"Ўзкимёсаноат" АЖ

“Ўзкимёсаноат” АЖ “Коррупцияга қарши курашиш менежмент тизими” мавжудлигини тасдиқловчи xалқаро ISO 37001:2016 сертификатига эга бўлди

// 24 dekabr 2021 йил
https://special.uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/iso-37001-2016

“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти томонидан коррупциянинг олдини олиш, унга қарши курашиш ва чек қўйишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар изчил амалга ошириб келинмоқда. Аввало Ўзбекистон Республикаси Президентнинг 2019 йил 27 майдаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5729-сонли Фармони талаблари асосида “Ўзкимёсаноат” АЖда Комплаенс хизмати ташкил этилди ва “Йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, амалга ошириладиган тадбирлар белгилаб олинди. Мазкур соҳада ҳамкорлик “KPMG” халқаро аудиторлик ташкилоти билан йўлга қўйилди.

Ушбу дастурга мувофиқ коррупцияга қарши курашиш бўйича ички меъёрий ҳужжатлар, яъни “Коррупцияга қарши сиёсат”, “Ахлоқ кодекси”, “Манфаатлар тўқнашувини бошқариш сиёсати” каби 20 дан ортиқ ички меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди ва ўрнатилган тартибда барча ходимларга таништириш ва тушунтириш ишлари амалга оширилди.

Бугунги кунда коррупцияга қарши курашиш мақсадида комплаенс назорат тизими босқичма-босқич кимё саноати корхоналарига тадбиқ этилмоқда. Жумладан, “Навоийазот” АЖ, “Фарғонаазот” АЖ, “Деҳқонобод калий заводи” АЖ, “Максам-Чирчиқ” АЖ, “Биринчи резинотехника заводи” МЧЖ, “Ўзкимёимпекс” МЧЖ ва “Қўнғирот сода заводи” МЧЖ-ҚКларида комплаенс назорат тизими ўз фаолиятини юритмоқда. Шунингдек, “Ўзкимёсаноатлойиҳа”, “Аммафос-Максам” АЖларда мазкур тизимга ходимлар танлаш ишлари амалга оширилмоқда.

Жамият ва тизим корхоналари ходимларда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, уларни ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш мақсадида комплаенс хизмати ходимлари ва ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари иштирокида жорий йилда 120 дан ортиқ тушунтириш-профилактик тадбирлари амалга оширилди.

Коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича фаолиятнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида жорий йил давомида оммавий ахборот воситалари ва ташкилотнинг расмий веб-сайти орқали соҳага оид жами 40 дан ортиқ материаллар эълон қилинди.

“Ўзкимёсаноат” АЖда ходимлари ўртасида коррупцияга қарши курашиш соҳасида тушунтириш ишларини олиб бориш мақсадида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Бош прокуратура, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, Давлат хавфсизлик хизмати масъул ходимлари ҳамда Тошкент давлат иқтисодиёт университети профессор-ўқитувчилари иштирокида семинарлар ўтказилди.

Жорий йилнинг ноябрь ойида ISO 37001:2016 халқаро стандарт талабларига мувофиқ “CERT International” халқаро тренинг компанияси мутахассислари томонидан “Ўзкимёсаноат” АЖнинг коррупцияга қарши кураш менежмент тизими аудитдан муваффақиятли ўтди ва халқаро аудиторлик ва сертификатлаш ташкилоти томонидан коррупцияга қарши курашиш механизми амалда самара бераётганининг асосий кўрсаткичи ҳисобланувчи ISO 37001:2016 мувофиқлик сертификати тақдим этилди.

Ушбу ISO 37001:2016 мувофиқлик сертификатини қўлга киритилиши “Ўзкимёсаноат” АЖ ўз навбатида коррупцияга қарши талаблар ва ахлоқий меъёрларни ҳисобга олган ҳолда ҳар доим ўз зиммасига олган мажбуриятларини виждонан бажариши, қонун ҳужжатларига қатъий риоя қилиши, тенг рақобат тамойилларига амал қилиши ва ҳалоллик, очиқлик ва виждонлиликнинг корпоратив маданиятини шакллантириш бўйича масъулятни оширади.

“Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати