"Ўзкимёсаноат" АЖ

“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти бошқаруви раисининг мурожаати

https://special.uzkimyosanoat.uz/uz/anticorruption/message/o-zkimyosanoat-aksiyadorlik-jamiyati-boshqaruvi-raisining-murojaati

Ҳурматли ҳамкасблар ва ҳамкорлар!

Сўнгги йилларда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, бюрократия ва коррупциянинг турли кўринишларига қарши курашиш мамлакатимизда давлат сиёсатининг энг устувор йўналишига айланди.

Бунинг яққол мисоли сифатида соҳага оид қабул қилинган концептуал аҳамиятга эга норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, коррупциянинг олдини олишга қаратилган маъмурий ислоҳотлар мисолида ҳам кўришимиз мумкин.

Хусусан, «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонуннинг қабул қилиниши мазкур соҳада бошлаган ислоҳотларнинг ўзига хос ҳуқуқий пойдевори бўлган бўлса, «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» ва «Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент Фармонлари, шунингдек, «Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни коррупциянинг барвақт олдини олишга қаратилган муҳим концептуал ҳужжатлар сифатида хизмат қилмоқда.

Албатта, мазкур натижаларнинг асосий ижрочилари нафақат коррупцияга қарши курашишга масъул идоралар, балки бошқа давлат идоралари ва ташкилотлари, бизнес ҳамжамияти, фуқаролик жамияти институти вакиллари ва кенг жамоатчилик ҳам ҳисобланади.

Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг нутқидан иқтибос келтирмоқчиман: «Бизнинг жамиятда бу иллатга мутлақо ўрин бўлмаслиги учун қаттиқ курашамиз. Мана шундай принципиал қараш жамиятимиз ҳаётида мустаҳкам қарор топиши учун барчамиз биргаликда қатъий ҳаракат қилишимиз зарур».

Бундан ташқари, Давлат Раҳбарининг ҳар йилги мурожаатномасида коррупцияга қарши курашиш масаласига алоҳида тўхталиб ўтилиши, ушбу соҳада кўплаб қонун ҳужжатларининг қабул қилиниши бу соҳанинг давлат сиёсати даражасида аҳамиятга эгалигини кўрсатиб бермоқда.

«Ўзкимёсаноат» АЖ жамоаси ўз зиммамизга юкланган масъулиятни яхши англаймиз ва ўз навбатида, тизимда коррупцияга қарши курашиш тизимини самарали амалга ошириш учун бор кучимизни ишга соламиз. Ташкилот  коррупцион ҳаракатларнинг ҳар қандай шакл ва кўринишларини рад этади, жамиятда коррупцияга нисбатан кескин муросасизлик шаклланишини таъминлайди.

Маълумки, коррупцияга қарши самарали тизимни яратиш – мураккаб жараён, бироқ бу муҳим ва зарурдир. Ҳар биримиз бу ишда нафақат мамлакатимизда қабул қилинган қонунчилик ҳужжатларига онгли равишда риоя қилишимиз, балки бу ишга инсонийлик бурчимиз сифатида қарашимиз зарур. Пировардида, фарзандларимиз ва Ўзбекистон Республикасининг барча фуқаролари фахрланадиган қонун ҳужжатлари устувор бўлган мамлакатда яшаймиз!

«Ўзкимёсаноат» АЖ коррупцияга қарши талаблар ва ахлоқий меъёрларни ҳисобга олган ҳолда, ўз зиммасига олган мажбуриятларни виждонан бажаради, қонун ҳужжатларига қатъий риоя қилади, фаолиятининг очиқлигини таъминлайди, тенг рақобат тамойилларига амал қилади, ҳалоллик, очиқлилик ва виждонлиликнинг корпоратив маданиятини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратади.

Фурсатдан фойдаланиб, ҳамкасбларимиз, ҳамкорларимиз ва юртдошларимизни иш юритиш стандартларига, коррупцияга қарши тамойилларга оғишмай риоя қилишга, манфаатлар тўқнашуви ҳолатларига йўл қўймасликка, ҳар қандай эҳтимолий қонунбузарликлар ҳақида ўз вақтида хабар беришга яна бир бор чорлайман. Коррупцияга қарши курашиш барчамизнинг умумий ишимиз ва маслагимизга айланмоғи даркор. Бу ишда барчангизни ҳамжиҳатликка чақираман.

Ҳурмат билан,

«Ўзкимёсаноат» АЖ бошқаруви раиси

Тимур Мухамеджанов