"Ўзкимёсаноат" АЖ

Евростат: Европа Иттифоқида пластик чиқиндиларни қайта ишлаш ҳажми 10 йилда 28,6 фоизга ошди

// 28 Oktabr 2026 йил
https://special.uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/evrostat-evropa-ittifoqida-plastik-chiqindilarni-qayta-ishla



Евростат маълумотларига кўра, 2014–2024 йиллар давомида Европа Иттифоқида пластик қадоқлаш чиқиндиларини қайта ишлаш ҳажми аҳоли жон бошига ҳисоблаганда 28,6 фоизга ошган. Бироқ шу даврда бундай чиқиндиларнинг ҳосил бўлиш ҳажми ҳам 20,5 фоизга кўпайган.

Шунга қарамай, мутлақ кўрсаткичлар вазият унчалик ижобий эмаслигини кўрсатади. 2024 йил якунларига кўра, Европа Иттифоқида пластик қадоқлаш чиқиндиларининг ҳосил бўлиш ҳажми аҳоли жон бошига 35,9 килограммни ташкил этган. Қайта ишланган чиқиндилар ҳажми эса ҳар бир киши ҳисобига 15,3 килограммга тенг бўлган.

Шундай қилиб, пластик қадоқлаш чиқиндиларини қайта ишлаш даражаси 42,4 фоизни ташкил этган. Бу 2023 йилдаги 41,6 фоизлик кўрсаткичдан бир оз юқори. Европа Иттифоқида қадоқлаш чиқиндилари таркибида пластик иккинчи ўринни эгаллайди. Унинг улуши 19,9 фоизни ташкил этиб, фақат қоғоз ва картон чиқиндиларидан (40,8 фоиз) кейинги ўринда туради.

 2025 йилда Евростат Европа Иттифоқида 2014–2024 йиллар давомида кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмига оид маълумотларни ҳам тақдим этган. Ушбу маълумотларга кўра, 10 йил давомида мазкур кўрсаткич атиги 15 фоизга ошган.