"Ўзкимёсаноат" АЖ

«ЧИРЧИҚ» КИМЁ-ИНДУСТРИАЛ ТEХНОПАРКИНИНГ ТАНТАНАЛИ ОЧИЛИШ МАРОСИМИ БЎЛИБ ЎТДИ

// 23 mart 2022 йил
https://special.uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/chirchiq-kimyo-industrial-texnoparki-taqdimoti

Жорий йилнинг 23 март куни Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида жойлашган, мамлакатимизнинг, хусусан Чирчиқ шаҳарининг иқтисодий ҳаётида ғоят муҳим аҳамиятга эга бўлган «Чирчиқ» Кимё-индустриал технопаркининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов, Татаристон Республикаси Президенти Рустам Минниханов, Ўзбекистон ва Татаристон ҳукумати, вазирлик, идора ва ташкилотлар раҳбарлари, кимё ва нефть-кимё саноати вакиллари, тадбиркорлар, маҳалла фаоллари ва фаол ёшлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Дастлаб олий даражадаги меҳмонлар ва тадбир иштирокчилари “Чирчиқ кимё-индустриал технопарки тақдимоти, ҳудуди, имкониятлари ҳамда технопарк резидентлари томонидан ишлаб чиқариладиган махсулотлар кўргазмаси билан танишишди. «Чирчиқ» Кимё-индустриал технопаркининг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ҳамда Татаристон Республикаси Президенти Рустам Миннихановлар нутқ сўзлаб, ғоят муҳим аҳамиятга эга бўлган воқеа билан барчани табриклашди ва рамзий тугма босилиб, Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида жойлашган «Чирчиқ» кимё-индустриал технопарки лойиҳасига расман старт берилди. Тадбир давомида қатор муҳим ҳужжатларни расмий имзолаш ва алмашиш жараёнлари ҳам ўтказилди.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим, 2022 йилнинг 3 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тошкент вилоятида Чирчиқ кимё-индустриал технопаркини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-116-сон қарори қабул қилинган бўлиб, лойиҳадаги барча мажмуаларни бунёд этиш учун 30 миллион доллар миқдорида маблағ сарфланади. Технопарк ҳудудида МИЗ учун белгиланган алоҳида солиқ, божхона ва валюта тартиботлари амал қилади. Технопаркнинг умумий майдони 31,22 га бўлиб биринчи босқичда 14 та корхона ишлаб чиқаришни йўлга қўйиши кутилмоқда.  Бу ерда йилига ҳар хил турдаги 100 дан ортиқ махсулотлар ишлаб чиқарилиши режалаштирилган.

Технопарк тўлиқ ишга тушиши натижасида 2 мингдан зиёд янги иш ўринлари ташкил этилади. Шунингдек, йилига технопаркда ишлаб чиқарилган 15 миллион долларлик махсулотлар экспорт қилинади. Кимё-индустриал технопаркида дунёнинг 10 дан ортиқ мамлакати, жумладан, Россия, Германия, Корея, Туркия, Хитой каби давлатларда тайёрланган асбоб-ускуналар ўрнатилади. Бу ердаги корхоналар экологик талабларга жавоб берадиган, таъбир жоиз бўлса, «яшил» корхоналардан бири бўлиши билан ҳам аҳамиятлидир.

«Ўзкимёсаноат»  АЖ Матбуот хизмати