"Ўзкимёсаноат" АЖ

Ёш кимёгарлар Д.И.Менделеев номидаги Россия кимё-технология университетининг Тошкент шаҳридаги филиалига ташриф буюрди

// 04 may 2021 йил
https://special.uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/branch-visit

Бугун “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти томонидан 55-Халқаро Менделеев кимё олимпиадасида ғолиб бўлган ўқувчиларнинг Д.И.Менделеев номидаги Россия кимё-технология университетининг Тошкент шаҳридаги филиалига ташрифи ташкил этилди.

Тадбир аввалида олимпиада ғолиблари билан Филиал талабалари учрашуви ташкил этилди. Тадбирда сўз олган академик А.Жалилов 55-Халқаро Менделеев кимё олимпиадасида ғолиб бўлган ўқувчиларни эришган ютуқлари билан табриклади ва мамлакатимизда кимё фанига қизиқувчи ёшлар сафи кун сайин кенгайиб бораётганлигидан мамнунлигини таъкидлаб ўтди.

2021 йил 20-26 апрель кунлари 28 та давлат ўқувчилари ўртасида онлайн тарзда ўтказилган 55-Халқаро Менделеев кимё олимпиадаси Ўзбекистон шарафини 7 нафар ўқувчи ҳимоя қилиб, уларнинг барчаси совриндорлар қаторидан жой олганини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим. Якуний натижаларга кўра, Ватанимиз шарафини ҳимоя қилган ўқувчилар 1 та олтин, 4 та кумуш ва 2 та бронза медаллар билан тақдирланди.

Олимпиадада Руминия, Австрия, Хитой, Туркия, Россия, Болгария, Исроил, Хорватия, Венгрия, Саудия Арабистони, МДҲ мамлакатлари ва бошқа мамлакат жамоалари иштирок этди.

Мамлакатимиз ўқувчилари Халқаро Менделеев кимё олимпиадасида сўнгги уч йил давомида олтин медаль билан тақдирланишмоқда. Бу йилги олтин медаль эса илк маротаба мактаб ўқувчиси томонидан қўлга киритилди.

Бу каби иқтидорли ёшлар сафини кенгайтиришга хизмат қиладиган университет Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 июндаги “Тошкент шаҳрида “Д.И.Менделеев номидаги Россия кимё-технология университети” Федерал давлат бюджети олий таълим муассасаси филиалини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-4352-сонли қарорига мувофиқ Тошкент шаҳрида 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб Д.И.Менделеев номидаги Россия кимё-технология университетининг Федерал давлат бюджети олий таълим муассасаси филиали фаолият кўрсатишни бошлади.

Кадрларга бўлган эҳтиёжни ҳисобга олиб, университет билан келишилган олган ҳолда, Филиал бакалавр ва магистратура йўналишлари бўйича барча даражадаги мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ишларини амалга ошириб келмоқда.

Д.И.Менделеев номидаги Россия кимё-технология университетининг Тошкент филиалида ёшлар кундузги таълим шакли қуйидаги таълим йўналишлари бўйича таҳсил олмоқда:

Тадбирдан сўнг олимпиада ғолиблари бўлган иқтидорли ёшлар Д.И.Менделеев номидаги Россия кимё-технология университетининг Тошкент шаҳридаги филиали фаолияти билан яқиндан танишдилар. Филиал замонавий ўқув-лаборатория жиҳозлари, кутубхона фонди, компьютер ва бошқа ўқув жиҳозлари, спорт мажмуаси, яшаш учун барча шароитларга эга талабалар турар жойи билан таъминланганлиги ёшларда катта таассурот уйғотди.

Тадбир сўнггида 55-Халқаро Менделеев кимё олимпиадаси ғолиблари ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалар билан тақдирланди.

“Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати