"Ўзкимёсаноат" АЖ

Илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси: кимё саноатида илмий ишланмалар самарадорлигини ошириш масалалари муҳокама қилинди

// 22 noyabr 2026 йил
https://special.uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/ilm-fan-va-ishlab-chiqarish-integraciyasi-kimyo-sanoatida-il


Ўзбекистон кимё технологиялари илмий-тадқиқот институтида Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раиси ҳамда «Ўзкимёсаноат» АЖ бошқаруви раисининг кимё йўналишидаги илмий-тадқиқот институтлари ва олий таълим муассасалари олимлари билан учрашуви бўлиб ўтди.



Дастлаб, иштирокчилар институтда фаолият юритаётган махсус лабораториялар, уларнинг илмий-техник салоҳияти, мавжуд имкониятлари ҳамда амалга оширилаётган тадқиқотлар билан танишдилар.

Мулоқот давомида илм-фан ютуқларини иқтисодиёт тармоқларига, хусусан, кимё саноатига интеграция қилиш, илмий ишланмаларни амалиётга татбиқ этиш ва уларнинг иқтисодий самарадорлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Хусусан, илмий лойиҳаларни ишлаб чиқаришга жорий этиш механизмларини такомиллаштириш, уларнинг самарадорлик кўрсаткичларини баҳолаш, инновацион технологияларни ўзлаштириш, илмий муассасалар ва саноат корхоналари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан фикр алмашилди.



Шунингдек, илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш ва жорий этиш, экологик жиҳатдан хавфсиз ҳамда ресурс тежамкор технологияларни ривожлантириш масалалари ҳам муҳокама марказида бўлди.



Очиқ мулоқот ва савол-жавоб тарзида ўтган учрашувда олимлар ва илмий муассасалар вакилларининг таклиф ва мулоҳазалари тингланди. Жумладан, илмий лабораторияларнинг имкониятларини кенгайтириш, уларни кичик ишлаб чиқариш технологиялари билан таъминлаш орқали илмий ишланмаларни тажриба-синов босқичидан саноат миқёсида қўллашгача бўлган жараённи самарали ташкил этиш таклифи илгари сурилди.



Шунингдек, иқтисодиётнинг тоғ-кон, енгил саноат, қурилиш, машинасозлик, металлургия, фармацевтика ва автомобилсозлик каби муҳим тармоқларини зарур кимёвий хомашё билан таъминлаш, шунингдек, кимё саноати маҳсулотларининг 80–90 фоизини ишлаб чиқаришда иқтисодий ва технологик жиҳатдан юқори самарадорликни таъминлайдиган янги турдаги катализаторларни яратиш бўйича илмий таклифлар билдирилди.



Учрашув якунида билдирилган таклиф ва ташаббусларни атрофлича ўрганиш, истиқболли илмий лойиҳаларни амалий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ҳамда илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш бўйича келгуси вазифалар белгилаб олинди.