокаралар ўтказди

// 22 iyul 2021 йил
https://special.uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/siemens-energy-ag

“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти делегацияси Германиянинг “Siemens Energy AG” компанияси Ижрочи директори (CEO) Кристиан Брух билан ушрашув ўтказди.

Музокаралар давомида Германия томони барқарор энергия таъминотининг самарали ва ишончли тизими учун инновацион маҳсулотлар ва ечимларни тақдим этишда тўпланган кўп йиллик тажриба ҳақида маълумот берди ва дунёда амалга оширилган лойиҳалар билан таништирди.

Учрашув доирасида Берлин шаҳридаги “Siemens” компаниясининг энг янги технологиялар ёрдамида қурилган газ турбиналар ишлаб чиқариш заводига ҳамда “Siemens Energy AG” компанияси “Vattenfall Europe Wärme AG” энергетика компаниясининг бош пудратчиси сифатида қурилган когенерацион “Marzahn” иссиқлик электр станциясига ташриф буюрилди. 2020 йил фойдаланишга топширилган “Marzahn” иссиқлик электр станцияси 270 МВт электр энергияси ва 230 МВт иссиқлик энергияси қувватига эга.

Иссиқлик электр станцияси қурилишида немис компаниясининг энг янги технологиялари ва 90 фоиздан юқори максимал ёқилғи самарадорлигига эришишга хизмат қиладиган газ ва буғ турбиналаридан фойдаланилган.

Бундан ташқари иссиқлик электр станцияси технологик жараёнларни автоматлаштириш, станциянинг ҳолатини масофадан мониторинг қилиш ва диагностика қилиш учун тўлиқ ечимларни таъминлоачи илғор умумий автоматлаштирилган бошқарув тизими билан жиҳозланган.

Шунингдек, томонлар Ўзбекистон Республикаси кимё саноатининг энергия самарадорлигини таъминлашга ва атмосферага карбонат ангидрид ташланмаларини камайтиришга қаратилган инвестиция лойиҳалар ҳамда водород технологияларидан фойдаланган ҳолда алтернатив энергия манбалари ишлаб чиқариш масалаларини ҳамда Навоийда давлат-хусусий шериклик асосида кимёвий кластер учун электр энергия таъминоти сифатида электр энергияси ишлаб чиқариш генерациясини қуриш лойиҳасини муҳокама қилдилар.

Музокаралар якунида томонлар “Ўзкимёсаноат” АЖ корхоналарида энергия тежамкор инфратузилмани ташкил этиш ва қайта тикланадиган энергия манбаларини қўллаган ҳолда кам углеродли ва янада барқарор энергия тизимига ўтишга қаратилган комплекс ёндашувни таъминлаш мақсадида ҳамкорлик ишларини давом эттириш ва ривожлантиришда немис компанияси тажрибасини қўллаш имкониятларини кўриб чиқишга келишилди.

Бундан ташқари илгари имзоланган Англашув меморандуми доирасида томонлар жорий йилнинг 1 октабрига қадар техник-иқтисодий ҳисоб-китобларни тайёрлаш шарти билан, эришилган келишувларни амалга ошириш учун батафсил Йўл харитасини тайёрлади.

 

“Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати