"Ўзкимёсаноат" АЖ

“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти томонидан ходимларда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилган семинар ўтказилди

// 04 noyabr 2021 йил
https://special.uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/anticorruption-seminar

“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти Комплаенс хизмати томонидан коррупцияга қарши курашиш ҳамда ходимларда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш мақсадида “Совғалар бериш ва олиш, бизнес-тадбирларни ташкил этиш ва иштирок этиш, вакиллик харажатларини амалга ошириш сиёсати” мавзусида семинар ташкил этилди.

“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамиятида коррупцияга қарши курашиш ва уни олдини олиш мақсадида 10 дан ортиқ ички меъёрий ҳужжатлар қабул қилинган. Мазкур ҳужжатларда белгиланган талабларни ва тартиб томойилларини ходимларга етказиш, ходимларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш ҳамда коррупциоген омилларни олдини олиш мақсадида Комплаенс хизмати томонидан семинар-тренинглар ўтказиб келинмоқда.

Тадбир давомида Комплаенс хизмати бошлиғи Ш.Сағдуллаев “Ўзкимёсаноат” АЖнинг “Совғалар бериш ва олиш, бизнес-тадбирларни ташкил этиш ва иштирок этиш, вакиллик харажатларини амалга ошириш сиёсати”нинг мақсади, мазмун-моҳияти, совға бериш ва олиш, вакиллик харжатларини амалга ошириш, бизнес тадбирларни ташкил этиш ва иштирок этиш тартиби, шунингдек, мазкур тадбирларни амалга оширганда ҳисобдорлик ва коррупцион хавф-хатарларни баҳолаш бўйича презентацион материаллар ёрдамида тушунтириб ўтди.

Семинар иштирокчиларига мазкур сиёсатнинг тамойиллари ва талаблари барча ходимлар учун уларнинг эгаллаб турган лавозимидан қатъий назар мажбурий эканлиги ва давлат мансабдор шахсларига ҳар қандай совға беришни таъқиқланиши тушунтириб ўтилди.

Шунингдек, тадбирда бошқа давлатларнинг совға олиш ёки бериш сиёсатлари билан ҳам йиғилиш иштирокчилари таништириб ўтилди. Жумладан, Қирғизистонда бир шахсдан бир маротаба ($12,5) миқдорида, Тожикистонда бир йил давомида ($541) миқдорида, Россия Федерациясида бир шахсдан бир маротаба 3000 рубль ($41,8) миқдорида, Беларусь давлатида бир шахсдан бир маротаба ($58) миқдорида, Грузияда 300 ларигача ($96) миқдорида, Молдавияда бир йил давомида ($60) миқдорида, Украинада бир шахсдан 2270 грн. ($86,2) миқдорида совғалар олишга рухсат этилганлиги, Сингапур ва Қозоғистонда умуман совғалар бериш ёки олиш қатъиян ман қилинганлиги, Швейцария ва Франциянинг жиноят қонунчилигида совға олиш ёки беришни тақиқловчи талаблар бўлмасада, алоҳида нормалар ёрдамида тартибга солиниши ҳамда Туркманистонда совғалар беришнинг чегаралари умуман ўрнатилмаганлиги қайд этилди.

Тадбир сўнгида ҳар бир жамият ходими коррупцион ҳолатларни олдини олиш ва чек қўйиш учун масъул эканликлари таъкидланди.

“Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати