"Ўзкимёсаноат" АЖ

Бош муҳандислар конференцияси бўлиб ўтди

// 23 aprel 2024 йил
https://special.uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/bosh-muhandislar-konferenciyasi-bulib-utdi

19-апрель куни “Ўзкимёсаноат” АЖ томонидан тасдиқланган ““Ўзкимёсаноат” АЖ тармоқ корхоналарида конференсиялар ўтказиш тўғрисида” ги 5-сон буйруғининг ижросини таъминлаш мақсадида “Деҳқонобод калий заводи” АЖда тармоқ корхоналарининг бош муҳандислари иштирокида навбатдаги конференция бўлиб ўтди.

Тадбирни “Ўзкимёсаноат” АЖ Техник жиҳатдан тартибга солиш ва ишлаб чиқаришни мувофиқлаштириш департаменти бошлиғи Рустам Айходжаев ва “Деҳқонобод калий заводи” АЖ бошқарув раиси в.б Тўлқин Зарипов кириш сўзи билан очиб берди. Конференцияда бош муҳандислар томонидан ишлаб чиқариш қувватларидан унумли фойдаланиш, ишлаб чиқариш бўйича муаммоларни кўриб чиқиш ва уларни ижобий ҳал этиш каби мавзуларда тақдимот ўтказилди.

Ундан ташқари бош муҳандислар экологияга доир масалалар, кичик ҳажмдаги янги турдаги - инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқариш самарадорлиги ҳамда маҳаллийлаштириш орқали маҳсулот таннархини пасайтириш каби бир қатор муҳим йўналишлар бўйича ўзаро фикр ва тажриба алмашишди.

Ташриф давомида меҳмонлар “Деҳқонобод калий заводи” АЖнинг қайта ишлаш мажмуаси ва тоғ-кон мажмуаси фаолияти билан яқиндан танишишди ҳамда “Яшил макон” умумиллий лойиҳаси доирасида анъанавий тарзда дарахт кўчатлари экишди.

“Деҳқонобод калий заводи” АЖ Матбуот хизмати