"Ўзкимёсаноат" АЖ

Она тилининг жозибаси

https://special.uzkimyosanoat.uz/uz/manaviyat/tilimiz-boyligimiz/ona-tilining-jozibasi

Чақалоқлар ҳамма ерда бир хил йиғлайди, аммо уларга ҳар хил алла айтилади дейишади. Ҳақ гап! Бутун табиатда – ҳайвонотда, набототда хилма-хилликни, бетакрорликни кўришимиз мумкин. Аммо бутун ер юзидаги барча инсонлар кўриниш жиҳатдан деярли бир хил. Уларни бир-биридан фарқлашга хизмат қиладиган асосий жиҳат – бу уларнинг турли тилларда сўзлашишидир. Мисол учун, хитойликлар, японлар, корейсларни ташқи кўринишига қараб фарқлаш қийиндир, аммо уларнинг сўзлашишини эшитиб, қайси миллат вакили эканлигини билиб олиш мумкин. Она тили – бу ҳар бир миллатнинг миллат сифатида намоён бўлишини белгилайдиган асосий омилдир. Тилидан айрилган миллатда бошқа ҳеч нарса қолмайди. Мана шунинг учун ҳам жонкуяр ота-боболаримиз тил бирлиги ва софлиги учун кураш олиб борганлар, бутун ҳаётларини бағишлаганлар.

Она тилининг жозибаси турли адабий асарларда, халқ оғзаки ижодида тўла намоён бўлиши бор гап! Тилнинг бутун куч-қудратини намоён қилишда, уни бутун дунёга тараннум этишда улкан сўз санъаткорлари – шоир ва ёзувчиларнинг ижоди беқиёс ўрин тутади. Мени ҳар сафар хайратлантирадиган жиҳат она тилимизнинг ўта бойлиги ва гўзаллигидир. Мисол тариқасида Ҳазрат Навоийнинг мана бу байтини олайлик:

Эл ичра ўтирмоқ юқорироқдин,

Эл ичра ўтирмоқ юқорироқ, бил.

Кўриб турганингиздек, биргина товуш алмашиши натижасида мутлақо янги ва ўзгача маъно ҳосил бўлмоқда. Қизиғи, бу каби мисолларни минглаб топиш мумкин.

Бутун ҳаёт йўли, ёзган асарлари, бетакрор ғазаллари туркий тилнинг бебаҳолигини кўп марта исбот қилиб берган бобомизнинг «Муҳокамат-ул луғатайн» номли икки тил муҳокамасига бағишланган асарининг ёзилиши ҳам ҳеч қандай баҳсларга ўрин қолдирмайдиган муҳим манба ҳисобланади. Ушбу асарни қўлимга олганимда она тилимга ҳурматим янада ошган. Биргина «йиғламоқ» феълининг ҳар хил даражалари борлигини кўриб таажжубланганман. ”Игланмоқ”, «игранмак», «синграмоқ», «ингранмоқ» ва ҳокозо. Дунё тили сифатида эътироф этиладиган инглиз тилида эса биргина «то cрй » сўзи йиғлаш маъносини беради.

Ҳар қандай тил, у қанчалик гўзал бўлмасин, халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллаши, обро-эътибори ва унинг яшаб қолиши, албатта шу тильда сўзлашадиган миллат вакилларига боғлиқ. Тилнинг баҳайбат китобларда савлат тўкиб туриши уни ўлик тилга айланишдан сақлаб қололмайди. Ҳа! Дунёда ўлик тиллар ҳам бор. Бу тилларда ҳеч ким мириқиб суҳбат қурмайди, дил изҳори қилмайди. Бу қандай ачинарли ҳолат. Аммо бир муддат хотиржамликка берилиш, ўз она тилини севмаслик ва ҳурмат қилмаслик, уни ривожлантирмаслик тилни шу ҳолга олиб келиши мумкин. Шунинг учун ҳам Доғистоннинг буюк шоири Расул Ҳамзатов куюнчаклик билан шундай ёзган бўлса керак:

Агар она тилим эрта йўқолса,

Мен бугун ўлишга бўлурман ризо.

Бугун она тилимизнинг қадрини янада ошириш мақсадида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 21-октабрдаги «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқейини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги, 2020 йил 20 октябрдаги «Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» фармони қабул қилинди. Шу билан биргаликда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 10 февралдаги «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорининг қабул қилиниши ўзбек тилининг қадди янада кўтарилишига сабаб бўлмоқда. Бу каби ислоҳотлар она тилимизнинг ривожланиши учун, албатта, ўз ҳиссасини қўшади. Аммо ҳар биримиз ўз она тилимизга ҳурмат билан қарасак, уни бор гўзаллиги, латофати билан авлодларга еткиза олсак, шундагини ўзбек тили асрлар давомида яшаб қолади. Турли соҳадаги ихтиролар, халқаро доираларда қизиқиш уйғотадиган дастурлар, қурилмалар яратиш ҳам ўзбек тилининг жаҳонга бўй чўзишига хизмат қилади. Момоларимиз, боболаримиз сўзлашган тил қанчалар гўзал ва мукаммал. Мана шу тилнинг гўзаллигини ва мукаммаллигини, энг афзал эканлигини ҳис қилиш ҳар биримизга насиб қилсин!

Кумуш Абдусаломова