Матн ўлчами:
A
A
A
Масштаб ўлчами:

Оддий кщриниш

“Maxam-Chirchiq” акциядорлик жамияти томонидан ўтказилган кўкаламзорлаштириш лойиҳаси доирасида 5500 дона дарахтлар ва 40 000 дона гуллар экилди

// 17 mart 2020 йил Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (470.48 KB)

“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти томонидан тизимидаги корхона ва ташкилотлар ҳамда уларга туташ ҳудудларда “Атроф-муҳит ҳимоясига барчамиз масъулмиз!” шиори остидаги кўкаламзорлаштириш лойиҳасининг навбатдаги тадбири жорий йилнинг 14 март куни “Maxam-Chirchiq” акциядорлик жамиятида ташкил этилди.

“Атроф-муҳит ҳимоясига барчамиз масъулмиз!” лойиҳаси доирасида “Maxam-Chirchiq” акциядорлик жамияти томонидан янгидан тикланган ва корхона ишчилари истиқомат қиладиган кўпқаватли уйлар ҳудудида шунигдек, корхона ҳудуди ва Чирчиқ дарёси соҳил бўйида мевали дарахтлар, гул кўчатлари ҳамда манзарали дарахтлар экилди.

“Maxam-Chirchiq” акциядорлик жамияти мамлакатимиз кимё саноатининг дастлабки корхоналаридан бири ҳисобланади. Жорий йилда корхона ташкил топганлигининг 80 йиллиги нишонланади.

“Maxam-Chirchiq” акциядорлик жамиятида ишлаб чиқариш цехларини техник ва технологик жиҳатдан янгилаш, уларнинг қувватларидан оқилона фойдаланиш ва энергия тежайдиган, экологик хавфсиз технологияларни жорий этиш, экспортга мўлжалланган, импорт ўрнини босадиган рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, кейинги йиллар мобайнида карбамид цехида технологик жараёнларни автоматик бошқариш тизими жорий этилди. Ишлаб чиқаришни техник ва технологик янгилаш дастури бўйича электр энергия билан таъминловчи трансформаторларга энергия тежовчи ускуналар ўрнатилди. Аммиак ишлаб чиқариш цехини бошқариш автоматлаштирилди. “Зичлиги паст аммоний нитрат (ғовакли селитра) ишлаб чиқаришни ташкил этиш” инвестиция лойиҳаси асосида корхонада ғовакли селитра ишлаб чиқариш цехи қурилиб, ишга туширилди. Ҳозирги кунда бу цех маҳсулотининг деярли 90 фоизи экспортга йўналтирилган.

Корхонада “Хом-ашё тайёрлаш ускуналарини реконструкция ва модернизация қилиш орқали минерал ўғитлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш” лойиҳаси амалга оширилди. Натижада аммиак ишлаб чиқариш учун сарфланадиган электр энергияси ва табиий газни тежашга эришилди. 

Бугунги кунда корхонада карбамид, аммиак селитраси, аммоний сульфати,  турли кислоталар, кимёвий реагентлар сингари қирқ хилдан ортиқ минерал ўғит ва кимёвий маҳсулотлар тайёрланмоқда. Маҳаллийлаштириш дастури доирасида магний сульфати, магний нитрати, модификациялаштирилган ғовакли селитра, калий сульфати, олтингугурт-магний қўшилмали карбамид сингари янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Айни кунда корхона маҳсулотлари дунёнинг 16 та давлатига экспорт қилинмоқда.

Атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш мақсадида корхонада “Атроф муҳитни бошқарув низоми” ишлаб чиқилган.

Охирги йилларда корхонанинг ишлаб чиқариш фаолиятининг атроф- муҳитга таъсири сезиларли даражада камайди. 2019 йил якунларига кўра атмосфера ҳавосига ташланувчи зарарли моддалар белгиланган чегаравий меъёрдан 3,9 маротаба камайишига эришилди.

Ҳаво ҳавзасини узлуксиз назорат қилиш учун “Maxam-Chirchiq” АЖда “Чилгерт” туридаги 11 дона газ таҳлил ускуналари ўрнатилган.

Маълумотлар назорат асбобларидан ҳақиқий вақт режимида (онлайн) Ўзбекистон Респубикаси Ўзгидрометга берилади.

Корхонанинг санитар лабораторияси ходимлари томонидан корхона санитарария-ҳимоя зонасини ҳамда Чирчик шаҳар ва унга ёндош ҳудудларини атмосфера ҳавосини назорати 2 та махсус эколаборатория автомашинасида ҳар икки соатда замонавий “ЭКОЛАБ” газоанализатори орқали амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 октябрдаги “2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПФ-5863-сонли фармони ижросини таъминлаш ҳамда “Ўзкимёсаноат” АЖ тизимидаги корхона, ташкилотлар ва уларга туташ ҳудудларда “Атроф-муҳит ҳимоясига барчамиз масъулмиз!” шиори остида кўкаламзорлаштириш лойиҳасини юқори савияда ўтказиш мақсадида жорий йилнинг март ойи “Ўзкимёсаноат” АЖ тизимида “Кўкаламзорлаштириш ойлиги” деб эълон қилинганлиги муносабати билан лойиҳаси доирасида корхона ва унга ёндош ҳудудларда экиладиган дарахтлар сони 5500 донани, гуллар  40 000 донани ташкил этади.

2020 йил 1 январь ҳолатига кўра, “Maxam-Chirchiq” акциядорлик жамияти ва унга ёндош худудларда экилган дарахтларнинг умумий сони - 13294 дона бўлиб, улардан мевали дарахтлар сони 1274 дона, манзарали дарахтлар сони 12020 тани ҳамда экилган мавсумий гуллар сони -12000 тани ташкил этади.

Зеро, лойиҳадан кўзланган асосий мақсад корхона-ташкилотлар жойлашган ҳудуднинг экологик ҳолатини янада яхшилашга кўмаклашиш ҳамда атроф-муҳитни манзарали дарахтлар билан бойитиш ҳисобланади.

“Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати