"Ўзкимёсаноат" АЖ

ЎзА: “Ўзкимёсаноат” – KOICA: лойиҳа доирасида мастер-план муҳокама қилинди

// 10 iyul 2025 йил
https://special.uzkimyosanoat.uz/uz/press/about-us/uza-uzkimyosanoat-koica-loyiha-doirasida-master-plan-muhokam

Тошкент шаҳрида “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти ва Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) ҳамкорлигида амалга оширилаётган “Ўзбекистонда кимёвий технологиялар маркази салоҳиятини ошириш” лойиҳаси доирасида мастер-планнинг жамоатчилик муҳокамаси бўлиб ўтди.

Тадбирда “Ўзкимёсаноат” АЖ таркибига кирувчи корхоналар, давлат бошқарув органлари, илмий-тадқиқот муассасалари, халқаро ташкилотлар ва хусусий сектор вакиллари иштирок этди.  

Жамоатчилик эшитувида лойиҳа мамлакатимиз кимё саноатини трансформация қилиш, унинг илмий-техникавий салоҳиятини ошириш ва соҳани замонавий технологиялар асосида ривожлантиришга қаратилган муҳим ташаббус экани таъкидланди.  

Лойиҳа доирасида мамлакатимизда 200 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилган. Шу билан бирга, энг замонавий технологик ускуналарни ўрнатиш ва халқаро технологияларни трансфер қилиш ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш мақсад қилинган.  

Шунингдек, лойиҳа доирасида Корея Республикасига 10 нафар докторантура ва 12 нафар магистратура даражасидаги мутахассисларни юбориш кўзда тутилган. Ҳозирги кунда 7 нафар докторант ва 11 нафар магистрант Кореянинг етакчи олий таълим муассасаларида таҳсил олмоқда.  

Жамият ахборот хизматига кўра, Кимёвий технологиялар маркази илмий ва ишлаб чиқариш салоҳиятини бирлаштириш орқали юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришга хизмат қилиши, шу орқали эса Ўзбекистон кимё саноатининг халқаро бозордаги рақобатбардошлигини оширишга кўмаклашиши кўзда тутилган.  

Тадбир иштирокчилари KOICA ва Корея кимёвий технологиялар институти (KRICT) билан йўлга қўйилган ҳамкорликни ижобий баҳолади. Уларнинг фикрича, ушбу лойиҳа нафақат илмий-тадқиқот ва ишлаб чиқариш соҳаларида, балки кадрлар тайёрлаш, технологиялар трансфери ва инвестиция муҳитини яхшилашда ҳам катта имкониятлар яратади.  

Н.Зиёдуллаева, ЎзА