"Ўзкимёсаноат" АЖ

“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти ва тармоқ корхоналари Комплаенс хизматлари томонидан 2023 йилнинг биринчи ярим йиллигида амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди

https://special.uzkimyosanoat.uz/uz/anticorruption/report/report-202301

Бугун бўлиб ўтган ҳисобот йиғилишида жамият ва  тармоқ корхоналарида коррупцияга қарши курашиш борасида олиб борилган ишлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 12 январдаги “Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорига мувофиқ “Ўзкимёсаноат” АЖ ва тармоқ корхоналарида  коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг “E-Anticor.uz” электрон платформасига жойлаштирилган.

Натижада, ушбу баҳолаш рейтинг тизимида “Ўзкимёсаноат”АЖнинг мазкур соҳадаги фаолияти 89 балл билан “яхши” деб баҳоланди. 3-4 август кунлари Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташаббуси билан хорижий ва маҳаллий экспертлар ҳамда давлат идоралари ва ташкилотларининг ички назорат тузилмалари раҳбарлари иштирокида  “Давлат органлари ва ташкилотларида коррупциянинг олдини олиш ва “комплаенс-назорат” тизимини самарали жорий этиш” мавзусида ўқув-семинари бўлиб ўтди. Унда тадбир қатнашчиларига “Ўзкимёсаноат” АЖнинг коррупцияга қарши курашиш борасидаги эришган ютуқлари ва ижобий тажрибасини оммалаштириш борасида маъруза қилинди.

Жорий йилнинг ҳисобот даврида “CERT International” халқаро сертификатлаш компанияси томонидан “Навоийазот” АЖ, “Ўзкимёимпекс” ҳамда “Қизилқум фосфорит комплекси” МЧЖларнинг  коррупцияга қарши курашиш менежмент тизими аудитдан муваффақиятли ўтди. Мазкур корхоналарга коррупцияга қарши курашиш механизм самарасини тасдиқловчи ISO 37001:2016 мувофиқлик сертификатлари топширилди.

Ҳисобот даврида жамият ва тармоқ корхоналаридаги коррупцион жиноятлар, ноқонуний ўзлаштириш, растрата, ўғирлик, камомад, қўшиб ёзиш ва бошқа қонунбузилишлар бўйича жами 54 та ҳолат аниқланди ва улар бўйича тегишли тартибда хизмат текширувлари ўтказилди.

 Юқоридаги қоидабузарликлар бўйича 23 нафар ходим жиноий жавобгарликка тортилди, 57 нафар ходим эгаллаб турган лавозимидан озод этилди, 120 нафар масъул ходимларга турли интизомий жазолар қўлланилди.

2023 йилнинг 1 ярим йиллигида «Ўзкимёсаноат» АЖ ва тармоқ корхоналарида аниқланган коррупцион ҳаракатлар, корхона маблағларининг талон-тарож қилиниши оқибатида тизимга жами 14,8 млрд.сўмлик зарар етказилганлиги қайд этилди. Шунингдек, ўтган ҳисобот даврида олиб борилган чора-тадбирлар натижасида етказилган жами зарарнинг 9,6 млрд.сўмдан кўпроғи ундирилиши таъминланди. 

Жамият ва тармоқ корхоналарида соҳага оид қабул қилинган «Манфаатлар тўқнашувини бошқариш сиёсати» талабларига мувофиқ хизмат вазифасига кўра коррупциявий хавф-хатарлар эҳтимоли юқори ва ўрта бўлган 8734 нафар ходимлар манфаатлар тўқнашуви мавжудлиги ёки мавжуд эмаслиги тўғрисидаги декларацияларни тўлдиришди.

Ушбу декларациялар таҳлил қилинганда, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 85 та масъул ходимларда реал манфаатлар тўқнашуви ҳолати, 122 та ҳолатда эса эҳтимолий (потенциал) манфаатлар тўқнашуви ҳолати мавжудлиги аниқланди.

      Харидларни ташкил этиш соҳасида, шартномаларни расмийлаштириш жараёнларида асосан рақобат муҳитини чеклаш, иштирокчиларнинг тил бириктиришлари, баҳолаш мезонларига амал қилмаслик каби шубҳали шартномалар расмийлаштирилиши олди олинган. Олиб борилган чора-тадбирлар натижасида жами 5,9 млрд.сўмлик пул маблағларининг асоссиз сарфланишини олди олиниб, иқтисод қилинган.