Ёшларни қўллаб-қувватлаш — бу шунчаки дастур ёки шиор эмас, балки келажакка қилинган аниқ сармоядир. Ёш инсонга ишонч билдириш, унинг ташаббусини қўллаб-қувватлаш ва ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун шароит яратиш орқали жамият барқарор ва соғлом ривожланади. Ҳар бир ёшнинг билими, меҳнати ва масъулияти қадрланган муҳитда улар ўз ўрнини топади, юрти тақдирига дахлдор эканини ҳис қилади ва шу ҳис-туйғу билан ҳалол, фидокор ва ташаббускор бўлиб камол топади.
“Ўзкимёсаноат” АЖ томонидан ёш мутахассислар билан очиқ мулоқотни таъминлашга қаратилган “Раҳбар ва ёшлар учрашуви” лойиҳаси ҳам ана шу мақсадда мунтазам ташкил этиб келинмоқда.
“Ўзкимёсаноат” АЖ раисининг биринчи ўринбосари Евгений Коржиков иштирокида ўтказилган навбатдаги мулоқот “Максам-Чирчиқ” АЖ ёшлари билан бўлиб ўтди. Учрашувда “Максам-Чирчиқ” АЖ бошқаруви раиси Дилшод Маннонов, “Ўзкимёсаноат” АЖ бошқаруви аъзолари ва 120 нафар корхона ёшлари иштирок этишди.
Маълумот учун, ҳозирда корхонада 5 500га яқин ишчи-ходимлар фаолият юритаётган бўлиб, улардан 925 нафарини ёшлар ташкил этади. Жамият ёшларининг 79 нафари раҳбар ва муҳандис-техник лавозимларида фаолият олиб бормоқда.
Расмиятчиликдан ҳоли, жонли мулоқот шаклида ўтган учрашувда ёшлар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилдилар. Бундан ташқари корхонада ишлаб чиқариш самарадорлигини таъминлаш, инновацион лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган қатор таклифларини ҳам билдириб ўтишди.
Хусусан, “Максам-Чирчиқ” АЖнинг яқин 3-5 йиллик стратегик ривожланиш режалари, кимё корхоналарида ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишда эътибор қаратилиши лозим бўлган йўналишлар, ёш кимёгарлар олдида турган масалалар бўйича саволлар йўлланди.
Шу билан бирга соҳада сунъий интеллектдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, ёш мутахассисларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг салоҳиятини янада оширишга қаратилган танловларни йўлга қўйиш, ёшларнинг малакасини оширишга қаратилган ўқув курсларини ташкил этиш бўйича таклифлар илгари сурилди.
Тадбир ниҳоясида ҳар томонлама фаол бўлган ёш ходимлар ташаббускорлиги юқори баҳоланиб, ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.