"Ўзкимёсаноат" АЖ

“Aммофос-Maxam”АЖда пресс-тур: илм, технология ва ишлаб чиқариш уйғунлиги

// 09 aprel 2026 йил
https://special.uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/ammofos-maxam-azhda-press-tur-ilm-tehnologiya-va-ishlab-chiq

“Ўзкимёсаноат АЖ томонидан Олмалиқ шаҳиридаги «Аммофос-Максам» акциядорлик жамиятига оммавий ахборот воситалари вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди. Тадбир давомида журналистлар корхонанинг замонавий ишлаб чиқариш жараёнлари, кенг кўламли модернизация ишлари ва илмий-техник салоҳияти билан яқиндан танишдилар.

Тадбир иштирокчиларига дастлаб экстракцион фосфат кислотаси ишлаб чиқариш жараёни ҳақида батафсил маълумот берилди. У минерал ўғитлар, хусусан, аммофос ва суперфосфат ишлаб чиқаришнинг асосий хомашёси ҳисобланади. Ишлаб чиқариш жараёни асосан дигидрат ёки полугидрат усулида амалга оширилади. Мазкур лойиҳа 1973 йилда ишга туширилган бўлиб, бугунги кунда йилига П₂О₅ ҳисобида 136 400 тонна маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга. Жараён узлуксиз режимда олиб борилади.

Ишлаб чиқариш технологияси фосфат хомашёсини сульфат кислота ёрдамида парчалаш, кальций сульфатни фосфогипс сифатида ажратиш, ҳосил бўлган пульпани фильтрлаш ва фосфат кислотасини ювиш каби босқичларни ўз ичига олади.

Шундан сўнг иштирокчилар ЭФК-2 цехида амалга оширилган модернизация ишлари билан танишдилар. Давлат раҳбарининг 2019 йил 3 апрелдаги қарори доирасида маънан эскирган ускуналар ўрнига замонавий технологиялар жорий этилди. Жумладан, К-100 айланма вакуум-фильтри ўрнига юқори самарадорликка эга ДУ-85/4200 тасмали вакуум-фильтр ўрнатилиб, ишлаб чиқариш самарадорлиги сезиларли даражада оширилди.

Корхонада импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича ҳам муҳим ютуқларга эришилди. Хусусан, 2022 йилдан бошлаб дренаж роликларини маҳаллий шароитда ишлаб чиқариш йўлга қўйилиб, ускуналарнинг чидамлилиги ва хизмат муддати узайтирилди.

Пресс-тур давомида журналистлар Аммофос (2-навбат) цехидаги ишлаб чиқариш жараёнларини ҳам кузатдилар. Бу ерда фосфат кислотасини аммонизация қилиш, маҳсулотни буғлатиш, донадорлаштириш ва қуритиш орқали юқори сифатли минерал ўғитлар тайёрланади.

Шунингдек, иштирокчилар корхона таркибидаги Илмий-тадқиқот кимё-технологик лабораторияси фаолияти билан ҳам танишдилар. Халқаро стандартлар асосида ишловчи мазкур лаборатория маҳсулот сифатини назорат қилиш, янги технологияларни жорий этиш ва ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишда муҳим ўрин тутади.

Умуман олганда, ушбу пресс-тур корхонада амалга оширилаётган ислоҳотлар, инновацион ёндашувлар ва ишлаб чиқариш қувватларини оширишга қаратилган саъй-ҳаракатларни кенг жамоатчиликка етказишда муҳим аҳамият касб этди.