Кейинги йилларда янги Ўзбекистонда жамият ҳаётининг барча жабҳасида улкан ижобий ўзгаришлар кўзга ташланмоқда. Айниқса, юртимизда аёллар фаолиятини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани диққатга сазовордир. Турли вазирлик ва идоралар қаторида “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти жамоаси томонидан ҳам хотин-қизлар фаоллигини ошириш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига кўмаклашиш мақсадида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 7 мартдаги “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан мамлакатимиз иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳасида хотин-қизлар фаоллигини оширишга қаратилган 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган миллий дастур қабул қилинди.
Ҳужжатда бир қатор бошқарма ва муассасаларда аёллар сонини ками
Бугунги кунда “Ўзкимёсаноат” АЖ тармоқ корхоналарида 28 минг 301 нафар мутахассис фаолият юритади, шулардан 9 минг 883 нафари, яъни 35 фоизи аёллардир.
Таъкидлаш жоизки, акциядорлик жамияти бошқаруви раиси ташаббуси билан давлатимиз раҳбарининг юқорида қайд этилган қарори ижросини таъминлаш мақсадида тизим корхоналарида хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчи лавозимини жорий этиш белгиланди.
Маслаҳатчиларнинг вазифалари қаторига аёл ходимларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, аёллар ҳамда эркаклар учун тенг меҳнат шароитларини таъминлаш, шунингдек, жамоа аъзоларининг оилалари фаровонлигини қўллаб-қувватлаш каби муҳим тадбирлар киради. Оилада зўравонлик, аёллар ҳамда қизларнинг ҳуқуқларини поймол қилиш ҳолатларининг олдини олиш, мактабгача таълим муассасаларида бахтли оналик ва бола парвариши учун зарур шарт-шароитларни таъминлаш, халқаро конвенциялар ва Ўзбекистон миллий қонунчилиги меъёрларида белгиланган хотин-қизлар ҳуқуқларига риоя этиш жараёнларини мунтазам назорат қилиб бориш муҳим аҳамият касб этади.
Шу билан бирга, аёлларнинг ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий фаоллиги, давлат ва жамият бошқарувидаги, оналик ҳамда болаликни муҳофаза қилишдаги ролини ошириш учун шарт-шароит яратилмоқда. Ходимларимизнинг касбий ўсиши, илм-фан ва ижод, жисмоний тарбия ҳамда спорт билан шуғулланиши, маданий ҳордиқ чиқариши учун имкониятлар мавжуд.
да 30 фоизга етказиш, хотин-қизларни ўқитиш ҳамда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш учун маблағ ва уй-жой шароитини яхшилашга субсидиялар ажратиш сингари бир қатор вазифалар белгилаб берилди.
Эҳтиёжманд хотин-қизларнинг ижтимоий ҳимояси таъминланган. Хусусан, ёлғиз оналарга ёки ногирон болаларни тарбиялаётган аёлларга дори-дармон сотиб олиш, уй-жойни таъмирлаш учун тўлов, болалар овқатларини сотиб олишлари учун моддий ёрдам кўрсатилмоқда.
Хотин-қизлар орасида тарбиявий ишларни фаоллаштириш, жиноятчиликнинг олдини олиш ва унга қарши курашишнинг замонавий усулларини жорий этиш, ҳуқуқий маданиятни юксалтириш мақсадида 500 дан зиёд аёллар меҳнат қилаётган корхоналарда хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчи, бош мутахассислар, психолог лавозимларини жорий этиш таклифи киритилган. Ҳозирги кунда “Навоийазот” ва “Фарғонаазот” акциядорлик жамиятларида хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчи ҳамда психологлар, “Максам-Чирчиқ” акциядорлик жамияти, “Аммофос-Максам” акциядорлик жамияти ва “Қўнғирот сода заводи”да хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчилар фаолият юритиб келишаётир.
Ўтган йилда “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти томонидан моддий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш доирасида 5 нафар ходимнинг хонадонида таъмирлаш ишлари олиб борилди. 2 минг 766 хотин-қизга дори-дармон сотиб олиш харажатлари тўлаб берилди, 3 минг 779 нафар кам таъминланган оилага озиқ-овқат пакетлари, 26 нафар ёлғиз онага олий ўқув юртларида ўқиётган фарзандларининг таълим олиши учун шартнома пуллари тўлаб берилди. 134 нафар кўп болали онага моддий ёрдам кўрсатилди.
Мамлакатимиз ва корхоналар раҳбариятининг бундай ғамхўрлигига хотин-қизлар меҳнатдаги муваффақиятлар, юксак ижтимоий фаоллик билан жавоб беришмоқда. Жумладан, ўтган йилда “Навоийазот” акциядорлик жамияти полипропилен қоп ишлаб чиқариш цехи оператори Насиба Файзуллаева Президент Фармони билан “Шуҳрат” медали билан тақдирланган бўлса, бундан бир йил аввал шу корхонанинг поливинилхлорид, каустик сода ва метанол ишлаб чиқариш мажмуаси ходими Маҳлиё Шарипова “Келажак бунёдкори” медали билан тақдирланди.
Айтиш керакки, юртимизда акциядорлик жамиятининг хотин-қизлар фаоллигини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасидаги фаолияти юксак баҳоланмоқда. Айнан Ўзбекистон Оила ва хотин-қизлар қўмитаси томонидан ўтказилган “Аёлга саодат беринг” шиори остидаги ижтимоий роликлар танловида “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти аёллари ҳақида тайёрланган видеоролик иккинчи ўринга муносиб, деб топилди.
Бу ҳали ҳаммаси эмас. Олий Мажлис Сенати томонидан ўтказилган “Гендер тенглик фаоли — 2022” миллий танловида аёлларнинг жамиятдаги ролини ошириш, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси томонидан энг фаол корхона сифатида “Деҳқонобод калий заводи” акциядорлик жамияти жамоаси гендер тенгликни таъминлагани учун эътироф этилди. Мазкур корхонанинг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳат кенгаши раиси Мухтасар Каримова жорий йилда “Ибратли оила” кўкрак нишони билан тақдирланди. Қолаверса, ўтган йили мазкур танловда “Навоийазот” акциядорлик жамияти ғолиб бўлган бўлса, ушбу корхонанинг оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Насиба Содиқова “Мўътабар аёл” кўкрак нишони билан рағбатлантирилди.
Жорий йилда акциядорлик жамияти корхоналарида илк бор “Фаол инноватор аёл” кўрик-танлови ўтказилди. Унда кимёгар аёллар 22 та лойиҳа билан иштирок этди. Ғолиблар қимматбаҳо совғалар ва пул мукофотлари билан тақдирланди. Эътиборлиси, танловда ғолиб бўлган хотин-қизлар малака ошириб, ўз корхоналарида раҳбарлик лавозимларини эгаллаш учун захирага киритилди. Энг яхши лойиҳалар корхона маблағлари ҳисобидан амалга ошириш учун таклиф этилади. Келгусида иштирокчилар ўрта махсус маълумотга эга бўлса ҳамда ғолиб бўлса, унга ихтисослаштирилган олий ўқув юртига ўқишга кириш учун тавсиянома берилади, шартнома асосида қабул қилинган иқтидор эгаларига эса харажатлар корхона томонидан тўланади.
Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 21 декабрдаги “Оила ва хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида хотин-қизларни илм-фан, таълим ҳамда илмий-ижодий фаолиятга кенг жалб этиш, замонавий кадрлар тайёрлашда, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар, аёллар бандлигини таъминлашнинг янги механизмларини қўллаш борасида аниқ вазифалар белгиланган эди.
Унинг ижроси доирасида акциядорлик жамиятининг тўрт нафар ходими Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Бизнес ва тадбиркорлик олий мактабида “Корпоратив бошқарувнинг замонавий амалиёти ва тамойиллари” бўйича қисқа муддатли курсда таҳсил олиб сертификатларга эга бўлди. Ва бу билан Кузатув кенгаши таркибига кириш ҳуқуқини қўлга киритди.
Аёнки, бугунги кунда аёллар бандлигини таъминлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Шу боис “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти томонидан хотин-қизлар бандлигини таъминлаш борасида хайрли ташаббуслар амалга оширилаётир. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори ижроси юзасидан ипакчилик йўналиши бўйича кимё саноати корхоналари ходимларининг оила аъзолари учун қўшимча иш ўринлари яратилди. Шу билан бирга, ҳар бир корхонада юқоридаги муаммоларни ҳал қилишда ўзига хос ёндашувлар қўлланилди.
Масалан, “Навоийазот” акциядорлик жамияти томонидан ходимларнинг ишсиз оила аъзолари рўйхати шакллантирилди. Кармана туманидаги “Navoiy Silk Production” акциядорлик жамияти, Навбаҳор туманидаги “Al-Aziz Ipagi” кластери билан 100 нафар пиллакорнинг ҳамкорлиги асосида 112 нафар ипакчининг бандлигини таъминлаш мақсадида меҳнат шартномалари имзоланди. Жами 212 нафар аввал ишсиз бўлган фуқаролар мавсумий иш билан таъминланди. Натижада пиллачилар 10200 килограмм пилла топширди. Шунингдек, “Навоийазот” акциядорлик жамиятига қарашли бўш ҳудудларга 20 минг туп тут кўчати экилди.
Яна бир тизим корхонаси — “Аммофос-Максам” акциядорлик жамияти билан 125 кишини мавсумий ишга жойлаштириш бўйича шартномалар тузилди. Тошкент вилоятининг Бўка туманида “Toshkent Silk Pro” МЧЖ билан 65 нафар, Оҳангарон туманида “Jinjuz Silk Co” МЧЖ ХК билан 60 нафар фуқаро ишга жойлаштирилди. Пиллачилар саккиз тоннадан зиёд пилла топшириб, корхона ҳудудига 20 минг туп кўчат экилди.
“Максам-Чирчиқ” акциядорлик жамияти “Nurafshon Silk Co” МЧЖ билан шартнома тузиб, яна 100 нафар фуқарони вақтинча иш билан таъминлаш мақсадида ипак қурти етказиб беришни ташкил этиб, уларга 5900 килограмм пилла, эркин майдонларга экилган саккиз минг тут кўчати топширилди. Шунингдек, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида “Максам-Чирчиқ” ва “Аммофос-Максам” акциядорлик жамиятлари ҳудудларида “Кимёгар аёллар боғи” барпо этилди.
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, акциядорлик жамияти раҳбарияти ташаббуси билан ишлаб чиқилган хотин-қизлар бандлигини таъминлашга кўмаклашиш дастури асосида “Ўзкимёсаноат” ва “Навоийазот” акциядорлик жамиятида миллий матолар — атлас, адрас, беқасам, табиий ипак, калава, жун ва миллий матоларни қўлда ишлаб чиқариш бўйича ҳунарманд аёлларни жалб этадиган “Навоий адраси” касаначилик цехи ташкил этилиши режалаштирилмоқда. Пировард мақсад эса, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган.
Санобар АБДУРАҲМОНОВА,
“Ўзкимёсаноат” АЖ бошқаруви раиси маслаҳатчиси.
Манба: "Xalq so'zi" - https://xs.uz/uzkr/118981