Алишер Навоийдан буюк мерос боқий қолди. Кўп мутахассислар унинг асарлари сонини 30 га яқин деб кўрсатишади: «Ўттизга яқин (?) назмий ва насрий асарларида йигирма олти мингдан ортиқ сўз қўллаган улуғ шоир адабий ўзбек тилининг грамматик қурилиши хусусида ҳам эътиборга лойиқ фикрларни ўртага ташлаган» (6).
Бу – мантиққа тамоман зид ҳисоб-китоб. Чунки Иоганн Гёте 1680 дан ошиқ, Александр Пушкин 826, Сергей Есенин 527, Михаил Лермонтов 400 дан ортиқ, Вилям Шекспир 38 пьеса, 154 та сонет ёзган.
Наҳотки, улуғ бобомиз шунча кам асар битган бўлса?!
Бу – «асар» сўзини тўғри қўлламасликдан келиб чиққан хато. «Ўзбек тилининг изоҳли луғати» 5 жилдлигида асли арабча бўлган «асар» калимасининг «аломат», «белги», «нишон» маъноларини англатиши айтилиб, унинг бир маъноси «ижодий меҳнат маҳсули» (1; 105) экани қайд этилади. Модомики, шундай экан, ахир, бор-йўғи икки сатрдангина иборат фард ҳам – бир яхлит асарку.
Филология фанлари доктори, профессор Баҳром Бафоев жами 24 банддан иборат рўйхат келтирадида, шундай деб ёзади: “Буюк адибнинг эски ўзбек поэтик тилида юқоридаги асарларида такрорларсиз жами 26035 та сўз учрашлиги маълум бўлди” (2; 93).
Тўғри, бу саноқдаги «Хамса»нинг 5 достони, «Насойим ул-муҳаббат...», «Тарихи анбиё ва ҳукамо», «Хамсат ул-мутаҳаййирин», «Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад», «Ҳолоти Саййид Ҳасан Ардашер», «Тарихи мулуки Ажам», «Маҳбуб ул-қулуб», «Вақфия», «Муҳокамат ул-луғатайн», «Мезон ул-авзон», «Лисон ут-тайр», «Мажолис ун-нафоис» – ҳақиқатан ҳам, асар. Улар 17 та. Қолган 7 номдаги нарса асар эмас, тўплам. Уларнинг ҳар бири бир нечадан асарни ўз ичига қамраб олганку. Булар – «Ғаройиб ус-сиғар», «Бадоэъ ул-васат», «Наводир уш-шабоб», “Фавойид ул-кибар” девонлари, «Назм ул-жавоҳир», «Арбаин», «Муншаот» тўпламлари.
Агар гап шоирнинг бир муқовада жамланган китоблари ҳақида бораётган бўлса, эҳтимол, 30 тача бўлар. Чунки шоирнинг 9 (мухлислари 1466 йили тузган, илмда «Илк девон» номини олган девон, 1471 йили Шерозда тузилган, илмда «Оққуюнли мухлислар девони» (қаранг: 7), ўзи тузган «Бадоэъ ул-бидоя» ва «Наводир ун-ниҳоя» девонлари, «Хазойин ул-маоний»га кирган «Ғаройиб ус-сиғар», «Наводир уш-шабоб», «Бадоэъ ул-васат», «Фавойид ул-кибар» девонлари, ва форс-тожик тилидаги «Девони Фоний») девони, таржима йўли билан яратилган 2 шеърий тўплами («Арбаъин», «Назм ул-жавоҳир»), жами 6 («Хамса»га кирган «Ҳайрат ул-аброр», «Фарҳод ва Ширин», «Лайли ва Мажнун», «Сабъайи сайёр», «Садди Искандарий» ҳамда «Лисон ут-тайр») достони, 2 (шоирлар ҳақидаги «Мажолис ун-нафоис» ва шайхлар ҳақидаги «Насойим ул-муҳаббат мин шамойим ул-футувват») тазкираси, 3 (“Хамсат ул-мутаҳаййирин”, «Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад», «Ҳолоти Саййид Ҳасан Ардашер») маноқиби, тил ва адабиёт назарияси билан боғлиқ 3 («Муфрадот», «Мезон ул-авзон», «Муҳокамат ул-луғатайн») рисоласи, яна 3 («Маҳбуб ул-қулуб», «Вақфия», «Муншаот») насрий-бадиий ва илмий-тарихий асари мавжуд. Шуларни номма-ном санасак, ҳақиқатан ҳам, 30 га яқинлашади, аниқроғи, 29 та бўлади.
«Хазойин ул-маоний»даги мавжуд тўрт девоннинг ҳар бирида ғазалнинг ўзидан нақд 650 тадан, жами 2 минг 600 та борку. «Девони Фоний»да жами 556 ғазал мавжуд. «Хазойин ул-маоний»га кирмай қолган ғазалларини ҳисобга олмаганда ҳам, ўзи девонларига киритган ғазалларининг умумий сони 3 минг 156 тани ташкил этяптику.
Шоирнинг ўзи «Лисон ут-тайр»да назм ва насрдан иборат мероси 100 минг байт атрофида эканини айтиб ўтган:
Назму насрим котиби тахминшунос
Ёзса, юз минг байт этар эрди қиёс (3; 295).
Шоир мероси ҳақида гап кетар экан, энг муҳим икки жиҳатни алоҳида қайд этиб ўтиш лозим.
Биринчидан, бошқа шоир ва ёзувчиларимизга қараганда, Навоийнинг ўзи меросини пухта-пишиқ ҳолда тартибга солиб, китобат қилдириб, келажак авлодларга қолдириб кетган. Чунки умрининг охирларида ёзилган «Муҳокамат ул-луғатайн»да ўзи санаган асарларидан бизгача етиб келмагани йўқ.
Иккинчидан, буюк мутафаккирнинг бутун мероси 1987 – 2003 йиллар мобайнида «Фан» нашриётида 20 жилд сифатида тўлиқ чоп этилди.
Модомики, бугун қўлимизда улуғ шоир ва мутафаккир асарларининг мукаммал нашри мавжуд экан, нега унинг асарлари сонини аниқ қилиб кўрсатиш мумкин эмас?!
Жуда мумкинда. Келинг, бу ишни орқага ташламайликда, ҳозирнинг ўзида масалани ҳал қилиб қўя қолайлик.
20 жилднинг биринчи ва иккинчи жилдларидаги лирик асарларнинг ҳаммаси – 3 – 6-жилдларни ташкил этган «Хазойин ул-маоний»га кирган тўрт девонда бор. Шунинг учун саноқни 3-жилддан бошлаймиз:
3-жилд: «Ғаройиб ус-сиғар» – 650 ғазал, 1 мустазод, 3 мухаммас, 1 таржиъбанд, 1 маснавий, 50 қитъа, 133 рубоий, яъни жами – 839 асар.
4-жилд: «Наводир уш-шабоб» – 650 ғазал, 1 мустазод, 3 мухаммас, 1 таржиъбанд, 1 таркиббанд, 50 қитъа, 52 муаммо, яъни жами –758 асар.
5-жилд: «Бадоэъ ул-васат» – 650 ғазал, 1 мустазод, 2 мухаммас, 2 мусаддас, 1 таржиъбанд, 1 қасида, 60 қитъа, 10 чистон (луғз), 13 туюқ, яъни жами –740 асар.
6-жилд: «Фавойид ул-кибар» – 650 ғазал, 1 мустазод, 2 мухаммас, 1 мусаддас, 1 мусамман, 1 таржиъбанд, 1 соқийнома, 50 қитъа, 86 фард, яъни жами –793 асар.
7-жилд: «Хамса»даги «Ҳайрат ул-аброр» достони, яъни 1 асар.
8-жилд: «Хамса»даги «Фарҳод ва Ширин» достони, яъни 1 асар.
9-жилд: «Хамса»даги «Лайли ва Мажнун» достони, яъни 1 асар.
10-жилд: «Хамса»даги «Сабъайи сайёр» достони, яъни 1 асар.
11-жилд: «Хамса»даги «Садди Искандарий» достони, яъни 1 асар.
12-жилд: «Лисон ут-тайр» достони, яъни 1 асар.
13-жилд: «Мажолис ун-нафоис» тазкираси, яъни 1 асар.
14-жилд: «Маҳбуб ул-қулуб», «Муншаот» тўплами (ҳар бири алоҳида-алоҳида битилган 103 мактуб), «Вақфия» асарлари, яъни жами – 105 асар.
15-жилд: «Хамсат ул-мутаҳаййирин» маноқиби, «Ҳолоти Саййид Ҳасан Ардашер», «Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад» ҳолотлари, «Назм ул-жавоҳир» тўплами (255 рубоий), яъни жами – 258 асар.
16-жилд: «Муҳокамат ул-луғатайн», «Мезон ул-авзон», «Тарихи анбиё ва ҳукамо», «Тарихи мулуки Ажам», «Арбаъин» (40 қитъа), «Сирож ул-муслимин», «Муножот», «Рисолаи тийр андохтан» (бу рисола услубан Алишер Навоий ёзган асарга мутлақо ўхшамайди, шунинг учун унинг шоир асарлари сирасига киритилгани – баҳсли) асарлари, яъни жами – 47 асар.
17-жилд: «Насойим ул-муҳаббат мин шамойим ул-футувват» тазкираси, яъни 1 асар.
18-жилд: «Девони Фоний» (бошланиш қисми) – 270 ғазал.
19-жилд: «Девони Фоний» (давоми) – 286 ғазал.
20-жилд: «Девони Фоний» (давоми) – 1 мусаддас, 1 марция, 64 қитъа, 72 рубоий, 16 таърих, 266 муаммо, 9 луғз (чистон) (Бу ҳисоб-китоблар «Девони Фоний»да жами 985 асар борлигини кўрсатяпти); «Ситтаи зарурия» тўплами (6 қасида – «Руҳ ул-қудс», «Айн ул-ҳаёт», «Туҳфат ул-афкор», «Қут ул-қулуб», «Минҳож ул-нажот», «Насим ул-хулд»), «Фусули арбаа» тўплами (4 қасида – «Саратон», «Хазон», «Баҳор», «Дай»), «Муфрадот» асари, яъни жами – 440 асар.
Шундай қилиб, Алишер Навоийнинг ўзи китобларига киритган асарлари умумий сони 4 минг 544 (1 асарни у ёзгани баҳсли экани ҳисобга олинса, 4 минг 543) тани ташкил этади.
«Мукамаал асарлар тўплами»нинг 20-жилдига «Расмий девонларга кирмаган шеърлар» ҳам берилган. Уларнинг сони қуйидагича: 35 ғазал, 4 қитъа, 1 марция, 1 тахмис, булардан ташқари, турли манбаларда Алишер Навоийга нисбат берилган 14 байт илова қилинган. Агар бу иловалардаги фақат битган 41 асарнигина қўшганда ҳам, умумий рақам 4 минг 585 тани ташкил этади.
Демак, ишонч билан айта оламизки, Алишер Навоий 60 йилга яқин умри мобайнида 4 мингу 585 та асар яратган!
Бу ерда келажакда аниқлик киритилиши зарур бўлган икки нозик нуқта – бор. Биринчиси – шуки, «Назм ул-жавоҳир»даги шеърлар – арабийдан, «Арбаин»даги шеърлар – форсийдан таржима қилинган асарлар. Аммо навоийшунослигимизда ҳали улар қай даражадаги ёки қайси типдаги таржималар экани илман аниқлаштириб берилганича – йўқ. Иккинчиси – шуки, бу соҳиби қаламнинг наср ва назм аралаш қилиб битилган асарларидаги шеърий парчаларни ҳам алоҳида, яъни мустақил асарлар ҳисоблаш мумкинми ёки йўқлигига аниқлик киритиш – лозим. Қизиғи, улар орасида ҳам бировларнинг ё назмий, ё насрий фикрларини шеърга солиш ҳодисаси – бор. Бу шеърий парчаларга асос бўлган манбаларнинг катта қисми эса ё арабий, ё форсий матн бўлган. Демак, бу ерда ҳам таржимавийлик ҳодисаси юз берган.
Ҳозирча, биз бу шеърий парчаларни мустақил асарлар таркибига киритмадик.
Инсоннинг табиати – қизиқ, ҳамманинг хотираси ҳам унчалар ишончли бўлавермайди. Агар, мабодо, бировга иккита маълумот айтсангизу, кейин текшириб кўрсангиз, ана шу икки ахборотдан биттаси бу одамнинг ёдида мустаҳкам қоладию, у иккинчисини унутади. Хўш, қайси бири эсда қолади? Муайянроғи. Қандай маълумот муайян ҳисобланади? Аввало, рақами бори.
Дейлик, Тошкентдан Бухорога автомобилингизда жўнаяпсиз. Йўл-йўлакай Самарқандда – Мирзо Улуғбек расадхонаси бекатида бир оғайнингиз сиз билан кўришиб, китобини бериб юбормоқчи. Унга қўнғироқ қилиб, икки маълумотдан иборат ахборотни етказасиз:
– Соат бешларда Самарқанддан ўтсак керак. Булунғурга борганимизда яна қўнғироқ қиламан, – дейсиз. Мақсадингиз – аниқ: биродарингиз бир дақиқа ҳам овора бўлмасин, Булунғурга етганда у уйидан чиқса ҳам, бемалол ўз вақтида бекатга боради.
Ана, кўрасиз, биродарингиз беш деганда бекатда бўлади. Чунки у икки ахборотдан ичида рақами борлигини қаттиқ «тутиб» олди, иккинчи ахборот билан ҳисоблашиб ҳам ўтирмади. Ҳолбуки, сиз Ғаллаоролда тўхтаб, бемалол бир соат овқатландингиз, Мирзо Улуғбек бекатига мўлжалингиздаги бешларда эмас, олтидан ҳам ўтганда етиб келдингиз, дейлик. Оғайнингиз қор ёғиб турган совуқ ҳавода нақд бир ярим соат тик туриб сизни кутди. Айб – ўзида: «Аллоҳ»ини эшитгану, «-берди»сини эшитмаган.
Муқаддас динимиздаги ақида шундайки, Аллоҳнинг шериги – йўқ. Қози бир маҳбусдан:
Ҳолбуки, бу кимсанинг оти «Аллоҳберди» экан. «...Берди»сини айтиб улгурмабди бадбахт.
Гапни бунчалар узоқдан олиб келаётганимизнинг сабаби – бор.
Навоий лирикасини тадқиқ қилган Ёқубжон Исъҳоқов шоирнинг «Хазойин ул-маоний»га кирган 4 девонида жами 16 лирик жанрга оид шеърларини киритганини қайд этган (4; 10). Шу-шу кўплар матбуот, радио ва телевидение орқали чиқишларида, турли учрашувларда зиёлилар билиб-билмай: «Навоий 16 жанрда ижод қилган», – дейдиган бўлиб қолди. Биргина мисол билан чекланамиз: «Алишер Навоий 16 та адабий жанрда ижод қилган» (8). Бу жумладаги «адабий» сўзи ўрнига «лирик» сўзи қўлланса эди, фикр тўғри бўлар эди.
Шу ахборотни газета ёки журналда ўқисангиз ҳам, радио ёки телевидение орқали эшитсангиз ҳам, унинг мутлақо хато эканини муаллиф ёки сўзловчига ҳам, энг ёмони минг-минг ўқувчи ёки тингловчига ҳам айта олмайсиз. Оқибатда ўқиганлару эшитганлар онгида шу асоссиз фикр муҳрланиб қолаверади. Бу хатони тузатиш – керак.
Келинг, яхшиси, Алишер Навоий айнан нечта жанрда асарлар яратганини аниқлаштириб олайлик. Ахир, бу масалани аниқ-тиниқ аниқлаш учун қўлимизда унинг «Мукаммал асарлар тўплами» – бор, демак, санаш унчалар мушкул иш эмас.
«Хазойин ул-маоний»га кирган девонлардаги жами 16 жанр – қуйидагилардан иборат: ғазал, мустазод, мухаммас, таржиъбанд, (лирик) маснавий, қитъа, рубоий, таркиббанд, муаммо, мусаддас, қасида, чистон (луғз), туюқ, мусамман, соқийнома, фард. Бу саноқда жанрларни «Хазойин ул-маоний» девонларида учраган тартиб бўйича келтирдик.
Маълумки, шоир форс-тожик тилида «Фоний» тахаллуси билан битилган лирик асарларини «Девони Фоний»га жамлади. Бу тўпламда «Хазойин ул-маоний»га кирган девонларда учрамайдиган 2 та лирик жанр мавжуд. Булар – марция билан таърих.
Шунинг учун, Навоий туркий ва форсий тильда жами 18 лирик жанрда ижод қилган, деб ҳисоблашимиз зарур.
19-жанр – дебоча. Шоир ўзи тузган дастлабки девон бўлмиш «Бадойиъ ул-бидоя»га ҳамда «Хазойин ул-маоний»га алоҳида-алоҳида «Дебоча»лар битади.
20-жанр – муножот. Улуғ мутафаккирнинг навоийшуносликда «Муножот» номи билан машҳур бўлган ихчам насрий асари жанрини шундай белгилаш мумкин. Аслида, Навоий лирик асарлари орасида ҳам муножот-ғазал, муножот-рубоий ва бошқалар бор, олти достони бошланиш қисмларида ҳам муножот боблар мавжуд. Лекин илмда дастлаб шоирнинг ўзи тузган «Куллиёт»и учун махсус сўзбоши сифатида ёзилган деб қаралган, кейинроқ эса Аллоҳга тавба-тазарру ва илтижолар қилиш илинжида махсус битилган асар сифатида баҳоланган бу насрий асар жанрини «муножот» белгилашдан бошқа йўл йўқ қолмади.
21-жанр – достон. «Хамса»даги беш асар («Ҳайрат ул-аброр», «Фарҳод ва Ширин», «Лайли ва Мажнун», «Сабаъйи сайёр», «Садди Искандарий») ҳамда «Лисон ут-тайр» – достон. Уларни «маснавий» деб аташ ҳам расм бўлган. Бироқ биз бугун «Хазойин ул-маоний»да ҳам жуфтқофияга асосланган байтлардан иборат 1 лирик маснавий, яъни Навоийнинг устозларидан бири Саййид Ҳасан Ардашерга йўллаган шеърий мактуби ўрин олган. Агар кейин санаганимиз олти лиро-эпик асарни ҳам «маснавий» десак, уларни лирик маснавий билан бир жанр деб ҳисоблашимизга тўғри келади ва бу илман хато бўлур эди. Шунинг учун биз бу олти асар жанрини «достон» деб ҳисоблаш тарафдоримиз. Бу олти достонга нисбатан «маснавий» атамасини ҳам қўллашга ҳеч ким қарши эмас. Аммо бу жанрни эмас, шеърий шаклни билдириб келишини унутмаслик керак. Жанрни белгилашда эса, шаклий хусусиятлардан ташқари, мазмун жиҳати ҳам жиддий ҳисобга олинади.
22-жанр – тазкира. Навоий 2 та тазкира яратган. «Мажолис ун-нафоис» – шоирлар ва «Насойим ул-муҳаббат мин шамойим ул-футувват» – шайх-авлиёлар ҳақидаги тазкира.
23-жанр – ижтимоий-публицистик панднома. «Маҳбуб ул-қулуб» – шу жанрда битилган. Пандона йўналишига кўра, у тип жиҳатидан Кайковуснинг «Қобуснома», Саъдийнинг «Гулистон», Жомийнинг «Баҳористон» асарларига ўхшаса ҳам, бунда ижтимоий-публицистик руҳ устунлик қилади. Шунинг учун унинг жанри шу тарзда белгиланди.
24-жанр – мактуб (иншо). «Иншо» сўзининг тилимизда таълим жараёнида бирон-бир мавзуда битиладиган ижодий ишни англатишини ҳам ҳисобга олсак, бу жанрни ифодалашда «мактуб» истилоҳи маъқулроқдек кўринади. Шоирнинг ўзи турли замондошларига битган 103 мактубини «Муншаот» номи билан алоҳида тўплам қилган.
25-жанр – ҳолот-маноқиб. «Хамсат ул-мутаҳаййирин» маноқиби, «Ҳолоти Саййид Ҳасан Ардашер», «Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад» ҳолотлари шу тоифага киради. Муайян бир тарихий шахс ҳақида битилган бу уч асар мусулмон Шарқи адабиётидаги анъанавий маноқибларга айнан ўхшамайди. Шунинг учун улардан иккитаси номига муаллифнинг ўзи «ҳолот» сўзини қўшган. Лекин уларда маноқиблик хусусиятлари ҳам йўқ эмас. Шуларни ҳисобга олганда, бу жанрни, шартли равишда, «ҳолот-маноқиб» деб атадик.
26-жанр – илмий рисола. Икки (форсий ва туркий) тил қиёси ва туркий тил фазилатлари хусусидаги «Муҳокамат ул-луғатайн», аруз вазни назариясига бағишланган «Мезон ул-авзон» ҳамда форс-тожик тилида ёзилган муаммо жанри назариясидан иборат «Муфрадот» асари айнан шу жанрнинг типик намуналари ҳисобланади.
27-жанр – тарихий рисола. Аслида, тарих ҳам илм ва Навоийнинг «Тарихи анбиё ва ҳукамо» ҳамда «Тарихи мулуки Ажам» асарларини ҳам илмий рисолалар таркибига киритиш мумкиндир. Бироқ бу ерда тарих буюк бадиий қалам соҳиби тарафидан битилган. Шунинг учун унда воқеа-ҳодисалар баёни оддий илмий тарихлардан кескин фарқ қилади. Шунинг учун бу икки асар жанрини «тарихий рисола» тарзида белгилаш лозим кўрилди. Номларидан ҳам англашилиб турганидек, «Тарихи анбиё ва ҳукамо»да пайғамбарлар ва ҳакимлар, яъни файласуф донишмандлар ҳаёти ҳақида маълумотлар берилиб, уларнинг эътиборли сўзларидан намуналар келтирилади ҳамда «Тарихи мулуки Ажам»да эса Эрон подшоҳлари тарихи ёритилади, бу тарих муайян тизимга солинади. Бу икки асарини Навоийнинг ўзи бир умумий ном остида бириктириб, «Зубдат ут-таворих» деб ҳам атайди (қаранг: 5; 26).
28-жанр – вақфнома. Навоийнинг 40 ёшида, яъни 1481 йили битган «Вақфия» асари жанри шу тарзда белгиланди. Чунки бу асар шу қадар ўзига хоски, моҳиятан уни бошқа жанрга қўшиб бўлмайди.
29-жанр – назмий рисола. «Сирож ул-муслимин» асарини шунга киритиш керак. Чунки бу асар амалда шариат тартиб-қоидалари ҳақидаги рисола. Фақат у назмий йўл билан битилган, холос. Бу асарда назм бор, лекин у шеър эмас. Шеърда шуур бўлиши – керак.
30-жанр – назмий таржима. «Арбаъин» билан «Назм ул-жавоҳир»ни шу тоифага киритиш керак. Ҳазрат Абдураҳмон Жомий Муҳаммад(с. а. в.)нинг 40 ҳадисини танлаб, форс-тожик тилида назмий йўл билан 40 қитъа тарзида қайта яратади. Навоий пири ва устозидан рухсат сўраб, шу назмий матнни ўзбек тилига таржима қилади. «Назм ул-жавоҳир»нинг юзага келиши ҳам шунга ўхшайди. Ундаги 255 рубоий чаҳорёрлардан бири, тўртинчи халифа бўлмиш Ҳазрат Алининг ҳикматли сўзлари асосида битилган.
31-жанр – тахмис. Аслида, «мухаммас» ва «тахмис» сўзлари бир маънони, яъни ҳар банди беш мисрадан ташкил топган, қофиялари ааааа, бббба, вввва ва ҳоказо тарзда бўлган лирик жанрни билдиради. Бироқ ҳозирги адабиётшунослигимизда бу жанрнинг бир муаллиф тарафидан битилган оҳорий (оригинал) намуналарини «мухаммас», бир муаллифнинг ғазали байтлари олдидан ўша мисраларга шаклан ва мазмунан мос равишда 3 сатрдан қўшиш асосида битилган намуналари эса «тахмис» дейиш расм бўла боряпти. Шунга кўра, биз ҳам тахмисни алоҳида жанр сифатида ажратдик. Навоий ижодида тахмиснинг 2 тагина намунасини учратамиз. Биринчиси – «Хазойин ул-маоний»нинг иккинчи девони бўлмиш «Наводир уш-шабоб»даги Лутфийнинг:
Кўкдадур ҳар дам фиғоним кўргали сен моҳни,
Даъвийи меҳрингга тонуқ тортадурмен оҳни, –
деб бошланадиган ғазалига боғланган. Иккинчиси «Мукаммал асарлар тўплами»нинг 20-жилди «Расмий девонларга кирмаган шеърлар» қисмида берилган Ҳусайнийнинг:
Ғунчайи хандон бориб, кўнглумда қолди хор-хор,
Тинмағур жонимға онсиз дуняда бори не бор?! –
матласи билан бошланадиган ғазалига боғланган тахмис.
20 жилдлик «Мукаммал асарлар тўплами»га киритилган «Рисолайи тийр андохтан» асарининг тили ва услуби таҳлили унинг Навоий қаламига мансуб эканига шубҳа туғдиради учун унинг жанрини белгилашга уриниб ўтирилмади.
Шундай қилиб, Алишер Навоий бутун ижодида жами 31 адабий-ижодий жанрда асар яратгани аёнлашди.
Шунинг ўзи ҳам – баъзи олимларимиз ўйламай-нетмай келтирган рақамдан икки баробар кўп.
Султонмурод ОЛИМ,
филология фанлари номзоди, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети доценти в. б., Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими
Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:
Китоблар:
5. Алишер Н а в о и й. Мукаммал асарлар тўплами. 20 томлик. Т. 16. – Тошкент: Фан, 2000.
Журнал ва газеталар:
6. Д а д а б о е в Ҳ. Буюк тилшунос. // Ўзбекистон адабиёти ва санъати, 2016 йил, 5 февраль.