"Ўзкимёсаноат" АЖ

ЕТТБ Ўзбекистонда ўғит ишлаб чиқаришни декарбонизациялаш бўйича пилот лойиҳани қўллаб-қувватлайди

// 29 avgust 2024 йил
https://special.uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/erdb

Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) қайта тикланадиган водород ишлаб чиқариш бўйича тажриба қувватларини молиялаштириш орқали Ўзбекистонда ўғитлар ва электр энергияси ишлаб чиқаришни декарбонизация қилишга ёрдам беради, деб хабар қилди банк матбуот хизмати «Газета.uz».

Ишлаб чиқариш қуввати 20 МВт электролиз ускунаси ва 52 МВт қувватга эга янги шамол станциясидан иборат бўлади.

Лойиҳа Ўзбекистонда табиий газдан олинган ва аммиакли ўғитлар ишлаб чиқаришда кенг қўлланадиган кулранг водородни қайта тикланадиган водород билан алмаштиришга ёрдам беради. Иккинчиси ўғитлар секторини декарбонизация қилишнинг асосий альтернативи сифатида тан олинган, дейилади хабарда.

Завод ишга туширилгач, йилига 3000 тоннагача қайта тикланадиган водород ишлаб чиқариши ва CО2 йиллик эмиссиясини тахминан 22 000 тоннага камайтириши кутилмоқда.

Ушбу қувват 2022 йилда ЕТТБ Мисрда қайта тикланадиган водород ишлаб чиқариш заводини қўллаб-қувватлаганидан кейин банк томонидан молиялаштириладиган иккинчи қайта тикланадиган водород лойиҳаси бўлади.

ЕТТБ ACWA Power UKS Green H2 компаниясига объектни ишлаб чиқиш, лойиҳалаш, қуриш ва ишлатиш учун 65 миллион долларлик молиялаштириш пакетини таклиф қилмоқда. Махсус ташкил этилган ушбу компанияга «Ўзкимёсаноат» ва ACWA Power (электр энергияси ва тузсизланган сув иншоотларининг халқаро ишлаб чиқарувчиси, инвестори ва оператори) биргаликда эгалик қилади.

Молиявий пакет ЕТТБ томонидан тақдим этилган 55 миллион доллар миқдоридаги юқори даражадаги кредитдан, шунингдек, Канаданинг Иқлим ўзгаришига қарши курашишда юқори таъсирли ҳамкорлик бўйича махсус жамғармаси (HIPCA) доирасида тақдим этилган 10 миллион долларгача бўлган имтиёзли молиялаштиришдан иборат. ЕТТБ, шунингдек, лойиҳа учун акционерлик капиталига 5,5 миллион долларгача бўлган оралиқ кредитни тақдим этишни режалаштирмоқда.

«ЕТТБ Ўзбекистондаги ушбу муҳим қайта тикланадиган водород ишлаб чиқариш объектини бизнинг узоқ йиллик мижозимиз ACWA Power ва уларнинг ҳамкори „Ўзкимёсаноат“ билан биргаликда молиялашдан фахрланади. Бу углеродни кўп истеъмол қиладиган ва чиқиндиларни камайтиришга эришиш қийин бўлган саноатга эга Марказий Осиёдаги биринчи лойиҳа бўлади», — деди ЕТТБнинг барқарор инфратузилма бўйича бошқарувчи директори Нандита Паршад.

HIPCA Австрия, Канада, Финляндия, Нидерландия, Жанубий Корея, Испания, Швейцария, Тайван Халқаро ҳамкорлик ва тараққиёт жамғармаси (ICDF), Буюк Британия ва АҚШ томонидан қўллаб-қувватланади.

Манба: Газета.uz, 28.08.2024