"Ўзкимёсаноат" АЖ

«Ўзкимёсаноат» АЖ ва тармоқ корхоналари Комплаенс хизмати томонидан 2022 йил давомида коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилган ишлар юзасидан брифинг ўтказилди

// 08 fevral 2023 йил
https://special.uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/komplyaens-xizmati-korrupsiyaga-qarshi-kurashish-sohasida-amalga-oshirilgan-ishlar-yuzasidan-brifing

Бугун Ўзбекистон  Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида «Ўзкимёсаноат» АЖ ва тармоқ корхоналари Комплаенс хизмати томонидан 2022 йил давомида коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилган ишлар юзасидан брифинг ўтказилди.

«Ўзкимёсаноат» АЖ ва тармоқ корхоналарида коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш, соҳада привентив чораларни кучайтиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Барча тармоқ корхоналарида «Коррупцияга қарши курашиш сиёсати», «Одоб-ахлоқ қоидалари», «Манфаатлар тўқнашувини бошқариш низоми», «Номзодларни текшириш бўйича йўриқнома», «Контрагентларни текширишга оид йўриқнома» ва «Хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш услубиёти» каби 10 дан ортиқ ички идоравий ҳужжатлар қабул қилиниб, мазкур ҳужжатлардаги тартиб-таомиллар билан ходимларни таништириш ва амалиётга жорий этиш юзасидан тизимли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, 2022 йил давомида «Ўзкимёсаноат» АЖ ва тармоқ корхоналарида коррупцияга қарши курашиш соҳасида қабул қилинган «Манфаатлар тўқнашувини бошқариш низоми» талабларига мувофиқ хизмат вазифасига кўра коррупциявий хавф-хатарлар эҳтимоли юқори бўлган 6250 нафар ходимлар томонидан манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларациялар тўлдирилди. Таҳлиллар натижасига кўра 57 нафар масъул ходимларда манфаатлар тўқнашуви ҳолати мавжудлиги, 37 та ҳолатда эса эҳтимолий (потенциал) манфаатлар тўқнашуви ҳолати мавжудлиги аниқланган. Мазкур ҳолатлар бўйича аниқланган манфаатлар тўқнашувларини зудлик билан бартараф этиш чоралари кўрилди.

Бундан ташқари, ҳисобот даврида кимё саноати корхоналарида корхона ва давлат мулкларини ўзлаштириш ва коррупцион жиноятлар бўйича жами 65 та хизмат текширувлари ўтказилган. Хизмат текширувлари натижаларига кўра тўпланган ҳужжатлар тегишли тартибда ҳуқуқ-тартибот идораларига юборилиб, оқибатда 28 нафар ходим жиноий жавобгарликка тортилган, 25 нафар ходим эгаллаб турган лавозимидан озод этилган, 100 нафар масъул ходимларга турли интизомий жазолар қўлланилган.

Яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, 2021 йил давомида тармоқ корхоналарининг товар-моддий бойликлари ҳамда ваколатли ижара омборларида жами бўлиб 85,5 млрд сўмлик турли товар-моддий бойликлари ва минерал ўғитлар камомади аниқланган бўлса, Комплаенс хизматлари томонидан амалга оширилган ишлар ва мунтазам ўтказилган профилактик тадбирлар натижасида 2022 йил мобайнида ваколатли ижара омборларида камомадлар аниқланмаган.

2022 йилда «Ўзкимёсаноат» АЖ ва тармоқ корхоналарида коррупцион ҳаракатлар, корхона маблағларининг талон-тарож қилиниши ва ишлаб чиқариш кўрсаткичларига қўшиб ёзишлар оқибатида тизимга жами 28,3 млрд сўмлик зарар етказилганлиги аниқланиб, тергов ҳаракатларини олиб бораётган идоралар билан ҳамкорликда етказилган зарарни қоплаш юзасидан тегишли чоралар кўрилмоқда.

Шу билан бирга, ҳисобот даврида «Ўзкимёсаноат» АЖ ва тармоқ корхоналарида қабул қилинган ички идоравий ҳужжатлар «Харидлар сиёсати» ва «Контрагентларни текширишга оид йўриқнома» талабларига риоя этилишини таъминлаш натижасида тизим корхоналарида харидлар жараёнининг очиқ ва шаффофлигини таъминлаш орқали жами 7,5 млрд сўмлик пул маблағларининг асоссиз сарфланишининг олди олинган.

«Ўзкимёсаноат» АЖ коррупцияга қарши муросасиз курашиш, ҳуқуқбузарликларни эрта аниқлаш, уларнинг олдини олиш ва чек қўйиш, қолаверса, ушбу иллатларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш юзасидан аниқ, тизимли ишларни амалга оширишда давом этади.