"Ўзкимёсаноат" АЖ

Ички бозорда минерал ўғитлар таъминоти: 2026 йилнинг биринчи чораги якунлари

// 24 aprel 2026 йил
https://special.uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/ichki-bozorda-mineral-ugitlar-taminoti-2026-yilning-birinchi

2026 йилнинг январь–март ойлари давомида республика ички бозорида минерал ўғитлар савдоси барқарор ўсиш суръатларини намоён этди. Биржа савдолари орқали жами соф ҳолда 239,1 минг тонна минерал ўғитлар сотилиб, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларининг талабини таъминлашга хизмат қилди.

Сотилган ўғитлар таркибига назар ташлайдиган бўлсак, асосий улушни азотли ўғитлар ташкил этиб, улар 190,7 минг тоннага етди. Шунингдек, фосфорли ўғитлар ҳажми 25,6 минг тонна, калийли ўғитлар эса 22,8 минг тоннани ташкил қилди. Бу кўрсаткичлар мамлакатда экин майдонларини озиқлантириш ва ҳосилдорликни ошириш борасидаги ишлар изчил давом этаётганини кўрсатади. 2026 йил 1 апрель ҳолатига кўра, минерал ўғитлар захиралари ҳам етарли даражада шакллантирилган. Жумладан, корхоналарнинг технологик ҳамда ҳудудлардаги ижара омборларида жами 136,7 минг тонна ўғит мавжуд. Уларнинг 96,5 минг тоннаси азотли, 14,9 минг тоннаси фосфорли ва 25,2 минг тоннаси калийли ўғитлардан иборат.

Мавжуд захиралар баҳорги дала ишларини узлуксиз олиб бориш, фермер ва деҳқон хўжаликларини ўз вақтида минерал ўғитлар билан таъминлаш имконини беради. Шу билан бирга, биржа савдолари орқали очиқ ва шаффоф тақсимот механизмининг йўлга қўйилгани бозор барқарорлигини таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Келгуси ойларда ҳам минерал ўғитлар ишлаб чиқариш ва етказиб бериш ҳажмларини ошириш, захираларни мунтазам тўлдириб бориш бўйича тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу эса қишлоқ хўжалигида юқори ҳосилдорликка эришиш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.