Матн ўлчами:
A
A
A
Масштаб ўлчами:

Оддий кщриниш

Ўзбекистон делегацияси Францияда: музокаралар, натижа ва сарҳисоб

// 26 avgust 2018 йил Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (37.57 KB)

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари С.Сафоев бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси 21-24 август кунлари Францияда бўлди.

Таркибида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари А.Абдуҳакимов, Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитасининг раиси А.Саидов, маданият вазири ўринбосари К.Оқиловалар бўлган мамлакатимиз делегацияси қатор музокаралар ва учрашувларда иштирок этди. Унда икки томонлама ҳамкорликка оид истиқболли келишувларга эришилди.

“Campus France“ Ўзбекистонда ўз фаолиятини кенгайтиради

Ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари А.Абдуҳакимов Франция олий таълимини чет давлатларда тарғиб қилиш ва халқаро талабалар ҳаракати бўйича Франция давлат агентлиги (“Campus France“) бош директори Беатрис Кайа билан учрашди. А.Абдуҳакимов агентлик мутасаддиларига сўнгги йилларда мамлакатимизда олий таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, етакчи хорижий таълим муассасаларининг Ўзбекистонда ўз филиалларини очишлари учун яратилаётган қулайлик ва имкониятлар ҳақида сўзлаб берди.

Мулоқотда томонлар мамлакатларимиз таълим тизимидаги алоқаларни фаоллаштириш мақсадида икки давлатнинг олий таълим муассасалари ректорларининг саммитини ташкил этиш масалаларини муҳокама қилишди. Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан “Campus France“ ўртасида яқин келажакда ҳамкорлик режасини имзолашга келишиб олинди.

Маълумот ўрнида, “Campus France“ агентлиги 2010 йилда ташкил этилган бўлиб, Франциядаги 352 олий таълим даргоҳларини ўз атрофига бирлаштиради.

Ўзбекистон космик ва сунъий йўлдош соҳасида “Thales Alenia Space” билан ҳамкорлик қилиши мумкин

Ушбу йўналишдаги ҳамкорлик истиқболлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари С.Сафоев ва Франциянинг “Thales Alenia Space” компанияси вице-президенти Э.Имберт иштирокидаги учрашувда муҳокама қилинди.

Унда Ўзбекистонда космик ва сунъий йўлдош соҳасини ривожлантиришни кўзда тутувчи, икки томон учун бирдек манфаатли бўлган лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш масалалари ҳақида сўз юритилди. Мамлакатимизда сунъий йўлдош аппаратлари яхлит тизимини яратиш, маҳаллий мутахассисларни ўқитиш имконини берадиган технологик база ташкил этиш масалалари шулар жумласидан.

Қайд этиш керак, “Thales Group” аэронавтика, космос, мудофаа, сунъий йўлдош технологиялари, ҳаво ҳаракатини бошқариш соҳаларида дунёда машҳур компания ҳисобланади. Бугунги кунда дунёнинг 56 мамлакатида ўз фаолиятини амалга оширади. Шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам ўз ваколатхонасига эга.

Франция билан маъмурий бошқарув тизимидаги истиқболли йўналишлар муҳокамаси

Ўзбекистон делегацияси Франция билан маъмурий бошқарув соҳасида ўзаро тажриба алмашиш ва бошқарувнинг илғор усулларини мамлакатимизга жорий қилиш мақсадида ушбу мамлакатнинг бир қатор давлат ҳокимияти идораларида ташкил этилган учрашувларда иштирок этди.

Хусусан, Париж шаҳрининг 7-тумани мэри, Европарламент депутати Рашид Дат билан мулоқот самарали келишувларга бой бўлди. Унда Тошкент ва Париж маъмурий тузилмалари ўртасида бошқарув тизимини ўрганиш бўйича учрашувлар ва доимий мулоқотларни йўлга қўйиш бўйича якдил қарорга келинди. Томонлар радикализм, экстремизм ва терроризмга қарши курашишда Европарламент билан ҳамкорлик қилишга қизиқиш билдирди.

Ўзбекистон делегацияси Франция томонини шу йил ноябрь ойида Самарқандда ўтадиган Осиё форумига иштирок этишга таклиф қилди.

Шу билан мамлакатимиз делегациясининг Францияга сафари ниҳоясига етди.

Манба: ЎзА