"Ўзкимёсаноат" АЖ

Минерaл ўғит – мўл ҳосил гaрови

// 23 fevral 2025 йил
https://special.uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/mineral-ogit-mol-hosil-garovi

Қишлоқ хўжалигини минерал ўғитлар билан таъминлаш ҳосилдорликни оширишнинг муҳим воситаси бўлиб, иқтисодий жиҳатдан энг самарали йўл экани барчага маълум. Олимларнинг тадқиқотларига кўра, экинлардан олинадиган ҳосилнинг қарийб ярми минерал ўғитлар ҳисобига олинади.

“Ўзкимёсаноат” АЖ томонидан Қашқадарё вилоятида “Минерaл ўғит-мўл ҳосил гaрови” мавзусида ўтказилган амалий семинарда ҳам ана шу жиҳатларга эътибор қаратилди.

Тадбирга  вилоят ва туман ҳокимларининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарлари, қишлоқ хўжалиги бошқармалари раҳбарлари, фермер хўжаликлари раҳбарлари ҳамда “Ўзкимёсаноат” AЖ тармоқ корхоналари вакиллари иштирок этди.

Таъкидлаш лозимки, давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 17 январдаги “Пахта хомашёсини етиштириш ва сотишда бозор механизмларини қўллашни изчил давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонининг 14-бандида “Ўзкимёсаноат” АЖ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши билан биргаликда ҳар ойда камида бир марта ҳудудларда “Ўзкимёсаноат” АЖ тизимидаги корхоналар томонидан ишлаб чиқариладиган минерал ўғитларнинг сифати ва хусусиятлари юзасидан деҳқон, фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари иштирокида таҳлиллар ўтказиш, уларнинг фикрларини ўрганиш ҳамда мақбул таклифларни амалиётга татбиқ этиш тизимини йўлга қўйиш топшириғи берилган.

Семинар иштирокчиларига “Ўзкимёсаноат” AЖ тизим корхоналари томонидан ишлаб чиқарилган минерал ўғитларнинг сифати ва хусусиятлари, минерал ўғитларни биржада чегирма нархларда сотиш механизми, ҳудудларда фаолият олиб бораётган корхоналарнинг ижара (ваколатли) омборлари хусусида батафсил маълумотлар бериб ўтилди.  

Шунингдек, минерал ўғитларни сотиб олишда яратилган қулай шароитлар, хусусан биржада алоҳида “Форвард” контрактларда олдиндан 30 фоиз тўлов, қолган 70 фоиз қисмига факторинг хизматидан фойдаланган ҳолда харид қилиш механизмлари юзасидан тақдимотлар ўтказилди.  

Амалий мулоқот тарзида ўтган тадбирда мутасаддилар фермерларни қизиқтирган саволларига атрофлича жавоб берди.  

“SHARQROS UNIVERSAL SERVIS” МЧЖ ваколатли омборида эса  семинарнинг асосий қисми ҳисобланган минерал ўғитлар кўргазмаси ташкил этилди.

Мавжуд минерал ўғитлар намойиш қилиниб, вилоят агрокимёвий тупроқ таҳлили маркази мобил лабораториясида ўғитларни текширувдан ўтказиш, сифат даражасини аниқлаб бериш жараёни амалий кўрсатилди.  

– Тупроқ ва минерал ўғитларни агрокимёвий таҳлилдан ўтказган ҳолда агротехник ҳамда профилактик тадбирларни амалга ошириш жуда муҳим, – дейди вилоят агрокимёвий таҳлил маркази директор ўринбосари Суннат  Ҳасанов. – Фермер хўжаликлари ва деҳқон томорқа ер эгалари минерал ўғитларни таҳлил қилинган хулосалари билан бирга, ўғитлардан фойдаланиш қоидалари ҳақида ҳам тушунчага эга бўлади. Тупроқ ортиқча ва керак бўлмаган минерал ўғитлардан сақланади. Бу ер эгасига ҳар томонлама фойдали бўлиши баробарида ҳосилни мўл ва сифатли қилади.

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлар