"Ўзкимёсаноат" АЖ

“Биринчи резинотехника заводи” МЧЖнинг 100% улуши Россиянинг “Татнефт” ОАЖга сотилганлиги юзасидан расмий маълумот

// 27 yanvar 2023 йил
https://special.uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/brz-rasmiy-malumot

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 10-октабрдаги ПҚ-388-сон қарорига асосан “Биринчи резинотехника заводи” МЧЖнинг 100% улуши катта тўртликка кирувчи (The Big Four) “Deloitte” компанияси томонидан ўрганиб чиқилди ва барча кредит мажбуриятлари ҳамда мавжуд қарздорликлар инобатга олинган ҳолда “Deloitte” компанияси томонидан завод қиймати 843 млрд сўмга (экв. 75,0 млн АҚШ доллари) баҳоланди.

Маълумот учун: 31.12.2022 ҳолатида “Биринчи резинотехника заводи” МЧЖнинг 91,8 фоиз улуши “Ўзкимёсаноат” АЖга ва 8,2 фоиз улуши “Ўзкимёимпэкс” МЧЖга тегишли эди. Шунингдек, мазкур корхонанинг жами 153 млн АҚШ долларига тенг кредит мажбуриятлари ҳамда қарздорлиги мавжуд.

2022 йилнинг 1-2 декабрь кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказилган Ўзбекистон-Россия бизнес-форуми доирасида олиб борилган музокаралар натижасига кўра Россиянинг “Татнефт” компанияси билан “Биринчи резинотехника заводи” МЧЖнинг 100 фоиз улушини мавжуд барча кредит мажбуриятлари ва қарздорликларни ўз зиммасига олган ҳолда, келгусида корхонада янги турдаги резинотехника маҳсулотларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш шарти билан 80,0 млн АҚШ долларига сотиб олиниши юзасидан келишувга эришилди.

2023 йилнинг 20 январь санасида “White & Case” халқаро юридик компанияси иштирокида “Биринчи резинотехника заводи” МЧЖни Россиянинг “Татнефт” компаниясига сотиш юзасидан “Ўзкимёсаноат” АЖ, “Ўзкимёимпэкс” МЧЖ ҳамда “Татнефт” ОАЖ ўртасида олди-сотди шартномаси имзоланди.

Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш лозим, кўплаб ОАВ ва ижтимоий тармоқларда “Биринчи резинотехника заводи” МЧЖ Россиянинг “Татнефт” ОАЖ компаниясига 826 миллион сўмга сотилганлиги юзасидан ҳақиқатга тўғри келмайдиган хабарлар эълон қилинмоқда. Бунга эса www.openinfo.uz сайтига нотўғри рақамлар акс этган маълумотлар жойлаштирилганлиги сабаб бўлган. Ҳозирда www.openinfo.uz сайтига маълумотларни жойлашда йўл қўйилган хатолик бартараф этилиб, тўғри маълумотлар жойланди.

“Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати