Мамлакатимизда фаолият юритаётган деҳқон фермер хўжаликлари, пахта, ғалла ва сабзавот етиштириш билан машғул бўлган фуқароларни сифатли минерал ўғит билан таъминлаш ишлари “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамиятининг тармоқ корхоналари томонидан амалга ошириб келинмоқда. Жумладан, “Аммофос-Максам” АЖ ички бозор ва қўшни давлатлар эҳтиёжини “Аммофос”, “PS-агро”, “Суперфос”, “АСФ” маҳсулотлари ишлаб чиқариб, давлат стандарти талабларига жавоб берадиган минерал ўғитлар билан истеъмолчиларнинг эҳтиёжини қондириб келмоқда.
Бироқ республикамизнинг айрим ҳудудларида қўлбола усулда тайёрланган қўштирноқ ичидаги сифатсиз “минерал ўғитлар” кун сайин оммалашиб бормоқда ҳамда ташкилот тизимидаги корхоналар ишлаб чиқараётган маҳсулотларга бўлган ишончни камайтирмоқда ва уларнинг бозоргирлигига тўсқинлик қилмоқда.
Турли фирма ва хусусий корхоналар томонидан ишлаб чиқарилаётган ҳеч қандай давлат стандартларига жавоб бермайдиган, сифатсиз сохта “минерал ўғитлар” халқ хўжалиги тармоқларига очиқ ойдин тарқатиб келинмоқда. Шахсини сир сақлаш шарти билан қўлбола усулда тайёрланган “ўғитлар” ишлаб чиқариш билан шуғулланувчилар ҳақида хабар берган фуқаро қуйидагиларни таъкидлади.
Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани “Конизар” маҳалласи, Фурқат тумани Қўқон спирт заводининг орқа томонидаги автопарк ёнидаги ҳовлида, Андижон-Қўқон йўлидаги Қўқон шаҳрига киришдаги, “Узумчилик” маҳалласидан сўнг йўлнинг ўнг томонида стрелка, тахминан 500 метр юргандан кейин эски бинода, “Аммофос” ўғити ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. “Аммофос-Максам” логотипи тушурилган қопларда, қўлбола усулда тайёрланган сифатсиз минерал ўғитлар мамлакатимизнинг турли ҳудудларидаги фермер хўжаликлари вакилларига арзон нархда сотилмоқда. Эндиликда бу “уддабурон тадбиркорлар” ташкилот тизимидаги корхоналар қолиб, Қозоғистон Республикасининг “Казфосфат” корхонасининг логитипини тушуриб маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйишди.
Аввалом бор шуни таъкидлаш лозимки, аммофос – мураккаб комплекс азот-фосфорли минерал ўғит ҳисобланиб, ушбу ўғит бир нечта босқичлардан иборат кимёвий жараёнларни ўз ичига олган технология асосида ишлаб чиқарилади. Бу жараёнларда организмга, тупроққа, атроф-муҳитга зарарли таъсир етказиши мумкин бўлган сульфат ва ортофосфор кислоталари, аммиак ва бошқа асосий кимёвий хом-ашёлар ишлатилади. Бу турдаги кимёвий моддалардан фойдаланиш, уларни сақлаш, ташиш каби ишларни амалга ошириш учун ҳам тегишли талаблар белгиланган. Бундан ташқари технологик жараёнлар ҳам юқори босим ва ҳароратларда ишловчи ускуналарда олиб борилади. Яъни оддий шароитда бундай ўғитни ишлаб чиқариб бўлмайди.
Лекин “уддабурон тадбиркорлар” томонидан қўлбола усулда ишлаб чиқарилаётган ўғитлар, интернет тармоқлари орқали реклама қилиниб, деҳқончилик билан шуғулланаётган фуқароларга сотилмоқда ва уларни алдаб келишмоқда. Бу каби шахсларнинг ноқонуний фаолият юритишлари натижасида, авваламбор мамлакатимизнинг иқтисодиётига, имиджига, минерал ўғит ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг иш самарадорлигига, ернинг структурасига ва энг асосийси деҳқонларимизга салбий таъсир кўрсатмоқда.
Фирибгар “ишбилармонлар” томонидан тайёрланаётган “минерал ўғит” асосан оддий тупроқ лойга айлантирилиб қуритилиб, алебастр қоришмаси билан аралаштирилиб, Ўзбекистон ва Қозоғистон Республикалари корхоналарининг қопларига ўхшаш қопларга солиб сотилмоқда.
“Аммофос-Максам” мутахассислари томонидан шундай “тадбиркор” томонидан ишлаб чиқарилган “минерал ўғит”нинг намунаси лабораторияда синовдан ўтказилди ва қуйидаги хулоса олинди: Таркибида ушбу модданинг минерал ўғитлар сафига киришини аниқлайдиган асосий компонентлар (фосфор ва азот) мавжуд эмас.
Бундай ғайриқонуний тайёрланган минерал ўғитларни ишлаб чиқариш билан яширин равишда шуғулланувчи “цехлар” республикамизнинг бошқа туман ва шаҳарларида ҳам фаолият кўрсатаётган бўлиши мумкин.
Тошкент вилоятининг “Пискент”, “Ўртасарой”, Фарғона вилоятининг Ўзбекистон тумани, “Яйпан” қишлоқларида ҳам ҳудди шундай ноқонуний тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб, минерал ўғитларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйган яширин “цехлар” тўғрисида маълумотлар мавжуд.
“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржасидаги ўз савдо майдончаси орқали ташкилот тизимидаги корхоналар томонидан ишлаб чиқарилаётган минерал ўғитлар ва бошқа кимё маҳсулотлари савдога қўяди. Айнан биржа савдолари орқали ҳарид қилинган маҳсулотлар барча давлат стандартларига жавоб беради ҳамда маҳсулотлар унумдорлиги ва фаолиятингиз ривожига ўз хиссасини қўшади.
Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржасидаги “Ўзкимёсаноат” АЖ савдо майдончаси орқали ташкилот тизимидаги корхоналар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар савдоси бўйича барча маълумотларни www.uzkimyosanoat.uz расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги https://t.me/uzkimyosanoat ва https://www.facebook.com/uzkimyosanoat/ расмий саҳифалари орқали олишингиз мумкин.
Маҳсулотларни етказиб бериш ва уларнинг сифат даражаси бўйича таклиф ва эътирозларингиз бўлса, (78) 140-74-48 ишонч телефон рақамига мурожаат қилишингиз мумкин.
“Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати