«Ўзкимёсаноат» АЖ томонидан 2025 йил давомида коррупция фактларига доир мурожаатларни кўриб чиқиш юзасидан бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилди. Аввало, коррупция ҳолатлари ҳақида хабарлар келиб тушишини таъминлаш мақсадида барча турдаги алоқа каналлари (электрон почта манзиллари, расмий веб-сайт ва ижтимоий тармоқлардаги бошқа саҳифалар) узлуксиз фаолияти таъминланди.
Маълумот учун: Жамиятнинг алоқа каналлари, жумладан, ижтимоий тармоқлардаги расмий канал ва саҳифалари орқали келиб тушадиган мурожаатларни қабул қилиш учун Комплаенс ички назорат тузилмасидан масъул ходим тайинланиб, мурожаат келиб тушганда масъул ходим томонидан мурожаатни тегишли реестрда рўйхатга олиш тизими йўлга қўйилган. Хабар иш вақтидан ташқари пайтда келиб тушган тақдирда, бу хабар навбатдаги иш кунида аниқлаштириш учун сақланади.
Коррупцион хавф-хатарларни аниқлаш мақсадида масъул ходим томонидан келиб тушаётган мурожаатлар (хабарлар)ни ҳафталик таҳлил қилиши амалиёти йўлга қўйилди.
Ўтган давр мобайнида жисмоний ва юридик шахсларнинг коррупция фактларига доир бир қатор мурожаатлари турли каналлар орқали келиб тушди (шу жумладан, Жамият бошқаруви раиси томонидан жисмоний шахслар ҳамда юридик шахсларнинг вакиллари шахсан қабул қилинди).
Жумладан, 2025 йил мобайнида «Ўзкимёсаноат» АЖга жисмоний шахслар ва юридик шахслар томонидан жами 448 та мурожаат келиб тушган бўлиб, барчаси «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тоғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ҳамда тегишли қонун ҳужжатларига мувофиқ ўрганиб чиқилиб, мурожаат қилувчиларга тегишли ҳуқуқий тушунтириш берилди.
Маълумот учун: мурожаатларнинг ҳудудлар кесими бўйича таҳлили қуйидагича:
Қорақалпоғистон Республикаси – 29, - Андижон – 5, Бухоро – 14, Жиззах – 4, Хоразм – 2, Қашқадарё – 107, Навоий – 134, Наманган – 4, Самарқанд – 5,
Сирдарё – 1, Сурхондарё – 1, Тошкент вилояти – 83, Фарғона – 29, Тошкент шаҳри – 21, хорижий давлатлардан– 9 та мурожаат.
Мурожаатларнинг мазмунига кўра таҳлили:
Ҳомийлик ёрдами кўрсатиш юзасидан – 70 та, ишга жойлашиш– 159 та, иш ҳақини ошириш ва олиш юзасидан – 41 та, имтиёзли нафақага чиқиш – 1 та, қонун ва тартиббузилишлар – 48 та, ҳамкорлик қилиш – 8 та, минерал ўғитлар сотиб олиш– 25 та, минерал ўғитлар экспорти– 4 та, конвертация масаласи – 1 та, бошқа масалалар бўйича – 91 та мурожаат.
Таҳлилларга кўра, мурожаатларнинг 41 таси қонун ва меҳнат интизоми бузилиши юзасидан бўлиб, текширишларда шулардан 16 таси коррупцияга оид («Деҳқонобод калий заводи» АЖ – 5 та, «Навоиязот» АЖ – 7 та, «Махам-Чирчиқ» АЖ – 1 та, «Аммофос-Махам» АЖ – 1 та, «Қўнғирот сода заводи» МЧЖ – 2 та) эканлиги аниқланди.
Мазкур мурожаатлар бўйича ўтказилган хизмат текширувлари натижасига кўра, 11 нафар («Навоиязот» АЖ – 6 та, «Махам-Чирчиқ» АЖ – 5 та) ходимга нисбатан интизомий чоралар кўрилди.
Маълумот учун: «Махам-Чирчиқ» АЖда 2 та ҳолатда моддий товар бойликларни кичик миқдорда яширин олиб чиқилган, 1 та ҳолатда озиқ-овқат маҳсулотлари белгиланган меъёрдан кам тарқатилган. «Навоиязот» АЖда 2 та ҳолатда моддий товар бойликларни кичик миқдорда яширин олиб чиқилган. «Деҳқонобод калий заводи» АЖда 1 та ҳолатда давлат хариди қонунчилик талаблари бузилган.
Келгусида шу каби коррупция ҳолатларига йўл қўймаслик мақсадида юқоридаги ҳолатлар «Ўзкимёсаноат» АЖ ва унинг таркибий корхоналарида раҳбар ва бошқарув ходимлари иштирокида йиғилишларда муҳокама қилиниб, тегишли чора-тадбирлар белгиланди.
Коррупция хатарлари мавжуд бўлган йўналишлар, хусусан, харидлар бўйича, ҳамкорлар ва истеъмолчиларга маҳсулотларни етказиб бериш ва хизмат кўрсатиш, минерал ўғитларни харид қилиш масалалари ва бошқа йўналишлар кўриб чиқилиб, ахборот коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда, «Ўзкимёсаноат» АЖ ва унинг таркибий корхоналарида амалга ошириладиган барча жараёнларни рақамлаштириш ва инсон омилини камайтириш орқали коррупцион ҳолатларнинг олдини олишга алоҳида аҳамият берилди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 16 июндаги ПҚ-199-сон қарорига асосан кимё саноатини диверсификация қилиш, тармоқни рақамлаштириш ҳамда молиявий соғломлаштириш бўйича бир қатор чора-тадбирлар белгиланган.
Мазкур қарор ижросига мувофиқ кимё саноатини рақамлаштириш мақсадида «Ўзкимёсаноат» АЖда Аналитик марказ фаолияти ташкил этилди.
Тизим корхоналари фаолияти шаффофлигини таъминлаш мақсадида давлат ҳамда нодавлат ташкилотларининг (солиқ, меҳнат, адлия, банк, молия, биржа, темирйўл ва ҳ.к.) электрон ахборот платформаларини Аналитик марказга интеграция қилиш натижасида ишлаб чиқариш субъектлари, ваколатли омборлар, экин майдонлари ва фермерлар, харидлар ва биржа савдолари, экспорт ва импорт, савдога чиқарилган маҳсулотлар ҳаракати, дебитор ва кредитор қарздорлик, сарфланаётган энергоресурслар, манфаатлар тўқнашуви, давлат харидларини назорат қилиш ва шу каби бошқа муҳим таҳлилий маълумотларни онлайн тарзда мониторинг қилиш ҳамда истиқболдаги режаларни белгилаш имконияти яратилди.
Баён этилганларга кўра, коррупцияга қарши курашиш «Ўзкимёсаноат» АЖ фаолиятининг устувор йўналишларидан бўлиб, коррупция фактларига доир барча мурожаатлар (хабарлар) қатъий назоратга олинади ва тизимни коррупциясиз соҳага айлантириш бўйича доимий равишда зарур чора-тадбирлар амалга оширилади.