Матн ўлчами:
A
A
A
Масштаб ўлчами:

Оддий кщриниш

1 март — атоқли шоира Зулфияхоним таваллуд топган кун

Ўзбек халқининг севимли шоираси, таниқли жамоат арбоби Зулфия Исроилова 1915 йил 1 март куни Тошкентда ҳунарманд оиласида туғилган. Шоира хотин-қизлар билим юртида ўқиган вақтларидаёқ (1931—1934) адабий тўгаракларда шеърлар машқ қила бошлади. 1935—1938 йилларда Ўзбекистон Фанлар академиясининг Тил ва адабиёт институти аспирантурасида таҳсил олди.  Сўнгра 1938—1948 йилларда Болалар нашриётида муҳаррир, Ўзбекистон Дав-лат нашриётида бўлим бошлиғи, 1950—1953 йилларда эса «Ўзбекистон хотин-қизлари» («Саодат») журналида бўлим бошлиғи. 1953—1980 йилларда эса бош муҳаррир бўлиб ишлади.Зулфия 17 ёшида ёзган «Хаёт варақлари» (1932) биринчи шеърлар тўплами билан Ойдин, Музайяна Алавия, Хосият Тиллахоновалар сафига кириб келди.Зулфиянинг ижодий камолотида ўзбек ва рус мумтоз адабиёти, халқ оғзаки ижодиёти ва жаҳон адабиёти анъаналарининг роли бениҳоя бўлди.Шоира «Шеърлар» ва «Қизлар қўшиғи» (1938) каби поэтик асарларини она-Ватан ва унинг дала, чўлларида меҳнат қилаётган пахтакорлар, механик, тракторчи қизларнинг қайноқ ҳаётларига бағишлайди. Айни чоғда мазкур тўпламлардаги шеърлари шоиранинг шеърий маҳорат сирларини эгаллаётган даврини характерловчи асарлар сифатида ҳам муҳим эди.Уруш даврида шоиранинг «Уни Фарҳод дер эдилар» (1943), «Ҳижрон кунларида» (1944) каби тўпламларининг нашр этилиши Зулфиянинг пешқадам шоирлар қаторига дадил кириб келаётганлигидан нишона эди. Тўпламдаги шеърлар ватанга муҳаббат, душманга нафрат ва ғалабага ишонч руҳида яратилганлиги билан характерлидир. Зулфиянинг «Менинг Ватаним», «Қўлимда қуролу устимда шинель», «Бизни кут» каби умидбахш шеърлари уруш даври ўзбек шеъриятининг жанговар руҳини ифодаловчи асарлар қаторидан ўрин олган.Шоиранинг урушдан сўнгги йилларда ёзилган «Далада бир кун» (1948), «Тонг қўшиғи» (1953) каби бир қатор шеърлар туркуми, «Мен тонгни куйлайман», «Юрагимга яқин кишилар» (1958), «Куйларим сизга» (1965) тўпламларида Ватан мадҳи, меҳнат жараёнида фидокорлик кўрсатаётган кишилар ҳаёти жўшиб куйланади. Уни «Сўроқлайди шоирни шеърим» (1960), «Ойдин» (1953), «Қуёшли қалам» (1967) каби очерк ва достонлари Ҳ. Ҳакимзода, Ойбек, Ойдин, Ҳамид Олимжон каби устоддарнинг ёрқин хотираларига бағишланган. Зулфия Ҳ. Олимжоннинг «Семуруғ», «Зайнаб ва Омон» достонлари асосида пьеса ва опера либреттосини ҳам яратган.Зулфия «Уйлар», «Шалола» каби шеърий мажмуалари учун Ҳамза номидаги республика Давлат мукофоти совриндори бўлган. Ҳинд мавзуидаги шеърлари учун Жавоҳарлал Неру номидаги халқаро соврин, тинчлик ва дўстликни тараннум этувчи асарлари ҳамда тараққийпарвар Осиё ва Африка ёзувчилари ҳаракатидаги фаол иштироки учун халқаро «Нилуфар» мукофотига сазовор бўлган. Шоира Ҳиндистон, Югославия, Шри Ланка, Миср, Бирма, Австрия каби мамлакатларда бўлди. У 1956 йилда Осиё ва Африка ёзувчиларининг Деҳлида ўтказилган биринчи конференциясида қатнашиб, машҳур «Мушоира» (1958) асарини яратди.Унинг шеърлари рус, инглиз, немис, ҳинд, болгар, хитой, араб, форс ва бошқа тилларга таржима қилинган. Шоира Некрасов, Лермонтов, В. Инбер, Леся Украинка, Эди Огнецвет, М. Дилбозий, Амрита Притам асарларини ўзбек тилига маҳорат билан таржима қилган.Атоқли шоира 81 ёшида, 1996 йил 1 августида вафот этган.


Дейдиларки, сени кўрганда
Кўзларимда ёнар жонли ўт,
Ўша ўтнинг ёлқинларида
Сендан ўзга бор нарса унут.

Мудом дилга содиқ кўзларим
Ҳақиқатни кўмиши қийин.
Кўзларимда, қонимда кезган
Ўша севинч, ўша олов сен.

Майли, ўзинг мендан узоқда,
Лекин дилнинг ўти бўлиб қол.
Менинг куйим эмас тузокда,
Шеър керакми, жон керакми, ол!

1944


ЮЛДУЗ

Уйда бўғилдиму чиқдим эшикка,
Ер устига чўккан оқшомги туман,
Гўё кўзларимга боққандай тикка
Яшнарди бир юлдуз худди сенсимон.

Худди сендай узоқ ва сендай ёрқин,
Авжи чақнаганда сўнади у ҳам,
Бир юпанч: севгимнинг осмонидан
Ўчмасдан ёнасан, эй гўзал ҳамдам!

1944


ЎРИК ГУЛЛАГАНДА

«Теразамнинг олдида бир туп
Ўрик оппоқ бўлиб гуллади…»
Гулни кўриб ишқпараст қалбим,
Минг айтилган дарддан куйлади.

Сени қўмсаб оқшом чоғида
Ҳижрон қўшар экан ҳарорат.
Ўлгудайин муштоқ бўлибман —
Висолингга, йўқ чоғи тоқат.

Сени қўмсаб оқшом чоғида
Кириб келдим шу таниш уйга.
Биз бир чоқлар яшаган уйда
Тунаб қолдим хаёл-ла бирга.

Бунча иссиқ, бунча ҳам шинам
Ёшлик кечган торгина шу жой.
Бунда яшар ажиб онлардан,
Ишқ-ла ўтган тунлардан чирой.

Ҳар бурчаги элитар ҳушим,
Нақадарлик ошно, яқин.
Худди тунда камолга етган
Қўшиғингда чақнаган чақин.

Бунда ҳаёт — илҳом онлари
Қаламингдан тўкилган гавҳар.
Гул бўйини олганда шамол
Рашкка тўлиб тўнган у кўзлар.

Сен тугатгач чанқоқлик билан
Ўқиб мафтун бўлганим ҳаёт.
«Қалай деган» бўлиб термулган
Кўзларингнинг оташи ҳаёт.

Ҳали ҳаёт, такрор ўқиркан
Завққа тўлиб яйраган кўксим.
Юзингдаги улуғвор, майин,
Бир жаҳонга арзир табассум.

Бари ҳаёт, муҳаббат каби,
Ҳамма ерда кўринар изинг.
Паррандалар нағма куйида
Жаранглайди товушинг, сўзинг.

Мени ўраб олди ҳаяжон,
Яна ортди севгининг кучи.
Шарқ қизариб, чиқмоқда қуёш,
Олтинланди теракнинг учи.

Сен куйлаган ўрик шу кеча
Бурканди оқ — оппоқ чечакка.
Мен қадрдон хотира билан
Жўнаб кетдим уйимга якка.

1947


БАҲОР КЕЛДИ СЕНИ СЎРОҚЛАБ

Салқин саҳарларда, бодом гулида,
Бинафша лабида, ерларда баҳор.
Қушларнинг парвози, елларнинг нози,
Бахмал водийларда, қирларда баҳор.

Қанча севар эдинг, бағрим, баҳорни,
Ўрик гулларининг эдинг мафтуни.
Ҳар уйғонган куртак, ҳаёт берган каби
Кўзларингга суртиб ўпардинг уни.

Мана қимматлигим, яна баҳор келиб,
Сени излаб юрди, кезди сарсари.
Қишнинг ёқасидан тутиб сўради сени,
Ул ҳам ёш тўкди-ю, чекилди нари.

Сени излар экан, бўлиб шаббода,
Сен юрган боғларни қидириб чиқди.
Ёзиб кўрсатай деб ҳусн-кўркини,
Яшил қирғоқларни қидириб чиқди.

Топмай сабри тугаб бўрон бўлди-ю,
Жарликларга олиб кетди бошини.
Фарҳод тоғларидан дарагинг излаб,
Сойларга қулатди тоғнинг тошини.

Сўнгра жило бўлиб кирди ётоғимга,
Ҳулкар ва Омоннинг ўпди юзидан.
Сингиб ёш куйдирган зафар ёноғимга
Секин хабар берди менга ўзидан.

Лекин ётоғимда сени тополмай,
Бир нуқтада қолди узоқ тикилиб.
Яна ел бўлди-ю, кезиб сарсари,
Мендан сўрай кетди қалбимни тилиб:

«Қани мен келганда кулиб қаршилаб,
Қўшиғи мавжланиб бир дарё оққан?
«Бахтим борми дея», яккаш сўроқлаб
Мени шеърга ўраб суқланиб боққан?

Ўрик гулларига тўнмайди нега
Елда ҳилпиратиб жингала сочин?
Нега мен келтирган шўх наъшидага
Пешвоз чиқмайди у ёзиб қулочин?

Қани ўша куйчи, хаёлчан йигит?
Нечун кўзингда ёш, туриб қолдинг лол.
Нечун қора либос, сочларингда оқ,
Нечун бу кўкламда сен паришонхол?»

Қандай жавоб айтай, лолдир тилларим,
Баридан тутдим-у, кетдим қошингга.
У ҳам гаминг билан кезди афтода,
Боқиб туролмайин қабринг тошига.

Аламдан тутоқиб дарахтга кўчди,
Куртакни уйғотиб сўйлади ғамнок.
Сенинг ёдинг билан елиб беқарор,
Гуллар ғунчасини этди чок-чок.

Гул-у райҳонларнинг таралди атри,
Самони қоплади майин бир қўшиқ.
Бу қўшиқ нақадар ошно, яқин,
Нақадар ҳаётбахш, оташга тўлиқ.

Баҳорги бурканган сен севган элда,
Овозинг янгради жўшқин забардаст.
Ўлмаган экансан, жоним, сен ҳаёт,
Мен ҳам ҳали сенсиз олмадим нафас.

Ҳижронинг қалбимда, созинг қўлимда,
Ҳаётни куйлайман, чекинар алам.
Тунлар тушимдасан, кундуз ёдимда,
Мен ҳаёт эканман, ҳаётсан сен ҳам!


СОҒИНИБ

Шу кунларда баҳорга зорман,
Навжувонлик ўти танда йўқ.
Куз сингари заъфар рухсорман,
Мевалар ҳам шохлардан узуқ.

Шу кунларда баҳорга зорман,
Танхасталик эзади руҳим.
Танҳо эмас, қаторда борман,
Яна нени излайди суқим?

Шу кунларда баҳорга зорман,
Шаффоф, ёрқин куй тилар кўнгул.
Яхшиямки, қаламга ёрман,
Сўзлаб турар бор дилимни ул.

Шу кунларда баҳорга зорман,
Ўз баҳорим каби бемисол.
Баҳор қайтмас, ёнувчи қорман,
Ё нўноқ қўл бутаган ниҳол.

Шу кунларда баҳорга зорман…

1968