"Ўзкимёсаноат" АЖ

Энергия тежамкорлиги — кимё саноати иқтисодий самарадорлигининг муҳим омили

// 21 may 2026 йил
https://special.uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/20260521

Бугунги кунда кимё саноатида энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш нафақат ишлаб чиқариш харажатларини қисқартириш, балки маҳсулот таннархини пасайтириш ва тармоқ рақобатбардошлигини оширишнинг муҳим омилларидан бирига айланмоқда. Шу нуқтаи назардан, «Ўзкимёсаноат» АЖ тизимида «яшил иқтисодиёт» тамойилларини жорий этиш, энергия тежовчи технологияларни кенг қўллаш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 2 декабрдаги “2030 йилгача Ўзбекистон Республикасининг «яшил» иқтисодиётга ўтишига қаратилган ислоҳотлар самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2022–2026 йилларда ёқилғи-энергетика ресурсларини тежашнинг мақсадли параметрлари белгиланган. Мазкур вазифалар ижроси доирасида «Ўзкимёсаноат» АЖ корхоналари томонидан 2022–2025 йиллар давомида жами 191,4 миллион куб м табиий газ ва 98,0 миллион кВт соат электр энергияси тежалишига эришилди.

Жумладан, 2022 йилда 32,3 миллион куб м табиий газ ва 27,8 миллион кВт соат электр энергияси, 2023 йилда 21,2 миллион куб м табиий газ ва 18,9 миллион кВт соат электр энергияси иқтисод қилинди. 2024 йилда кўрсаткичлар янада ўсиб, 59,7 миллион куб м табиий газ ва 20,5 миллион кВт соат электр энергияси тежалди. 2025 йилда эса 78,2 миллион куб м табиий газ ва 30,8 миллион кВт соат электр энергияси иқтисод қилиниши таъминланди.

Жорий йилнинг биринчи чорагида ҳам ижобий натижалар қайд этилди. Тармоқ бўйича 10,1 миллион куб м табиий газ ва 4,3 миллион кВт соат электр энергияси тежалди.

Хусусан, «Навоийазот» АЖда буғ қозон цехида табиий газ ўрнига ацетилен ишлаб чиқариш жараёнида ҳосил бўладиган синтез-газдан фойдаланиш ҳисобига 6,8 миллион куб м табиий газ иқтисод қилинди.

«Қўнғирот сода заводи» МЧЖ ХКда эскирган дистилляция усулидаги сувни тузсизлантириш ускунаси ўрнига тескари осмос технологияси асосида янги ускуна ўрнатилди. Натижада сув тозалаш қуввати соатига 75 куб м дан 135 куб м гача оширилди ҳамда 1,3 миллион куб м табиий газ ва 189,8 минг кВт соат электр энергияси тежалди.

Шунингдек, технологик агрегатларни юкламага мос равишда бошқариш ва бекор туришларни қисқартириш орқали 2,0 миллион куб м табиий газ иқтисод қилинди. Тармоқ корхоналарида 5 та частотали бошқарув қурилмаси ўрнатилиб, 8 та эски электрдвигател энергия тежамкор замонавий двигателларга алмаштирилди. Бунинг натижасида 610,1 минг кВт соат электр энергияси тежалди.

«Sinoma Energy» компанияси билан ҳамкорликда «Навоийазот» АЖ сув совитиш тизимига 6 та энергия тежамкор насос ўрнатилди. Натижада 2026 йил биринчи чорагида 3,5 миллион кВт соат электр энергияси иқтисод қилинишига эришилди.

Қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш ҳам тармоқдаги устувор йўналишлардан бири бўлиб қолмоқда. Бугунги кунда тармоқ корхоналарида умумий қуввати 12,2 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станциялари ишга туширилди. Ушбу қувватлар ҳисобига 15,2 миллион кВт соат электр энергияси ишлаб чиқарилди.

Жумладан, «Навоийазот» АЖда 5,7 МВт, «Maxam-Chirchiq» АЖда 1,3 МВт ва «Деҳқонобод калий заводи» АЖда 2,5 мВт қувватга эга қуёш фотоэлектр станциялари фойдаланишга топширилди.

Навоий вилоятида қуввати 300 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси ва 75 МВт қувватли энергия сақлаш тизими қурилиши белгиланган. Лойиҳа доирасида йиллик 704 миллион кВт соат электр энергияси ишлаб чиқарилиши режалаштирилган бўлиб, унинг асосий қисми «Навоийазот» АЖ эҳтиёжлари учун йўналтирилади.

Кимё саноатида энергия самарадорлигини ошириш бўйича модернизация ишлари ҳам изчил давом этмоқда. “Maxam-Chirchiq” АЖда «яшил водород» ишлаб чиқариш лойиҳаси доирасида 52 МВт шамол электр станцияси ва йиллик 3 000 тонна «яшил водород» ишлаб чиқариш қуввати яратилди. Ушбу лойиҳа орқали корхонада йиллик 16,0 минг тонна «яшил аммиак» ишлаб чиқариш режалаштирилган.

Шу билан бирга, «Навоийaзот» АЖда азот кислотаси ишлаб чиқариш агрегатларини модернизация қилиш орқали йиллик 9,0 миллион куб м табиий газ тежалиши кутилмоқда. Германиянинг «Linde GmbH» компанияси билан ҳамкорликда янги ҳаво ажратиш блокларини ишга тушириш ҳисобига эса йиллик 25,0 миллион кВт соат электр энергияси иқтисод қилиниши режалаштирилган.

«Maxam-Chirchiq» АЖда эса янги энергия самарадор «Ҳаво ажратиш» блоки қурилиши натижасида йиллик 40,0 миллион кВт соат электр энергиясини тежаш имконияти яратилади.

Бугунги кунда кимё тармоғида амалга оширилаётган ҳар бир энергия тежамкор лойиҳа иқтисодий самарадорликни ошириш, маҳсулот таннархини пасайтириш ва мамлакат энергетик хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилмоқда. Энг муҳими, бу ишлар «яшил иқтисодиёт»га ўтиш жараёнида кимё саноатининг барқарор ривожланиши учун мустаҳкам пойдевор яратмоқда.

Фарҳод Бабаев

«Ўзкимёсаноат» АЖ бош мутахассиси