"Ўзкимёсаноат" АЖ

«Минерал ўғит — мўл ҳосил гарови» мавзусида амалий семинар ўтказилди

// 21 fevral 2025 йил
https://special.uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/mineral-ugit-mul-hosil-garovi-mavzusida-amaliy-seminar-utkaz

«Ўзкимёсаноат» АЖ, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши билан биргаликда ҳар ойда камида бир марта ҳудудларда «Ўзкимёсаноат» АЖ тизимидаги корхоналар томонидан ишлаб чиқариладиган минерал ўғитларнинг сифати ва хусусиятлари юзасидан деҳқон, фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари иштирокида таҳлиллар ўтказиш, уларнинг фикрларини ўрганиш ҳамда мақбул таклифларни амалиётга татбиқ этиш тизимини йўлга қўйишишлари амалга оширилмоқда.

«Ўзкимёсаноат» АЖ томонидан фермерлар ва деҳқон хўжаликлари вакиллари иштирокида Қашқадарё вилоятида «Минерал ўғит — мўл ҳосил гарови» мавзусида амалий семинар ўтказилди.

Тадбирга вилоят ва туман ҳокимларининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарлари, қишлоқ хўжалиги бошқармалари раҳбарлари, фермер хўжаликлари раҳбарлари ҳамда «Ўзкимёсаноат» АЖ тармоқ корхоналари вакиллари таклиф этилди.

Семинар иштирокчиларига «Ўзкимёсаноат» АЖ тизим корхоналари томонидан ишлаб чиқарилган минерал ўғитларнинг сифати ва хусусиятлари, минерал ўғитларни биржада чегирма нархларда сотиш механизми, ҳудудларда фаолият олиб бораётган корхоналарнинг ижара (ваколатли) омборлари хусусида батафсил маълумотлар бериб ўтилди.

Шунингдек,  биржада алоҳида «форвард» контрактларда олдиндан 30 фоиз тўлов, қолган 70 фоиз қисмига факторинг хизматидан фойдаланган ҳолда харид қилиш механизмлари юзасидан тақдимотлар ўтказилди.

Амалий мулоқот тарзида ўтган тадбирда мутасаддилар фермерларни қизиқтирган саволларига атрофлича жавоб бердилар.

«Sharqros universal servis» MCHJ ваколатли омборида эса  семинарнинг асосий қисми ҳисобланган минерал ўғитлар кўргазмаси ҳам ташкил этилди.

«Ўзкимёсаноат» АЖ Матбуот хизмати