Деҳқонобод туманида рўйхатга олиш ишлари жадал давом этмоқда
// 27 yanvar 2026 йил
https://special.uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/dehqonobod-tumanida-ruyhatga-olish-ishlari-zhadal-davom-etmo
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ–173-сонли Фармони ижроси доирасида Деҳқонобод туманида аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш ишлари изчил ҳамда юқори суръатларда амалга оширилмоқда. Жараённи самарали ташкил этиш, айниқса, фуқароларнинг онлайн тарзда рўйхатдан ўтишини осонлаштириш ва қамровни кенгайтириш масалаларига устувор аҳамият қаратилмоқда.
Мазкур муҳим вазифаларни амалга ошириш мақсадида туман ҳокимлиги, “Ўзкимёсаноат” АЖнинг масъул ходимлари ҳамда туман статистика бўлими мутахассислари иштирокида марказий штаб фаолияти ташкил этилган. Штабда ҳар куни амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб, эришилган натижалар юзасидан муҳокамалар ўтказилмоқда, аниқланган муаммоларни бартараф этиш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгиланмоқда.
Шу билан бирга, масъул ходимлар ва фуқароларга рўйхатдан ўтиш жараёнларини тўғри ташкил этиш бўйича амалий ёрдам кўрсатилмоқда. Жойларда олиб борилаётган тарғибот ва тушунтириш ишлари ҳам жараён самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Ишчи гуруҳ аъзолари томонидан маҳаллаларга чиқиб, аҳоли билан бевосита учрашувлар ташкил қилинмоқда. Хусусан, “Завқий”, “Пахтачи”, “Тепагузар”, “Қўрғонтош” ҳамда “Тоғайтемир” маҳаллаларида ўтказилган учрашувлар давомида фуқароларга рўйхатга олиш тартиби, унинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти атрофлича тушунтирилмоқда.
Шунингдек, онлайн платформадан фойдаланиш бўйича амалий кўрсатмалар ва маслаҳатлар берилмоқда. Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбири мамлакатнинг узоқ муддатли ижтимоий-иқтисодий ривожланиш стратегиясини белгилашда муҳим ахборот манбаи ҳисобланади.
Шу боис, Деҳқонобод туманида мазкур жараёнларни уюшқоқлик, аниқлик ва юксак масъулият асосида ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.