"Ўзкимёсаноат" АЖ

Расмий баёнот

// 10 oktabr 2021 йил
https://special.uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/bayonot-navoiyazot267

“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти тизимидаги “Навоийазот” АЖ фаолияти ҳақида ижтимоий тармоқдаги каналларда дарё суви заҳарланиб, кўплаб балиқлар нобуд бўлганлиги тўғрисидаги хабар тарқалди. Ушбу масала юзасидан “Навоийазот” АЖ жамиятининг бирламчи расмий баёноти эълон қилинди. “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти томонидан олиб борилган ўрганиш натижалари юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.

“Навоийазот” АЖга қарашли 267-қудуқдан ташланаётган оқова сувларидан жорий йил 4-октябрь куни корхона санитар лабораторияси томонидан қўшимча намуналар олиниб таҳлил қилинди. Таҳлил натижалари шуни кўрсатдики, хлоридлар миқдори рухсат этилган нормадан, яъни 300 мг/м3 миқдоридан ошмаган ва миснинг миқдори ҳам рухсат этилган нормага (0,001 мг/м3) яқин бўлганлиги тасдиқланди.

Навоий вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан ҳар чоракда “Навоийазот” АЖ оқова сувлари мониторинги олиб борилади. 2017 йилда олинган намуналарнинг таҳлил натижаларида азот гуруҳи моддаларининг концентрацияси мақоладаги кўрсаткичлардан кўра юқорироқ бўлган. Аммо бундай концентрациялар Зарафшон дарёсидаги балиқларнинг нобуд бўлишига олиб келмаган, яъни ўша йили балиқларнинг нобуд бўлиши қайд қилинмаган.

Шу ўринда балиқ етиштириш хўжаликларида озуқа учун аммоний моддаларидан фойдаланган ҳолда балиқ етиштиришнинг интенсив технологиялари мавжуд эканлигини таъкидлаб ўтиш жоиз. Бунга мисол қилиб балиқ етиштиришда аммофос ўғити берилади. Унинг таркибида эса фосфор ва аммоний бирикмалари мавжуд.

“Навоийазот” АЖ табиатни ҳимоя қилиш ва атроф-муҳит мусаффолигини сақлашни ўзининг асосий вазифаларидан бири ҳамда корхонани узоқ муддатли ривожланишининг асосий шартларидан деб ҳисоблайди. Асосийси табиатни асраб-авайлашни ўзининг биринчи ўриндаги асосий вазифаларидан бири эканлигини англайди. Шу сабаб жамиятда ҳосил бўладиган саноат оқова сувларини дарёга чиқаришдан аввал доимий равишда бирламчи тозалашдан ўтказади. Шунингдек, корхонанинг балансида йирик аҳамиятга эга табиатни муҳофазалаш объекти – Навоий шаҳри ва саноат корхоналари оқова сувларини биокимёвий тозалаш иншооти мавжуд. Биокимёвий тозалаш иншоотига келадиган оқова сувларининг 81 фоизини Навоий шаҳри ва бошқа саноат корхоналари оқова сувлари ташкил қилади.

Юқоридагиларни инобатга олиб, оммавий ахборот воситаларидан вазиятни атрофлича ўрганган ҳолда профессионал журналистик суриштирув ўтказиб холис баҳо беришларини сўраб қоламиз. “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти ва тизимдаги корхона ташкилотларда ташкил этилган матбуот хизматлари журналистлар билан доимо ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини ва уларни қизиқтирган барча саволларга қонун доирасида жавоб беришга тайёр эканлигини маълум қилади. Қўшимча маълумот учун ташкилот Матбуот хизматининг 78 140-74-26 телефон рақамига мурожаат қилишингиз мумкин.

“Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати