"Ўзкимёсаноат" АЖ

«Самарқанд ҳам фатҳ этилса, Самарқандда ўзинг ўтир» – Бобурнинг Ҳумоюнга ёзган мактуби, бошқарув сиёсати ва ҳаётидаги муҳим нуқталар

https://special.uzkimyosanoat.uz/uz/manaviyat/ajdodlarga-ehtirom/boburning-hunoyunga-yozgan-maktubi

Заҳириддин  Муҳаммад Бобур ҳақида сўз кетганда, ҳамиша шоҳ ва шоир деган таърифга дуч келамиз. Уларнинг бирини иккинчисидан устун қўйиб бўлмаслигини яхши биламиз. Шоҳ ва шоир Бобур деган бу ифодага аллақачон ўрганиб бўлганмиз. Ҳамма гап қисматга битилган  мана шу шоҳлик ва шоирликда эканини ҳам тушунамиз. Тақдир бундай бир-бирига мувофиқ келиши қийин бўлган икки аъмолнинг рафторидан чигаллашиб, оғир йўлга кирганини ҳам тасаввур қиламиз: шоҳлик сиёсати, шоирликнинг ҳазин изтироблари... Бу тасаввурлар Бобурнинг юрт эгаллаш учун кечган жанглари, баъзан қаттиққўллик билан олиб борган сиёсати мужассам воқелик ва кўнгил ўртасида кечадиган  катта кураш майдонига ўхшайди, гўё.

 

Даврон мени ўткарди сар-у сомондин,

Ойирди мени бир йўли хонумондин

Гаҳ бошима тож, гоҳ балойи таъна,

Неларки бошимға келмади даврондин.

 

Шоҳлик азобларини бошидан кечирган, уларни шоир кўнглидан ўтказган Бобурнинг бундай ҳасби ҳол рубоийлари, «Бобурнома» ўзгача фикрлашга имкон бермайди. Дунё китобхонлари севиб ўқийдиган  инглиз, немис тилларидаги «Бобур – йўлбарс», «Фарғоналик шаҳзода», «Тож кийган дарвеш» каби асарларда ҳам, ўзбеклар орасида шуҳрат топган «Юлдузли тунлар» («Бобур») романида ҳам  Бобур ҳақидаги бу тасаввурлар ўзгармайди. Чунки уларнинг ҳаммаси «Бобурнома»га таяниб ёзилган. «Бобурнома» эса улкан ва ноёб манба. Ундаги маълумотлар, ахборотлар, таъриф, тавсиф ва талқинлар ҳамма замонларда қимматли аҳамият касб этиб келмоқда. «Бобурнома»ни ўқиш –  Бобурни таниш демак. Бобурни янада яхшироқ билиш, унинг кўнглидаги қувончу ҳасратга ошно бўлиш истаги унинг шеърларини ўқишга ундайди. Шеърларни ўқиймиз. Кўнглимиз ҳам осмон қадар юксалгандек бўлади, нимадир жонимизни ўртайди, томирдаги қонимизнинг шовуллаб оқаётганини ҳис қила бошлаймиз... ва ўзини, тақдирини излаётган Бобурни таниймиз.

 

Не толеъдур, мангаки, ахтари бахтим топилмайди,

Фалак авроқини ҳар нечаким дафтардек ахтардим,

 

 деб ёзғиради у.

 

Ҳа, фалакни дафтардек қанча варақлаб кўрмасин, шоир у ердан ўз бахтининг юлдузини тополмади. Тақдир битикларидан истаганингни тополмас экансан, яхшию ёмон ишларни кечирган бу бош учун  ўзгаларнинг таънаю таърифлари бирдек эмасми?  Бошидан шунча савдоларни ўтказган шоир ўзгалар гап-сўзининг «қадр»и нечоғли эканлигини жуда эрта англаб етган эди:

 

Улуснинг таън-у таърифи манга, Бобур, баробардур,

Бу оламда ўзумни чун ямон-яхшидин ўткардим.

 

Биз буларнинг ҳаммасини шеърнинг сеҳри деб ҳам ўйлаймиз. Бизни юксакликка ундаётган қанотларимизни йиғиб олмоқчи бўламиз. Чунки шеър тугаб, ҳаёт бошланаётгандек – Бобурни таниш, англаш истагида «Бобурнома»ни ўқишга тутинамиз. Бобурнинг жангу жадалга, яшаш учун курашга, ўзи истагандек катта бир давлатни барпо этиш йўлидаги буюк ишларига ҳамроҳ бўламиз. Гоҳ  жанг билан, гоҳ сулҳ билан эгалланган ерлар, мамлакатлар, ...йўқотишлар ортидан келган топишлар. «Бобурнома»ни ўқир эканмиз, бирдан қанотларни йиғиш эмас, аксинча уларга эрк бериш кераклигини  англай бошлаймиз.

 

Муаллифнинг ўзи «Вақоэъ» – «Воқеанома» деб атаган бу асар Бобур кўнглининг изҳори. Унда шоҳ ва шоир Бобурнинг бутун истеъдоди намоён.

 

Асарнинг муайян қисмида ўзининг улкан мақсади, орзуларини амалга ошириш истагида жангу жадаллар ичра сарсон-саргардон юрган Бобур  қаттиққўл ва моҳир саркарда қиёфасида намоён бўлади. Оз сонли қўшини билан Султон Иброҳимнинг шу қадар кўпсонли лашкарини ярим кунда ер билан яксон қилишга муваффақ бўлгани ҳақида «Бобурнома» муаллифи  шундай ёзади:

 

...Тўлғамага тайинланган аскарларга ўнг ва чап қўлдан душманнинг орқа томонига ўтиб, ўқ отиб уруш бошлашлари, ўнг ва чап қанотлардагилар ҳам душман билан олишишлари  учун фармон бўлди. Тўлғамадагилар душман орқасига ўтиб, ўқ ота бошладилар. Чап қанотдаги Маҳдий Хожа  жангни ҳаммадан олдин бошлаб юборди. Маҳдий Хожага қарши бир тўда аскар бир фил билан бостириб келди. Маҳдий Хожанинг одамлари жуда кўп ўқ отиб, уларни чекинишга мажбур қилди. Чап қанотга марказдан  Аҳмадий парвоначи, Турдибек Қўчбек ва Муҳиб Али халифа ёрдамга юборилди. Ўнг қанотда ҳам жанг бошланиб кетди.

 

Муҳаммад Али кўкалдош, Шоҳ Мансур барлос, Юсуф Али ва Абдуллога марказ қўшини олдида туриб жанг бошлаш буюрилди. Устод Алиқули ҳам  марказ қўшини олдида туриб фаранги (Фаранги – Европадан келтирилган отиш қуроли)дан отди. Мустафо тўпчи ҳам марказий қўшиннинг чап қанотидаги арава устидаги зарбзандан яхши зарбалар берди. Ўнг қанот, чап қанот, марказ ва тўлғамадагилар душманни ҳар тарафдан ўраб олиб,  устига ўқ ёғдириб, жангга астойдил киришдилар.


«Бобурнома» саҳифаларида олиб борилган урушларнинг бу каби тафсилотлари кўп учрайди. Лекин воқеаларнинг бундай тасвирланиши «Бобурнома»ни фақат жангнома сифатида баҳолашга имкон бермайди. Шу боис, Бобурни Юлий Сезарга қиёслаган катта олимлар, сиёсатчилар, унинг дилбар инсон, гўзал қалб эгаси эканлигини алоҳида эътироф этганлар, «Бобурнома»ни Сезарнинг «Комментарийлар»идан устун қўйганлар. Чунки Бобурнинг асари улкан қалб соҳибининг битикларидир.


Умри асосан сарсон-саргардонликда ўтган Бобур ўзини ҳамиша назорат қилишга ўрганган эди. Ҳар бир хатти-ҳаракати учун доим ўзига ҳисоб бериб борар, бирор ножўя иш содир бўлса, унинг сабабини қидирар ва кўпинча, бу сабабни ўзидан топар ва хатосини тўғирлашга ҳаракат қиларди. Албатта, ёшлик шавқи, руҳ эркинлиги, қалбнинг жўшқин истаклари уни ҳам кўнгилнинг кўчаларига кўп бор олиб кирган. Шуларни эслар экан, адиб «Бобурнома»да шундай ёзади:

 

Илгарилари яхшими-ёмонми, жиддийми ё ҳазилми, нима хаёлимга келса, мутойиба йўли билан баъзан шеър қилиб айтардим, – деб ёзади Бобур. – Жуда ёмон ва қўпол шеър бўлса ҳам ёзиб қўйиларди. «Мубаййин»ни шеърга солаётган чоғим, ожиз хаёлимга ва маҳзун кўнглимга сўзларни бундай қайд этган тилга ва фикрни ёмон сўзларга сарфлаган кўнгилга ҳайф; бундай маънони пайдо қилган ва яна қўпол хаёлларни хотирга келтирган ундай кўнгилга афсуслар бўлсин, деган фикр келди.

 

Бир-икки кун ўтиб, Бигромга келиб тўхтаганимизда тумов бўлиб, иситмаладим. Бу шамоллашим йўталга олиб келди. Ҳар йўталганда қон тупурардим, кўп иситмаладим. Бу иситма қондан эди. Дард қайэрдан эканлигини тушундим...

 

Не қилайин сенинг била, эй тил,

Жиҳатингдин менинг ичим қондур,

Неча яхши десанг бу ҳазл ила шеър –

Бириси фаҳш-у бири ёлғондур,

Гар десанг куймайин бу журм била,

Жилавингни бу арсадин ёндур.

 

Тавба қилиб... , яна бошдан гуноҳларимни кечиришини ёлвориб, узр сўраб, кўнгилни бундай бўлмағур хаёллардан, номуносиб ишлардан тиндириб, қаламни синдирдим....

 

Сўзга бундай муносабат  унинг иймон-эътиқоди билан боғлиқ. Шоҳлиги каби сўзни Бобур қисмат деб билди. Шунинг учун руҳиятидаги маҳзунлик, танасидаги дард ҳам сўзга боғлиқлигини ҳеч кимга ўхшамаган даражада ҳис этарди. Асарнинг яна бир ўрнида тўғри – ҳақ сўзнинг танасидаги дарддан халос бўлиш учун ёрдам берганини бошқа бир воқеага боғлаб шундай эслайди:

 

... жума куни танамнинг ҳарорати кўтарилди. Жума намозини масжидда қийналиб ўқидим. Кейинги куни пешин намозини эҳтиёткорлик билан китобхонада анча вақт ўтказиб ўқидим. Индини – якшанба куни иситмам чиқиб, озроқ титроқ тутди.

 

Сафар ойининг йигирма еттинчисида, сешанба куни кечаси ҳазрат Хожа Убайдуллоҳнинг «Волидия» рисоласини назмда битиш кўнглимдан ўтди. Ҳазаратнинг руҳига илтижо қилиб, кўнглимдан ўтказдимки, агар бу манзума ҳазратга мақбул бўлса, «Қасидаи Бурда» мақбул тушиб, фалаж касалидан холос бўлгани каби мен ҳам бу хасталикдан қутулгайман ва бу назмимнинг қабулига далил бўлгай. Шу ният билан рисолани  назм этишни бошладим.   Ўша кеча ўн уч байт айтилди. Мен ҳар куни ўн байтдан кам ёзмаслик мажбуриятини олдим. Адашмасам, фақат бир кун ёзолмадим. Ўтган йили ва умуман, ҳар сафар шу хасталик бошланса, у камида бир ой давом этарди. Тангри инояти билан, ҳазратнинг ҳимматидан ойнинг йигирма тўққизинчисида, пайшанба куни бир оз руҳсизландим ва шу билан бу касалдан халос бўлдим. Раби ул-аввал ойининг саккизинчисида, шанба куни рисола сўзларини назмга солиб тугатдим. Бир куни эллик икки байт ёзилди.

 

«Бобурнома»даги бундай инончларнинг ифодаси, уларнинг таъбири, айниқса,  Бобур тақдирида Хожа Аҳрор билан боғлиқ воқеалар талқини унинг хориқудоддаги истеъдоди ҳақида ўйлашга мажбур қилади. Хожа Аҳрор Бобурнинг тушларига кўп бор кирган.  Хожа Аҳрорни ўзига ғойибона пир деб билган Бобур у зотдан тушлари орқали ҳам мадад олган.  Бобур саргардонлик йиллари бошидан ўтган бир воқеани эслайди. Бу воқеа унинг душман қўлида ўлим билан юзма-юз келган ва ундан ўзга чора йўқлигини тан олиб турган пайти содир бўлганди:

 

Ўрнимдан туриб, боғнинг бир гўшасига бордим. Ўзим билан ўзим мулоҳаза қилдим. Дедимки: “Киши агар юз, борингки, минг йил яшаса ҳам охири ўлмоқ керак...

 

Ўлимни бўйнимга олдим. Ўша боғда бир сув оқиб келарди, таҳорат олдим. Икки ракъат намоз ўқидим. Бошимни муножотга қўйиб, тилак тилаётган эдимки, кўзим уйқуга кетибди. Тушь кўраяпман: Хожа Яъқуб (Хожа Яҳёнинг ўғли, ҳазрати Хожа Убайдуллоҳнинг набиралари) рўпарамга оқ-қора тусдаги отда, шундай от минган кўп отлиқлар билан келдилар. «Ғам емангиз. Хожа Аҳрор мени сизга юбордилар», дедилар. «Биз уларга Оллоҳдан мадад сўраб, подшоҳлик тахтига ўлтурғизганмиз. Ҳар ерда мушкул иш тушса, бизни назарига келтуриб ёд этсин, биз ўша ерда ҳозир бўлурмиз» деб тайинладилар. Ҳозир ушбу соатда фатҳ ва ғалаба сизнинг томондадир. Бош кўтаринг. Уйғонинг.

 

Бобур бу сафар ҳам омон қолади.  Ҳар гал танг аҳволга тушганида, ўлим билан юзма-юз келганида, мағлубият остонасида турганида унинг мадад топиши, кимлардир ишониши қийин бўлган муваффақиятлари замирида руҳониятининг бутунлиги ва иймонининг саломатлиги турарди, аслида.

 

Айни пайтда, Бобур ҳаётсевар инсон эди. Қайэрга бормасин, ўша ернинг табиатини меҳр билан тасвирлайди. Гўзал манзараларга ошиқ бўлиб қолади. Қишнинг қорли бўронлари, баҳорнинг дилкаш рангинлиги, кузнинг ғамгин хазонлари «Бобурнома»даги энг таъсирли саҳифалардан. Улар шоирнинг шеърларига ҳам кўчган:

 

Ёз фасли, ёр васли, дўстларнинг суҳбати,

Шеър баҳси, ишқ дарди, боданинг кайфияти,

 

– деб бошлайди шоир бир ғазалини.

 

Баъзан баҳор боис ёзган шеърларининг тарихини ҳам айтиб ўтгандек бўлади, масалан: Баҳорда Борон чўли, Чоштуба дашти ва Гулбаҳор этаклари жуда файзли бўлади. Сабзаси Кобул вилоятининг ўзга ерларига қараганда хийла яхши бўлади: турли-туман лолалар очилади. Бир маротаба лола навларини санашларини буюрдим: ўттиз тўрт нав лола чиқди. Чунончи, бу ерлар таърифида бир байт айтилган эди:

 

Сабза-ву гуллар била жаннат бўлур Кобул баҳор,

Хосса бу мавсумда Борон ёзиси-ю Гулбаҳор.

 

Мана шу сайрга келганида ёзган бошқа бир ғазали ҳақида ҳам гапириб, шундай дейди: Ушбу сайрга келганда, бу ғазални ёзиб тугатдим:

 

Менинг кўнглумки гулнинг ғунчасидек таҳ-батаҳ қондур.

Агар юз минг баҳор ўлса очилмоғи не имкондур?

 

Табиатни, унинг гўзал манзарасини завқ билан томоша қилишни Бобур жуда яхши кўрган, у ҳақда ёзишдан чарчамаган: ... Пайшанба куни офтоб чиққанда дарё қирғоғидан қўзғалдик. ...ажойиб гулзорни томоша қилдик. Сариқ ва қизил гуллар бўлак-бўлак жойда тўп-тўп бўлиб, яна баъзи ерларда фақат сариқ гуллар очилиб ётибди. Яна баъзи ерларда худди сочиб ташлагандек сариқ-қизил гуллар аралаш очилган. Қароргоҳ яқинидаги тепалик устида ўтириб, гулзорни томоша қилдик. Худди режалаштириб экилгандек, бир тепаликнинг олти тарафида – бир жойида сариқ ва иккинчи жойида қизил гуллар қатор-қатор бўлиб олти бурчак шаклида очилиб ётибди. Икки четда гул камроқ очилган, бироқ кўзимиз илғаган ерларнинг ҳаммаёғи гулзор эди. Паршавор атрофларида ҳам баҳор чоғи яхши гуллар бунёд этилади.

 

Баҳор ҳаммани илҳомлантиради. Аммо «Бобурнома»даги хазон фасли тасвири китобхонни ўзига тортади. Айниқса, Бобурнинг кузнинг тимсолу ташбеҳларига йўғрилган шеърлари эмас, балки «Бобурнома» асарнинг бир неча ўрнида келган хазон сайри – Бобурнинг кузни, хазонларни томоша қилиш мақсадида сайрга чиқишининг ўзиёқ  дилни ўртайди.

 

...Душанба куни Исталифга хазон сайрига борилди... Аср намозига яқин Беҳзодийга етиб келдик, хазон жуда кўп тушганди... тўкилган хазонлар шу қадар гўзал эдики, сарғайган дарахтлар остида ўтирдик.

 

Куз жуда яхши келганди. ...пешин намози вақтида Истарғачда бир яхши хазонбоғда тўхтаб, суҳбат қурдик... . Эрталаб ош еб, отларга миниб, Истарғач пастидаги подшоҳий боғни сайр қилдик. Бир олма дарахти яхши хазон бўлганди, ҳар бир шохида беш-олти барг қаторлашиб қолганди, агар рассомлар қанча ҳаракат қилиб чизсалар ҳам, бундай чизолмасдилар.

 

Хазон яфроғи янглиғ гул юзинг ҳажрида сарғардим...

Кўриб раҳм айлагил, эй лоларух, бу чеҳраи зардим...

 

«Бобурнома»да тасвир этилган воқеалар ичида яшаётган катта кўнгил бор. Гоҳ бу воқеалар шиддатида ёнган, гоҳ ёлғизликнин сокин гўшасини макон тутган, гоҳ ватан соғинчидан ўртанган, гоҳида ҳаётнинг бор шодлигу қувончларидан дунёни унутмоқчи бўлган кўнгил у. Воқеалар ичра – шоҳ, кўнгилда – шоир бўлиб яшаган улкан ҳодисадир Бобур. Бобурнинг кўнгли кўпинча, ёлғизликка мойил бўлсада, подшоҳлик билан ёлғизлик мувофиқ эмаслигини яхши билгани учун буни кўп эслайди ва ўзи билан курашади. Ўғли Ҳумоюнга битган мактубида ҳам унга бу борада ўгитлар беради: ...хатларингда ёлғизлик, ёлғизлик деб ёзибсан.  Подшоҳликда бундай дейиш айбдир.  Ахир айтадиларку:

 

Агар пой банди ризо пеш гир,

Ва гар яксувори сари хеш гир.

 

(Агар оёғинг банд бўлса, ризони олдингга қўй,

Агар танда сувора бўлсанг, ўз бошингга бор.

 

Яъни: жангга боғланган бўлсанг, бошингга келган ҳар нарсага рози бўл, агар ҳеч нарсага боғланмаган бўлсанг, йўлингдан қолма, кетавер.) Ҳеч бир банд подшоҳлик бандича бўлмас. Подшоҳлик билан ёлғизлик мувофиқ келмас.

 

Бобурнинг ўзи ҳам ёлғизлик ҳақидаги ўйларини, изтиробларини кўнглига яширди, шеърларига кўчирди, ҳаётда эса катта шавқ ва шижоат билан яшади, қаерга бормасин, бунёдкор бўлишга интилди. Бобурнинг таъкидлашича, Ақл эгаси бўлган ҳар қандай  одам, ортидан ёмон сўз билан эсланадиган ишларга нега қўл ураркан, эс-ҳуши жойида бўлган ҳар бир киши дунёдан ўтгач таҳсинлар билан эсланадиган ишларни қилишга нега уринмас экан. Исмнинг ёдга олинишини ҳакимлар иккинчи умр деганлар.

 

Бори элга яхшилиғ қилғилки, мундин яхши йўқ –

Ким, дегайлар даҳр аро қолди фалондин яхшилиғ!

 

– дейди шоир бир ғазалида.

 

Бундай фикрлар, айниқса, унинг Ҳиндистонни эгаллагандан кейинги фаолиятида яна ҳам ёрқинроқ кўринади.

 

Нималарни бошидан кечирмадилар Бобур ва унинг ҳамроҳлари Ҳиндистонга кетиб. Иссиқ ҳаво, чанг ва шамол Мовароуннаҳр ва Хуросоннинг босафо ерларидан кетган бекларни, мулозимларни, аскар ва ходимларни қаттиқ қийнади. Кимлардир кетиш тараддудига ҳам тушди. Одамлардаги бундай беқарорликни кўриб, барча бекларни чақириб, кенгаш ўтказган Бобур:

 

Неча йиллар ҳаракат қилиб, машаққат чекиб, узоқ ерларни босиб ўтиб, лашкар тортиб, ўзимизни ва лашкарни жанг ва ўлим хатарига солдик. Тангрининг марҳамати билан шунча кўп душманни енгиб, бундай катта мамлакатни эгалладик. Энди эса қандай куч ва зарурият мунчалар жон тортиб олган ерларимизни ҳеч бир сабабсиз ташлаб кетишга мажбур қилмоқда. Ким бизга хайрхоҳ бўлса, бундан кейин бу каби сўзларни айтмасин, кимки тоқат қилолмай кетишни ният қилган бўлса, кетсин, кетгач, қайтиб келмасин, – деган таъсирли гапни айтади. Бу сиёсат кўпчиликни хушёр торттирган эди.

 

Ҳиндистоннинг битта камчилиги – унда оқар сувнинг йўқлиги эди. Қаердаки ўрнашмоқчи бўлсалар, чархлар ясаб, оқар сув ўтказиб, режа билан боғлар барпо қилишни ўйларди подшоҳ Бобур. Ограга келганларидан бир неча кун ўтиб,  шу ишни амалга ошириш ниятида Жуун дарёсидан ўтиб, боғ қуриш учун ерларни кўриб чиқади. Бу ерлар шу қадар кўримсиз ва хароб эдики, уни кўнгли тортмай ва қониқмай яна сувдан кечиб қайтиб кетади. Чорбоғ ҳақидаги фикрлари ҳам хаёлидан кўтарилади, аммо Ограга яқин  бошқа бир бўш ер ҳам йўқ эдики, бир неча кундан сўнг иложсиз шу ернинг ўзида иш бошлайдилар.

 

Аввал катта қудуқ қазилди, – деб ёзади Бобур, – ҳозир ҳаммом суви ўша ердан олинади. Яна анбилий дарахтлари ўсиб ётган ва саккиз бурчакли ҳовуз қурилган бир бўлак ерда ишладик. Ундан сўнг катта ҳовуз ва ҳовли барпо бўлди. Кейин тош иморат олдидаги ҳовуз ва толор қурилди. Ундан сўнг «Хилватхона» боғчаси ва уйлар бино бўлди. Ундан сўнг ҳаммом қурилди. Бундай кўримсиз ва бетартиб Ҳиндда  яхши тартибли бинолар ва текис боғлар барпо этилди. Ҳар гўшада, ҳар бурчакда ёқимли гулзорлар,  ҳар бир гулзорда тартиб билан экилган яхши гул ва настаранлар етилди.

 

Ҳиндистонни обод қилди, у ерда ўзи истагандек яшашга ҳаракат қилди. Лекин унинг кўнгли ўзи севган гўзал Кобулга талпинарди, бобо юрти Самарқанд бир зум ҳам ёдидан чиқмасди. Шу боис Ҳумоюнга ёзган мактубида кўнгли тубида сақлаб юрганларини очади:

 

Агар Тангрининг марҳамати билан Балх ва Ҳисор вилоятларини қўлга киритиш насиб этса, Ҳисорга сен ўз одамингни қўй, Балхда Комроннинг одами турсин. Агар Тангрининг инояти билан Самарқанд ҳам фатҳ этилса, Самарқандда ўзинг ўтир... Жуда кўп фатҳ ва зафарларни  Кобулда эканимда кўрдим. Шу боис Кобулни яхши ниятларимга эришган жой деб билдим ва уни ўз ихтиёримда қолдирдим. Ҳеч бирингиз унга таъма қилмагайсиз...

 

...Бобур вафотидан бир оз вақт ўтгач – 1533 йили унинг хокини  чевараси Шоҳжаҳон  Кобулга кўчириб, мақбара барпо этади.

 

«Бобурнома»ни кўчирган номаълум котиб айтганидек, қобил подшоҳнинг яхшиликларини айтиб ва ёзиб тугатиш маҳол.

 

Бобур шеърлари, «Бобурнома» кишини уйғоқликка чорлайди, унга қанот беради, руҳлантиради, қалбининг тубига назар ташлашга, яхши-ёмонни фарқлашга ўргатади. Худо берган умрни беҳуда сарфламасликка, умрни қадрлашга, демак, ўзгаларни ҳам севишга, қадрлашга ўргатади.

 

Эҳтимол, Бобурнинг ўзи фалакни неча бор варақлагани билан тополмаган бахт юлдузи унинг асарларига тақдим этилгандир.

 

Каромат  МУЛЛАХЎЖАЙЭВА,

филология фанлари номзоди