"Ўзкимёсаноат" АЖ

Малакали кадрлар – коррупцияга қарши самарали курашишнинг асосий кучи

// 22 noyabr 2025 йил
https://special.uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/malakali-kadrlar-korrupciyaga-qarshi-samarali-kurashishning-

Коррупция – давлат тараққиётининг асосий кушандаси бўлиб, унинг давлат ва жамиятга етказадиган зарари бошқа жиноят турларига нисбатан анча кенг қамровлидир. Бу зарар нафақат моддий ёки маънавий талафотларда, балки кўпинча ўрнини қоплаб бўлмайдиган йўқотишларда ҳам намоён бўлади.

Сўнгги йиллар таҳлилларига кўра, кўрилаётган қатъий чораларга қарамай  коррупцияга оид жиноятлар содир этилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида фаолият юритаётган ходимлардан юқори даражадаги билим, малака ва амалий тажрибани талаб этади.

Коррупцияга қарши самарали курашиш ва унинг олдини олишда малакали кадрларни тайёрлаш, давлат органлари ўртасидаги ҳамкорлик, ахборот ва тажриба алмашинуви муҳим ўрин тутади.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академиясида «Коррупцияга қарши курашиш – тараққиёт кафолати» мавзусида ўтказилган  давра суҳбатида «Ўзкимёсаноат» АЖ Коррупцияга қарши курашиш ва комплаенс бошқармаси мутахассислари ҳам иштирок этди.

Жамият мутахассислари ишлаб чиқариш соҳаларида юзага келиши мумкин бўлган коррупциявий хатарлар, манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари ва уларни олдини олиш бўйича олиб борилаётган амалиёт ҳамда тажриба хусусида батафсил маълумотлар бериб ўтишди.

Бу каби тадбирлар ва ўқув жараёнлари коррупцияга қарши курашиш тизимида тажрибали ва билимли кадрлар тайёрланишига мустаҳкам замин яратади.

«Ўзкимёсаноат» АЖ Матбуот хизмати