"Ўзкимёсаноат" АЖ

«Инновацион тадқиқотлар, кимё саноатида илғор технологияларни ишлаб чиқиш ва татбиқ этиш муаммолари ва истиқболлари» мавзусида халқаро илмий-техникавий анжуман

// 26 oktabr 2024 йил
https://special.uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/innovacion-tadqiqotlar-kimyo-sanoatida-ilgor-tehnologiyalarn

Бугун «Ўзкимёсаноат» АЖ ҳамда Инновацион ривожланиш агентлиги билан ҳамкорликда «Инновацион тадқиқотлар, кимё саноатида илғор технологияларни ишлаб чиқиш ва татбиқ этиш муаммолари ва истиқболлари» мавзусида халқаро илмий-техникавий анжуман ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Кимё ва газ-кимё саноатини стратегик ривожлантиришнинг мақсадли дастурини тасдиқлаш тўғрисида» 2022 йил 10-октабрдаги қарори ижроси доирасида ташкил этилган ушбу анжуманда Хитой Халқ Республикаси, Россия Федерацияси, Саудия Арабистони ва мамлакатимиздан кимё ва газ-кимё саноатининг илм-фан, ишлаб чиқариш, технологиялар ишлаб чиқувчилари, шунингдек, етакчи хорижий инвесторлар иштирок этди.

Конференциядан кўзланган мақсад - илм-фан ва бизнеснинг ўзаро ҳамкорлиги учун майдон яратиш, самарали ташаббусларни амалга оширишда илмий ғоялар ва тажриба алмашиш, алоқаларни йўлга қўйиш, ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг истиқболларини муҳокама қилишдан иборат.

Иштирокчилар акриламид ишлаб чиқаришнинг биотехнологик усули ва маҳсулот турини янада кенгайтириш, Ўзбекистонда яшил водород олишнинг инновацион технологиясини жорий этиш, плазма ёрдамида метандан соф водород ва қаттиқ углерод олишнинг экологик хавфсиз технологиясини яратиш, реактив олигомерлар ва полимерлар соҳасидаги тадқиқотлар, фосфогипсни комплекс қайта ишлаш (ишлаб чиқариш чиқиндилари) каби соҳалардаги инновациялар бўйича ўзаро фикр алмашдилар.

Тадбир якунлари бўйича Ўзбекистон учун энг долзарб лойиҳалар портфелини шакллантириш учун инновацион ишланмалар рўйхати шакллантирилди.

«Ўзкимёсаноат» АЖ Матбуот хизмати