"Ўзкимёсаноат" АЖ

Ҳамкорлик кўлами кенгаймоқда

// 04 noyabr 2014 йил
https://special.uzkimyosanoat.uz/uz/press/news-uzbekistan/china2014

Ўзбекистон ва Хитой халқлари ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик бугунги кунда янги мазмун касб этиб, изчил ривожланиб бормоқда

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг 2014 йилнинг август ойида Хитойга давлат ташрифи икки томонлама стратегик шериклик муносабатларини янги босқичга кўтарди. Мазкур ташриф доирасида умумий қиймати 5,2 миллиард АҚШ долларига тенг лойиҳалар бўйича йигирмадан зиёд ҳужжат, шунингдек, 800 миллион доллар миқдорида савдо шартномалари имзолангани ва шу тариқа жами 6 миллиард долларлик келишувга эришилгани ўзаро ҳамкорлик кўлами янада кенгайиб бораётганидан далолат беради. 

Мамлакатларимиз ўртасида муносабатлар Стратегик шериклик ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларация, Дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома, Икки томонлама стратегик ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва ривожлантириш ҳақидаги қўшма декларация ҳамда бошқа кўплаб икки томонлама муҳим ҳужжатлар асосида изчил ривожланиб бораётир. Савдо-иқтисодий, сармоявий, илмий-техникавий, гуманитар алоқаларни кенгайтириш, хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш икки томонлама муносабатларда устувор ўрин тутади. 

Ўзбекистон ҳам, Хитой ҳам улкан иқтисодий салоҳиятга эга давлатлардир. Мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик юксак самаралар бермоқда. Ҳамкорликни ривожлантиришдан катта манфаатдорлик туфайли ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ҳам жадал суръатлар билан ўсмоқда. Ўзбекистонда Хитой капитали иштирокида қарийб беш юз қўшма корхона ташкил этилган. Мамлакатимизда Хитойнинг етмишдан зиёд етакчи компаниялари ваколатхонаси фаолият юритаётир. 

Инвестициявий ҳамкорлик кўлами мунтазам кенгаймоқда. Хитойлик кўплаб ишбилармонлар Ўзбекистон бозорига катта қизиқиш билдирмоқда, мамлакатимизга инвестиция киритиб, қўшма корхоналар ташкил этаётир. Бугун Хитой Ўзбекистон бозоридаги энг йирик инвесторлардан бўлиб, мамлакатимиз билан ташқи савдо муносабатларида иккинчи ўринда туради. 

Бугунги кунда мамлакатларимиз юқори технологиялар соҳасидаги турли лойиҳаларни амалга оширишда ўзаро фаол ҳамкорлик қилиб келаётир. Хусусан, 2013 йилда “Жиззах” махсус индустриал зонаси шаклида Ўзбекистон-Хитой юқори технологиялар саноат парки ташкил этилди. Бу ерда мобиль телефонлар, қурилиш материаллари ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. “Жиззах” махсус индустриал зонасида Хитой компанияларининг қиймати эллик миллион доллардан зиёд тўғридан-тўғри сармояси иштирокида ўн бешдан ортиқ қўшма лойиҳа амалга оширилмоқда. Бу мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик самарадорлигининг ёрқин тасдиғидир. 

Ёқилғи-энергетика комплексида ҳам Хитой билан ҳамкорлик изчил ривожланмоқда. Марказий Осиё – ХХР газ қувурининг тўртта тармоғи ҳам мамлакатимиз ҳудудидан ўтиши юксак даражадаги ишонч ва ўзаро манфаатдорликдан далолат беради. Хитой компаниялари Ўзбекистондаги углеводород конларини ўрганиш ва уларни ўзлаштириш жараёнида фаол қатнашмоқда. 

Ўзаро ҳамкорликда мамлакатларимизни боғловчи темир йўл тармоғи барпо этилмоқда. Бу йўл Ўзбекистоннинг Хитой ва Шарқий Осиё давлатларига, Хитойнинг Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатларига чиқишини таъминлайди. 

Ўзбекистон ва Хитой муносабатлари давлатларимиз учун минтақада хавфсизлик, барқарорлик ва тараққиётни таъминлаш борасида ўзига хос платформа бўлган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) доирасида ҳам жадал ривожланиб бормоқда. 

Маданий-гуманитар соҳадаги ўзаро муносабатлар ҳам муҳим аҳамиятга эга. Марказий Осиёда дастлабки Конфуций институтининг айнан Тошкентда ташкил этилгани таълим соҳасида ҳам ўзаро ҳамкорлигимиз изчил ривожланаётганидан далолат беради. 2010 йилнинг июнь ойида Хитой миллатлар марказий университетида ўзбек тили бўлими очилди. 2012-2013 ўқув йилидан бошлаб Пекин чет тиллар университетида ўзбек тили ўқитилиши йўлга қўйилди. Ўзбекистонда хитой тили, адабиёти, Хитойда эса ўзбек тили, маданияти, урф-одатлари ва умуман, мамлакатимизга нисбатан катта қизиқиш билдирилмоқда. 

Икки мамлакатнинг маданият ва санъат вакиллари ўртасида самарали ва фаол муносабатлар йўлга қўйилган. Хитойлик санъаткорлар Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивалида мунтазам иштирок этиб келмоқда. Шунингдек, икки мамлакат маданият арбоблари Ўзбекистон ва Хитойда ўтказиладиган турли кўргазма ва маданий анжуманларнинг фаол қатнашчиларидир. “Ўзбекистон – Хитой” ва “Хитой Халқ Республикаси – Марказий Осиё мамлакатлари” дўстлик жамиятлари маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. 

Мамлакатларимиз ўртасида сайёҳлик соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мамлакатимизнинг сайёҳлик салоҳияти Хитойда ўтадиган халқаро туризм ярмаркаларида мунтазам намойиш этилади. Тошкент ва Шанхай, Самарқанд ва Сиань, Навоий ва Чжучжоу шаҳарлари, Тошкент вилояти ва Хунан провинцияси, Самарқанд вилояти ва Шэньси провинцияси ўртасида биродарлик алоқалари ўрнатилганини қайд этиш жоиз. 

Ўзаро алоқалар ривожланиб боргани сари ахборот алмашинувига бўлган талаб ҳам ортади. Шу боис Ўзбекистон ва Хитойнинг оммавий ахборот воситалари вакиллари ўртасидаги ўзаро ахборот ва тажриба алмашувини янада фаоллаштиришга катта эътибор қаратилмоқда. Яқинда ўзбекистонлик бир гуруҳ журналистлар Хитойнинг Пекин ва Циндао шаҳарларида бўлиб, у ерда босма ва интернет нашрлари ҳамда телерадиоканаллар фаолияти, ушбу соҳада кадрлар тайёрлаш ва мутахассислар малакасини ошириш борасидаги ишлар билан танишди. 

Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги алоқалар бундан буён ҳам ўзаро ишонч, ҳурмат, тенглик ва манфаатдорлик, стратегик шериклик тамойиллари асосида изчил ривожланиб, халқларимиз ўртасидаги дўстона ришталар янада мустаҳкамланиб бораверади. 

Ирода Умарова, ЎзА