Матн ўлчами:
A
A
A
Масштаб ўлчами:

Оддий кщриниш

Резинатехника буюмлари ишлаб чиқаришга мўлжалланган корхона фаолияти ривожлантирилмоқда

// 07 iyul 2020 йил Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (183.58 KB)

“Биринчи резинотехника заводи” масъулияти чекланган жамияти Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ангрен” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида резинатехника буюмлари заводи қурилишини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан 2014 йилда ташкил этилиб 2018 йил июль ойидан маҳсулот ишлаб чиқара бошлади. Корхона йилига 3 миллион дона автомобиль ҳамда 200 минг дона қишлоқ хўжалиги шиналари ва 100 минг пагонометр конвейер лентаси ишлаб чиқариш қувватига эга. Мазкур заводни қурилишига Давлат кафолати остидаги Хитойнинг “Эксимбанк” банкидан 156,4 млн. доллар маблағлар жалб қилинган.

“Биринчи резинотехника заводи” МЧЖ қишлоқ хўжалиги ва автомобиль шиналарининг ягона етказиб берувчиси сифатида давлат (бюджет ва корпоратив) буюртмачиларига жамият маҳсулотларини махсус маълумотлар порталида рўйхатдан ўтказиладиган тўғридан-тўғри шартномалар асосида ҳарид қилишга рухсат берилган.

Давлат томонидан берилган мазкур преференциядан кўзланган мақсад биринчи навбатда иқтисодиётимизни барча тармоқларини арзон, сифатли маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар билан таъминлаш орқали қўшимча қийматга эга бўлган маҳсулотлар таннархини пасайишига эришиш, импортни қисқартириш ҳисобига миллий валюта қадрини ошириш, солиқ тушумини кўпайтириш ҳамда янги иш ўринларини яратишга қаратилган.

Бугунги кунда корхона фаолияти йўлга қўйилиши натижасида 1100 дан ортиқ маҳаллий аҳоли иш билан таъминланиб, 2020 йил давомида 438,0 млрд.сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб 57,0 млрд. сўм солиқ тўлови амалга оширилиши кутилмоқда. Корхона фаолияти тўлиқ қувватга чиққанда эса солиқ тўлови 147,0 млрд. сўмни ташкил этади.

Шу ўринда корхонага Ҳукумат томонидан берилган преференция нафақат янги иш ўринлари яратиш, ҳудуднинг инфратузилмасини ривожлантириш, балки импорт ўрнини босувчи сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқариш, давлат ва хориж банк маблағлари эвазига бунёд этилган корхонани соф фойдага олиб чиқиш ҳамда белгиланган муддатларда маблағларни қайтаришга хизмат қилишини таъкидлаб ўтиш лозим.

Жамиятда ишлаб чиқарилаётган автомобиль шиналари (ўртача нархи - 25 доллар экв.) сифат кўрсаткичлари бўйича Корея Республикасидан импорт қилинаётган маҳсулотлар (ўртача нархи – 40-45 доллар экв.) билан бир хил даражада бўлиб нарх жиҳатидан уларга нисбатан 60-80 фоизга арзон ҳамда Хитой мамлакатидан импорт қилинаётган сифат даражаси паст бўлган маҳсулотлар билан бир хил нархда реализация қилинмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бугунги кунда Ўзбекистон автомобиль шиналари бозорида 70-75 фоиз улуш Хитой мамлакатида ишлаб чиқарилган сифат даражаси паст бўлган маҳсулотлар ҳисобига тўғри келмоқда. Бу эса ўз навбатида истеъмолчилар ҳаражатларини ошишига олиб келиб, мамлакатдан йилига ўртача 60,0 млн. доллар валюта маблағларни самарасиз чет элга чиқиб кетишига сабаб бўлмоқда. Маҳаллий истеъмолчилар сифатли маҳсулотлар истеъмол қилганда йилига ўртача 25-30 млн. доллар валюта маблағларини иқтисод қилиш имкониятига эга бўламиз. Шуни таъкидлаш жоизки, Республикамизда шиналар импортига йилига қарийб 110,0 млн. доллар маблағ сарфланмоқда.

“Биринчи резинотехника заводи” МЧЖ томонидан тўлиқ қуввватда ишлаб чиқариш йўлга қуйилгандан сўнг йилига 75,0 млн. доллар эквивалентдаги автомобиль шиналарини ишлаб чиқариш кўзда тутилган бўлиб бунинг учун хориждан 48,7 млн. долларлик хом-ашё ресурслари импорт қилиниши талаб этилади ва бунинг натижасида Республикамизда 26,3 млн. доллар валюта маблағларни тежалишига олиб келади.

