"Ўзкимёсаноат" АЖ

ЭНЕРГЕТИКА ВАЗИРЛИГИ, «ЎЗКИМЁСАНОАТ» АЖ ВА ACWA POWER ЎРТАСИДА ЯШИЛ АММИАК ИШЛАБ ЧИҚАРИШ БЎЙИЧА ИНВЕСТИЦИОН ҲАМКОРЛИК ТЎҒРИСИДА БИТИМ ИМЗОЛАНДИ

// 23 dekabr 2022 йил
https://special.uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/energetika-vazirligi-uzkimyosanoat-aj-va-acwa-power-bitim-imzoladi

Тошкент шаҳри мезбонлик қилаётган Ўзбекистон Республикаси – Саудия Арабистони Подшоҳлиги бизнес-форуми доирасида 2022 йилнинг 23 декабрь куни Энергетика вазирлиги, «Ўзкимёсаноат» АЖ ва ACWA Power (Саудия Арабистони) ўртасида яшил аммиак ишлаб чиқариш бўйича инвестицион ҳамкорлик тўғрисида «Асосий Шартлар» (Heads of Terms) битими имзоланди. Унга кўра яшил аммиак ишлаб чиқариш лойиҳаси 2 босқичда амалга оширилади.

Биринчи босқич – яшил водород лойиҳаси бўлиб, йилига 3,0 минг тонна яшил водород ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади. Лойиҳа қиймати эса 17,0 млн. АҚШ долларини ташкил этади. Мазкур лойиҳани амалга ошириш доирасида
«Максам-Чирчиқ» АЖ заводига 20,0 МW қувватли электролезёр ускунаси ўрнатилади ва водород ишлаб чиқаришда табиий газ ўрнига сувдан фойдаланилади.

Иккинчи босқич – яшил аммиак лойиҳаси бўлиб, йилига 500,0 минг тонна яшил аммиак ишлаб чиқариш кўзланган. Мазкур лойиҳани амалга ошириш мақсадида хорижий ҳамкорлар билан биргаликда иқтисодий ва техник ўрганишлар олиб борилади. Ўрганишлар ижобий натижа кўрсатган тақдирда, қиймати 4,0 млрд АҚШ доллари бўлган ушбу йирик инвестицион лойиҳага старт берилади.

Юқорида санаб ўтилган лойиҳаларни амалга ошириш ва ишлаб чиқариш жараёни учун зарур электр энергиясини таъминлаб бериш мақсадида лойиҳалар доирасида Энергетика вазирлиги ва ACWA Power иштирокида алоҳида, шамол/қуёш электр станцияси барпо этилади. Натижада ҳар йили қарийб 1,0 млрд метр куб табиий газ иқтисод қилинади ҳамда мамлакатимизнинг кимё соҳасини декарбонизация қилинишида сезиларли натижаларга эришилади.

 

«Ўзкимёсаноат» АЖ Матбуот хизмати