"Ўзкимёсаноат" АЖ

КИМЁ САНОАТИ КОРХОНАЛАРИДА КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШ СОҲАСИДА ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ БОШ ПРОКУРАТУРАСИ ХОДИМЛАРИ ИШТИРОКИДА СЕМИНАР ЎТКАЗИЛДИ

// 28 mart 2022 йил
https://special.uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/korrupsiyaga-qarshi-kurashish-seminar

Жорий йилнинг 25 март куни “Ўзкимёсаноат” АЖ ва тизим корхоналари иштирокида коррупцияга қарши курашиш соҳасида тушунтириш ишларини олиб бориш, ходимларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ходимлари иштирокида семинар ўтказилди.

Ушбу тадбирда “Ўзкимёсаноат” АЖ бошқарма ва бўлимларининг ходимлари, тизимдаги ишлаб чиқарувчи корхоналар раҳбарлари, Комплаенс хизмати ходимлари ва Ўзбекистон Респбуликаси Бош прокуратура бошқарма катта прокурорлари Каримжон Мусашайхов ва Равшан Нурбековлар иштирок этишди.

Семинар давомида К. Мусашайхов Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги амалга оширилаётган ислоҳотлар, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик, уларнинг ўз вақтида олдини олиш, аниқлаш ва уларга чек қўйилишини таъминлаш ҳамда оқибатларини бартараф этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар хусусида батафсил тўхталиб ўтди.

Шунингдек, маърузачи К. Мусашайхов томонидан коррупция ва манфаатлар тўқнашуви тушунчаси, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик, шу жумладан, жиноий, маъмурий ва интизомий жавобгарликлар ҳамда жазо турлари тўғрисида маълумот бериб, давлат хизматчиси томонидан Одоб-ахлоқ қоидаларининг бузилиши уни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш учун асос бўлиши мумкинлиги таъкидланди.

Бундан ташқари, 2020 ва 2021 йилллар кесимида жиноий, маъмурий ва интизомий ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун жазо чоралари ва жавобгарликка тортилган шахслар сони, жиноятлар турлари таҳлили семинар иштирокчиларига етказилди.

Мазкур йўналишда Бош прокуратура бошқарма катта прокурори Р. Нурбеков маърузани давом эттириб, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакиллантириш мақсадида уларнинг ҳуқуқий онгини ва маданиятини юксалтириш мақсадга мувофиқлиги таъкидлаб ўтди.

Р. Нурбеков ҳар бир фуқаро жамиятда мавжуд коррупцион хавф-хатарларни бартараф этиш йўлида фаол бўлиши, корруцияга оид ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар берган шахслар мукофотланиши билан бирга улар давлат ҳимоясига олиниши қонунчилик асосида кафолатланганлигига алоҳида тўхталиб ўтди.

Семинар давомида Бош прокуратура 2020 йилдан бошлаб 26 та вазирлик ва идораларда “комплаенс-назорат” тизимини жорий этишда бевосита иштирок этаётганлиги, натижада ўтган қисқа вақт ичида мазкур ташкилотлар бир қатор самарали натижаларга эришилганлиги қайд этилди.

Тадбир якунида семинар иштирокчилари билан ўзаро савол-жавоблар ўтказилди.

 «Ўзкимёсаноат» АЖ Матбуот хизмати