“InnoWeek–2026”: “Ўзкимёсаноат” тизимидаги беш нафар олима аёл инновацион лойиҳалари билан ғолиблар қаторидан жой олди
// 29 Oktabr 2026 йил
https://special.uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/innoweek-2026-uzkimyosanoat-tizimidagi-besh-nafar-olima-ayol

“InnoWeek–2026” — Халқаро инновацион ғоялар ҳафталиги доирасида хотин-қизлар ўртасида ўтказилган “Ҳудуднинг энг яхши 100 та инновацион лойиҳаси” республика танловида “Ўзкимёсаноат” АЖ тизимида фаолият юритаётган беш нафар олима аёлнинг инновацион ишланмалари турли номинациялар бўйича ғолиб деб топилди.

Жумладан, қуйидаги лойиҳалар турли номинациялар бўйича ғолибликни қўлга киритди:
- “Энг яхши технологик инновация” номинацияси бўйича “Деҳқонобод калий заводи” АЖ ходими Юлдуз Абдураҳмонованинг микроелементлар билан бойитилган калий хлориди ишлаб чиқариш лойиҳаси ғолиб деб топилди.
- “Энг яхши ихтиро ва янги техник ечим” номинациясида “Навоийазот” АЖ ходими Дилафруз Саматованинг корхонада ишлатилган НИАП-12-05 катализаторини қайта ишлаш орқали юқори даромадли никель тузларини ишлаб чиқариш лойиҳаси эътироф этилди.
- “Энг яхши яшил инновация” номинацияси бўйича “Навоийазот” АЖ ходими Умринисо Боеванинг Биокимёвий қайта ишлаш чиқиндилари асосида ўсимлик уруғларининг униб чиқишини тезлаштирувчи ҳамда тупроқ деградациясини камайтиришга қаратилган композитлар олиш лойиҳаси ғолиблар сафидан жой олди.
- “Энг яхши саноат ва ишлаб чиқариш инновацияси” номинациясида Тошкент кимё-технология институти доценти, техника фанлари доктори Шаҳнозахон Салижонованинг Шакар миқдори камайтирилган шоколадли паста олиш лойиҳаси ғолиб деб топилди.
- “Энг яхши яшил инновация” номинациясининг яна бир ғолиби Тошкент кимё-технология институти ўқитувчиси Бибигул Қошанова бўлди. Унинг регенерацияланган диетиленгликол олиш лойиҳаси кимёвий моддаларни қайта тиклаш ва улардан самарали фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Қувонарлиси, ғолиб лойиҳалар кимё саноати, ресурслардан оқилона фойдаланиш, ишлаб чиқариш жараёнларини такомиллаштириш, экологик барқарорлик ва озиқ-овқат технологиялари каби бир қатор муҳим йўналишларни қамраб олган.

“Ўзкимёсаноат” АЖ тизимида фаолият юритаётган олималарнинг мазкур республика танловидаги муваффақияти уларнинг илмий салоҳияти, изланувчанлиги ва инновацион ёндашувларининг эътирофидир.

Бундай натижалар келгусида янги ишланмаларни ривожлантириш, илмий-тадқиқот муассасалари ва саноат корхоналари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда истиқболли лойиҳаларни амалиётга татбиқ этишга хизмат қилади.