Жаҳон иқтисодиётида, ривожланган давлатларда, шу жумладан, Жаҳон савдо ташкилоти аъзо давлатларида ҳам иқтисодиётида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни молиявий қўллаб-қувватлаш, имтиёзлар – преференциялар билан ҳимоя қилиш кенг тадбиқ этилади. Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳимоя қилиш мақсадида импорт қиланаётган шу турдаги маҳсулотларга божхона тўловларини жорий этиш, фоизсиз кредитлар ажратилиши, махсус Ҳукумат қарорларини қабул қилиш каби усуллар шулар жумласидан.

Мисол тариқасида АҚШ Президенти Дональд Трамп Хитой товарларига юқори тариф ва божларни жорий этиш қарорини Хитой билан савдо-сотиқдаги катта дефицитни бартараф этиш, мамлакат иқтисодиётини ҳимоя қилиш ва Америкада ташкил этилган иш ўринларини сақлаб қолишга хизмат қилиши билан изоҳлади. Расмий Пекин билан ўтказилган музокораларга қарамай, Вашингтон 250 миллиард долларлик Хитой товарларига 25% миқдордаги, 120 миллиард долларлик маҳсулотларга эса 7,5% миқдордаги божни сақлаб қолди.

Россия Федерациясида эса давлат ёки муниципал имтиёзларни бериш давлат органлари томонидан фақат аниқ мақсадлар учун берилган ҳуқуқий ҳужжатларга асосланади. Давлат ёки муниципал имтиёзлар Конституцияда кўрсатилган фуқаролик ҳуқуқларига таъсир қилиши мумкинлиги сабабли давлат ва муниципал имтиёзларининг таснифи давлат ва фуқароларнинг тегишли конституциявий ҳуқуқларига асосланган ҳолда шакллантирилади. Бундан кўриниб турибдики, Россияда давлат томонидан берилган имтиёзлар нафақат маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашни балки, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини мустаҳкамлашни назарда тутади. Жумладан, жорий йилнинг 23 июнь куни Россия Президенти Владимир Путин фуқаролар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича янги чора-тадбирларни таклиф қилди. Унга кўра зарар кўрган тармоқлардаги корхоналарга имтиёзли кредитлар ажратиш учун 100 миллиард рубль ажратилиши белгиланди.

Дунё ҳамжамияти каби мамлакатимизда ҳам коронавирус инфекциясининг тарқалиши ва пандемия оқибатлари “Биринчи резина техника заводи” МЧЖда маҳсулот сотиш даражасининг пасайишига ҳамда корхонани барқарор фаолият юритишига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Ушбу салбий таъсир оқибатларини бартараф этиш мақсадида Инқирозга қарши курашиш жамғармаси томонидан 40,0 млрд. сўм ссуда ажратилди, ўз навбатида, ушбу маблағлар ишлаб чиқаришни узвийлигини таъминлаш мақсадида хом-ашё маҳсулотларини (табиий каучук, техник углерод ва бошқа турдаги кимёвий реагентлар) сотиб олишга сарфланиши натижасида ишлаб чиқариш узлуксизлиги таъминланади.

Шу билан бирга, 2020 йилда тўланиши лозим бўлган 1,5 млн. долларлик кредит қарздорликлари сўндирилади, сотиш даражаси 12,7 %га кўтарилади ҳамда янги 25 турдаги автомобиль шиналари ишлаб чиқарилади ва локализация орқали 37 хил импорт ўрнини босувчи маҳаллийлаштирилган ҳом-ашёлар ички бозордан сотиб олинади.

Корхонанинг мамлакат иқтисодиётига қўшаётган улушига тўхталадиган бўлсак, импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқарилаётганлиги, маҳсулот таннархининг импорт қиланаётган маҳсулотларга нисбатан арзон эканлиги ва доимий равишда таннархни камайтириш борасида амалий ишлар олиб борилаётганлигини таъкидлаб ўтиш лозим. Жорий йил I ярим йиллигида маҳсулот таннархи 5,2 млрд. сўмга (8%) камайтирилди.

2020 йилда ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар таннархини камайтириш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилган бўлиб, унга кўра импортдан сотиб олинаётган хом-ашё ва материаллар муқобил етказиб берувчиларни топиш, маҳаллийлаштириш дастури ижроси ва технологик йўқотишларни камайтириш ҳисобига йил якунида таннархни 28,4 млрд. сўмга (10%) камайтирилиши таъминланади.

Пировард натижада, “Биринчи резина техника заводи” МЧЖ фаолиятининг ривожланиши мамлакатимиз иқтисодиёт тармоқлари ўртасида кооперацион алоқаларни кенгайтиришга, шунингдек, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга ёрдам беради. Бу эса ўз навбатида кўшимча қийматга эга бўлган маҳсулотларни ишлаб чиқариш орқали ЯИМ ошишига ва республика аҳолисини иш билан таъминлаган ҳолда уларнинг даромадини оширилишига хизмат қилади.

“Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати